Яна исёнчи: Қирғизистонда милиция полковниги ҳокимиятни босиб олишда айбланмоқда

У авваллари уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ва Гиёҳванд моддалар назорати давлат хизматини бошқарган.

Қирғизистонда Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш давлат хизматининг собиқ раҳбари, истеъфодаги милиция полковниги Рафиқ Мамбеталиев ҳокимиятни босиб олишга уринишда айбланиб, қамоққа олинган. Ўтган ҳафта ҳибсга олинган собиқ тартиб посбони ҳақидаги бу маълумот энди эълон қилинди. Бу ҳақда хабар берган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) унга нисбатан жиноят ишини қўзғаб, суд ҳукми билан 21 октябрга қадар уй қамоғига олинган.

Жорий йил бошида 48 ёшини қаршилаган Мамбеталиевнинг иши бўйича ҳозирча расмий очиқланган маълумотлар шулар. Унинг адвокатлари ҳам жиноят иши бўйича ҳеч қандай қўшимча маълумот беришмаган.
Рафиқ Мамбеталиев 15 йилдан кўпроқ давр мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, унинг ичида 10 йилча раҳбар лавозимларда ишлаган. Жумладан, 2013-2014 йилларда Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчилик билан кураш бош бошқармасида ўринбосар, сўнг раҳбар бўлиб, 2015 йилда эса Ички ишлар вазирлигининг 10-бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.

Президент Асқар Ақаев даврида, 2003 йили “Эрдик” (Жасорат) медали билан тақдирланган. Оилали, тўрт фарзанди бор.

Сўнгги йилларда мамлакатда давлат ҳокимиятини босиб олишга тайёргарлик кўриш ёки уриниш деган айблов билан қамоққа олиш фактлари тез-тез учрай бошлади. Айбланувчилар ичида таниқли сиёсатчилардан тортиб, оддий фуқаролик фаоллари ҳам бор. Бундай ишларнинг энг катта шов-шувга сабаб бўлгани “Кампиробод иши” ҳисобланади.

Совет даврида Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон томонидан қурилган Кампиробод сув омбори атрофидаги ерлар ўзаро келишувга кўра Ўзбекистонга берилгач, бунга норозилик билдирган 27 нафар фаоллар, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари 2022 йилнинг октябрда қўлга олинган. Уларнинг ҳаммасига “оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш” моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Айримлари эса “ҳокимиятни куч билан босиб олиш”га тайёргарлик кўришда ҳам айбланган.

Улар орасида таниқли сиёсатчилардан Равшан Жээнбеков, Азимбек Бекназаров, Жениш Мўлдўқматовлар ҳамда фаоллардан Айданбек Ақматов, Марат Баязов, Айбек Бузурманқулов, Илгиз Шаменов ва Темир Махмудов тергов ҳибсонасида қолдирилиб, қолганлари уй қамоғига чиқарилган. Айбланувчилар орасида аёллар ҳам бор. Айбланувчилар барча айбловларни рад этиб, жиноят ишини сиёсий таъқиб деб аташмоқда.

Салкам саккиз ой давом этган иш, 2023 йил июнда Бишкек шаҳрининг Биринчи май тумани судига ўтказилди. Ёпиқ тартибда ўтказилган суд жараёни натижасида 14 июнь куни айбланувчиларнинг барчаси озод қилинган. Кутилмаган бу қарорга прокуратура органлари томонидан шикоят келтирилиб, энди иш Бишкек шаҳар судида қаралиши керак.

Мустақил Қирғизистон тарихида уч марта давлат ҳокимияти куч билан алмашган. 2005 йилнинг мартида тўнғич президент инқилоб даражасига етган катта қаршилик намойишларидан кейин давлатни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган бўлса, унинг шогирди, сўнгида Ақаевга қарши курашда иштирок этиб, президентлик лавозимига кўтарилган Қурманбек Бакиев 2010 йилнинг апрелида Ақаевнинг қисматини такрорлади. Ҳозир Ақаев Москвада, Бакиев Минск шаҳрида яшаб келишмоқда.

Учинчи давлат тўнтариши нисбатан тинч йўл билан 2020 йилнинг октябрида амалга ошди. Ўшанда эндигина 3 йил президентлик қилган Сўўрўнбай Жээнбеков ўз ихтиёри билан лавозимидан воз кечиб, ҳозирда собиқ президент мақомида Бишкекда, давлат раҳбари қароргоҳида яшаб келмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг