Қирғизистон ўзбекистон сайёҳларининг энг севимли маскани экани маълум бўлди
Ўзбекистон Статистика агентлиги эълон қилган маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ-сентябр ойларида 4,5 млн. нафар ўзбекистонлик сайру-саёҳат мақсадида чет элларга борган. Уларнинг асосий кўпчилиги қўшни давлатларга тўғри келади.
Ўтиб бораётган йилнинг январ-сентябр ойлари давомида ўзбекистонлик фуқаролар энг кўп ташриф буюрган давлат Қирғизистон бўлиб, уларнинг сони 2,1 миллион кишини ташкил қилган. Уларни Қирғизистоннинг Ўш, Арслонбоб каби соя-салқин жойлари ҳамда Қорасув ва Бишкек шаҳарларидаги йирик, нисбатан арзон бозорлари ўзига тортади.
Иккинчи ўринда Тожикистон бўлиб, бу давлатга 895,1 минг нафар ўзбекистонлик саёҳатга борган. Қозоғистон ҳам энг кўп бориладиган давлатлардан бири бўлиб, кўрсатилган даврда бу мамлакатга салкам 720 минг нафар ўзбекистонлик борган.
Турли маълумотларга кўра, юқорида тилга олинган уч давлатнинг ҳар бирида ўрта ҳисобда 1 миллиондан ортиқ этник ўзбеклар яшайди. Айнан шу омил бу қадар фаол борди-келдиларнинг асосий сабаби ҳисобланади.
Ўзбекистонга қўшни яна бир давлат – Туркманистон ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Бугунги кунда ҳам ушбу давлат минтақанинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлиб қолмоқда. Туркманистонда ҳам 500 мингдан ортиқ ўзбек яшайди, лекин расмий маълумотларда уларнинг сони камайтириб кўрсатилади. Ўзбекларнинг ҳуқуқлари кўпроқ камситилаётган давлат ҳам ҳозирча Туркманистон бўлиб турибди.
Ўзбекистонликлар энг кўп борган давлатлар қаторидан Россия (222,9 минг нафар), Туркия (180,9 минг ), Саудия Арабистони (121,9 минг), Бирлашган Араб Амирликлари (90,3 минг), Миср (32,1 минг), Қувайт (20 минг) ва Жанубий Корея (17,5 минг) жой олган. Бошқа турли мамлакатларга жами 128,2 минг нафар ўзбекистонлик ташриф буюрган. Бу қатордаги давлатларга одамлар асосан ишлагани, Ҳаж ва Умра сафарларига ва бир қисми сайёҳ сифатида дам олгани боришади.
Ўтган йилнинг дастлабки тўққиз ойи билан солиштирилганда шу йилнинг мос даврида 1,2 млн. нафар ўзбекистонлик кўпроқ саёҳат қилган. Бу саёҳатчилар сони бу йил 35,8 фоизга ошганини билдиради. Ўз навбатида Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан ҳам Ўзбекистонга юз минглаб, миллионлаб одамлар саёҳатга бориб турадилар. Сайёҳларнинг қулайлиги учун бугунги кунда давлатлар ўртасида муҳташам автобуслардан тортиб, поезд ва самолёт қатновлари ҳам йўлга қўйилган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди