“Инқилоб бульдозери” аталган Азимбек Бекназаров жавоб берадиган давр келдими?

Мустақил Қирғизистон тарихидаги энг мураккаб шахс миллионлаб долларни талон-тарон қилишда айбланмоқда.

Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаровга янги айбловлар қўйилди. Унга кўра, 2010 йилнинг апрелида президент Қурманбек Бакиевнинг мамлакатдан қочиши билан якунланган воқеалардан кейин, Бакиевларга тегишли дейилган банк ячейкалари ва Ҳукумат уйидан ўзбошимчалик билан олиб қўйилган миллионлаб долларлаган пулни талон-торож қилишда айбланмоқда. Ўз пайтида катта шов-шувларга сабаб бўлганига қарамай, бу иш ҳамон ёпиқлигича қолиб келаётган эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Бакиев ҳокимияти қулагандан кейин тузилган муваққат ҳукуматда куч органлари ва суд тизими куратори қилиб тайинланган Азимбек Бекназаров жиноий даромадларни легаллаштиришда гумонланмоқда. Ўшанда банк ячейкаларидан турли маълумотларга кўра 21 миллион АҚШ доллари олиб қўйилган ва уларнинг қаёққа кетгани тайинсизлигича қолган. Бу маблағ бўйича Муваққат ҳукумат раҳбари Рўза Ўтунбаева номига жўнатилган ҳисобот бериш талаблари жавобсиз қолиб кетган.

«2010 йил апрель воқеаларида банк ячейкалари ва Ҳукумат уйидан олиб қўйилган пул маблағларини талон-торож қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилди. Терговда муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаровнинг мазкур ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб қўйилган катта миқдордаги пулларни ўзлаштиришда иштироки аниқланган,» – дейилади хабарда.

Махсус хизмат аниқлаган маълумотга кўра, Бекназаров ўғирланган пулларни Иссиқкўл, Бишкек, Чуй ва Жалолобод вилоятларида қимматбаҳо кўчмас мулк объектларини сотиб олиш ва уларни сохта шахсларга расмийлаштириш орқали легаллаштирган. Ана шу айблов билан жорий йилнинг 12 сентябрида Азимбек Бекназаров МХДҚ Тергов ҳибсхонасига олиб келинган. Кейинроқ суд уни тергов тугагунига қадар, яъни 2 ноябргача ҳибсда қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Бакиевлар ўғирлаб тўплаган деб ҳисобланган бу пуллардан 1 миллион доллари Жалолободда вазиятни барқарорлаштириш бўйича тадбирларга сарфлангани айтилган, бироқ бу ҳақда далиллар, қанча пул нимага сарфлангани ҳақида ҳисобот йўқ. Ўшанда Бекназаров билан собиқ бош вазир Темир Сариев ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати интернетга чиқиб кетган. Икки суҳбатдошнинг гапларига кўра ўртада 1 миллион долларни “бир ёқлик” қилиш ҳақида гап борган.

Кейинроқ бу масала яна кўтарилгач, ўша пайтдаги бош прокурор Қубатбек Байболов бу факт бўйича жиноий иш қўзғатилгани, лекин унинг охирига етказилмаганини айтган.

“Бу жиноий иш мамлакат раҳбариятига ёқмади, – деган эди ўшанда Байболов. – Пулларни кўринган одамга бераверишган. Молиячилар пулнинг бундай тақсимланмаслигини айтишади. Пулларнинг катта қисми одамларнинг чўнтакларида қолиб кетган ва партияларнинг сайлов кампанияларига йўналтирилган”.

Азимбек Бекназаров «Кампиробод иши» бўйича ҳам жавобгар сифатида ўтмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилишда Кампиробод сув омбори бўйича қабул қилинган қарорга қарши қўмита тузилган ва бу уюшма аъзолари давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишган. Бу ҳаракатларнинг раҳнамоларидан бири Бекназаров бўлган.

Бу иш бўйича «оммавий тартибсизликларга чақирув ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Анчага чўзилган суд жараёнидан сўнг кутилмаганда, жорий йилнинг июнь ойида айбланаётган 22 нафар сиёсатчи ва фаолни суд оқлаб юборган. Прокуратура бу қарорга қарши даъво аризаси билан шаҳар судига мурожаат қилган ва бу иш ҳали ўз якунини топганича йўқ.

Азимбек Бекназаров собиқ терговчи, собиқ парламент депутати. Қурманбек Бакиев даврида маълум муддат бош прокурор бўлиб турган. 2003 йили у Узонгу-Қууш чўққисининг чегарани аниқлаш жараёнида Хитойга бериб юборилиши бўйича норозилик акцияларини ўтказиб, қамоққа олинган. Унинг тарафдорлари депутатларини озод қилиш талаби билан намойишга чиқишганда милиция ходимлари ўқ отиб, бир неча киши ҳалок бўлган.

Бу талашиб-тортишишлар охири катта исёнга айланиб, 2005 йилнинг мартида Асқар Ақаевнинг мамлакатдан қочиб кетиши билан якун топган. Шундан кейин “Инқилоб бульдозери” лақабини олган Бекназаровнинг сиёсий салмоғи ортиб, катта лавозимларни эгаллаган. Бироқ бора-бора унинг тутуриқсиз чиқишлари, юқоридагига ўхшаш ноқонуний ишлари туфайли обрўси тушиб кетган.

Азимбек Бекназаров ва унинг ўғли Русланга 2010 йилнинг июнидаги қонли воқеалар бўйича ҳам ҳам саволлар бор. Жумладан, Бекназаровнинг ўзи телевидение орқали чиқишларидан бирида июнь фожиаси кунларида ўғли Русланга Новкент тумани ИИБдан автоматлар олиб берганини айтган. Чунончи Бекназаров Муваққат ҳукумат аъзоси бўлса ҳам, Ички ишлар вазирининг рухсатисиз ички ишлар бўлимидан қурол олиб беришга ҳаққи йўқ эди. Ўша автоматлар ва патронларни Руслан қанчасини, қаерда ва кимларга қарши ишлатгани ҳақида маълумот йўқ.

Насиб қилса, бу саволларга жавоб берадиган кунларга ҳам гувоҳ бўлармиз…

Оқбура, Бишкек.

Расм ва видео интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг