Қадимий ва навқирон ўзбек ва қирғиз тилларининг аҳамияти ошиб бормоқда
Давлат тили мақомидаги қардош тилларнинг халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти эътироф этилди.
Душанба, 21-октябрь куни Ўш давлат университетида Қирғизистонда қирғиз тили ҳамда Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлиши муносабати билан “Тил – миллатлараро маданиятнинг, дўстликнинг кўприги” мавзусида адабий -мусиқий тадбир ўтказилди. Унда маҳаллий давлат органлари, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари қатнашдилар. Тадбир давомида қирғиз ва ўзбек тилларининг давлат тили сифатидаги аҳамияти, унинг маданият ва таълимдаги роли ҳақида маърузалар қилинди.
Шунингдек, ўзбек тилини Қирғизистон ўқув юртларида жорий қилиш ва ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик бўйича масала ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзбек тилини сақлаш ва ривожлантириш учун курашиш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Тадбир Ўш давлат университети, Ўшдаги Филология ва маданиятлараро алоқа институти, Ўзбек тили ва маданияти маркази, Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – Қирғизистон ва Ўзбекистон республикалари ўртасидаги илм-фан, дўстлик, тинчлик-тотувлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, қирғиз тилини чет тиллар қаторида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаларига, ўзбек тилини эса чет тиллар қаторида Ўш давлат университети талабаларига ўргатишдан иборат бўлди.
Талабаларга икки қардош халқнинг анъаналари, урф-одатлари, маданияти ва санъати билан таништириш, талабаларга қирғиз-ўзбек тилларидаги илмий-бадиий адабиётлар, ўқув қўлланмалари билан ишлаш қобилияти шакиллантириш ҳам кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлди.
Ўш давлат университети ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Қудайберди Қожобеков, Ўзбекистон Республикасининг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Аҳмедов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Саодат Муҳаммедова, Филология ва маданиятлараро алоқалар институти ректори, педагогика фанлари номзоди, доцент Ўлжобай Шаимқулов, Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий маркази раисининг жанубий минтақа бўйича ўринбосари Одилжон Отажоновнинг ишончли вакили Дониёрбек Нурматов, Андижон давлат педагогика институти доценти Маҳбуба Темировалар икки қардош халқ дўстлиги ва асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш – энг муҳим вазифа эканлиги эътироф этдилар. Зотан, дўстлик бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади
Профессор Қудайберди Қожобеков тил байрами муносабати билан тадбир иштирокчиларини табриклади. Ректор ўз нутқида тилнинг миллатни бирлаштирувчи, миллий маданиятни сақловчи муҳим восита эканини таъкидлади. У ўзбек тилининг таълим, маданият ва ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини белгилаб, уни ривожлантириш ва кенг жорий қилиш учун ҳамкорлик ва ташаббусларни мустаҳкамлаш зарурлигини айтди. Шунингдек у тил байрами шунчаки байрам эмас, балки юртимиздаги барча халқларнинг бирлигини ва маданий қадриятларини янада мустаҳкамлаш имкони эканини алоҳида таъкидлади. Унинг таъкидлашича, миллий тил бойлиги ва улуғворликни ҳимоя қилиш, келажак авлодларга етказиш – барчанинг масъулиятидир.
Ўзбекистон бош консули Зафарбек Аҳмедов ўзбек тилининг давлат тили мақомини олгани улкан маънавий ва маданий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. “Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”, – деди бош консул. Шунингдек, Аҳмедов она тили халқнинг бой тарихини, анъаналарини ва маданиятини акс эттириши билан бирга, миллат бирлигини таъминлашда ҳам муҳим восита эканини қайд этди. У ўзбек тилининг ривожланиши учун бу ишда фаол иштирок этиш ва уни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлади. Шунингдек, Зафар Аҳмедов жамоатчилик ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда тилни ривожлантириш ва унинг ўрнини мустаҳкамлаш учун янги ташаббусларни амалга оширишга чақирди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, икки давлат олий ўқув юртларида ўзбек ва қирғиз тилларининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ўқувчиларга қардош тилларни ўқитиш режалари тузилиб, амалий натижаларга ўтилди. Жумладан, Ўш давлат университетида ўзбек тили ва адабиёти, Тошкент ва Андижондаги университетларда қирғиз тили ва адабиёти курслари ташкил қилинди.
Ўзбекистонлик меҳмонлар Ўш давлат университети қошида ташкил қилинган Ўзбек тили ва маданияти марказига ташриф буюрдилар. Марказ раҳбари, филология фанлари номзоди Оқибатхон Исмонова муҳтарам меҳмонларни марказ фаолияти билан батафсил таништирди. Меҳмонлар марказнинг ёшлар ўртасида ўтказилаётган миллий ва илмий-маърифий ишларни қўллаб-қувватлашда тутган ўрнини юқори баҳоладилар. Улар марказда ташкил этилган дарслар, ўқув қўлланмалари, илмий адабиётлар ва тадбирларнинг тил, урф-одат, анъаналар ва маданиятни сақлаш ҳамда ривожлантиришда катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар. Марказнинг икки халқнинг маданий мулоқоти ва анъаналарини кенг ёйишдаги ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда сўзга чиққан иштирокчилар бу каби марказларнинг ёшлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш ва миллатлараро алоқаларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши ҳақида гапирдилар. Улар ўзаро тил ва маданият ўрганишнинг нафақат илм-фан, балки инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим эканини таъкидлаб ўтдилар. Ташриф давомида марказ ходимлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Тадбирни Ўш давлат университети раҳбарияти ҳамда шахсан филология фанлари номзоди Оқибатхон Исмоновалар ташкил этишди.
Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.
Расмлар муаллифники