Қирғизистон: Мактабда она тилида таълим олиш муаммоси ечимини кутмоқда
Рус тилидаги мактабларга талаб ортишига она тилидаги дарсликлар ва ўқитувчи етишмаслиги сабаб бўляпти.
Жалолобод шаҳридаги мактабларда русийзабон синфлар қисқарди. Шу кунгача ота-оналарнинг илтимосига кўра, қирғиз тилида ўқитиладиган синфларга қўшимча рус тилида таълим берувчи синфлар сони кўпайиб бораётган эди.
Жорий йилдан тегишли меъёрларга мувофиқ, ўқувчилар қирғиз тилида таҳсил берилувчи мактабларга фақат иккитадан рус синфларига қабул қилингани маълум қилинди.
Шаҳардаги С. Давлетов номли мактаб раҳбари Дамира Қасимбекованинг таъкидлашича, авваллари мактабда 4 тадан рус тилида ўқитилувчи синфлар очилган бўлса, бу йил иккитагина очилган.
“Бу мактаб тарихида 7-8тадан рус синфлари очилган. Биз йилдан йилга шу нарсани озайтириб боряпмиз. Бунга сабаб нафақат ўқитувчиларнинг етишмаслиги, балки авваллари қишлоқ ҳудудларида мактаблар етишмаслиги, бўлганларида ҳам шароит йўқлиги сабабли, ота-оналар фарзандларини шаҳар мактабларига олиб келишарди. Энди эса, қишлоқларнинг ўзида замонавий мактаблар қурилиб, ўқувчилар сони анча қисқарди”, – деди Дамира Қасимбекова.
Жалолобод шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Ирисбек Қалчаевнинг маълумотига кўра, бундай қарор Таълим ва фан вазирлигида қабул қилиниб, ижрочи органлар томонидан амалга оширилмоқда. Ҳозирда қирғиз, ўзбек ҳамда рус тилидаги мактаблар фаолияти махсус қабул қилинган низом асосига олиб келинмоқда.
“Жорий ўқув йилида ҳар бир мактабда иккитадан рус, 3тадан қирғиз тилида таълим берувчи синфларни очишга рухсат бердик. Шунингдек ўзбек тилида ўқитилувчи мактабларда 2тадан ўзбекзабон ва русийзабон синфларни очишга рухсат бердик”, – дейди Ирисбек Қалчаев.
Унинг таъкидлашича, бора-бора ўзбек тилли ҳамда қирғиз тилли мактабларда русийзабон синфлар қисқартириб борилади. Ушбу ўқув масканлари аралаш тилли мактабларга айлантирилиб борилади.
Таълим ва фан вазирлигининг “Ўқувчилар сони кам бўлган умум таълим ташкилотларини оптималлаштириш тўғрисида”ги буйруғига биноан мамлакатда 53 та мактаб бири бирига қўшилади. Туман ва шаҳар таълим бўлимлари раҳбарлари, президентнинг вилоятлардаги вакиллари, маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда 2024-йилнинг 1-ноябрига қадар ўқувчилар сони кам бўлган умумтаълим ташкилотларни оптималлаштириш ишини якунлаши зарур.
Жалолобод шаҳар таълим бошқармаси бош мутахассиси Айнура Мадановага кўра, ота-оналар орасида фарзандларини рус тилли мактабларда ўқитишни хоҳловчилар кўп. Улар орасида атайлаб рус синфлари учун деб, қишлоқдан шаҳарга болаларини ташиганлар бор. Бугунги кунда рус тилига бўлган талаб туфайли мактабларда қирғиз, ўзбек тилли синфлар тўлмай қолмоқда.
Жалолобод давлат университетининг давлат тили бўлими бошлиғи Қубаничбек Қалчакевнинг сўзларига кўра, инсон ўз она тилини яхши билмай туриб, бошқа тилларни яхши ўзлаштира олмайди.
“4-синфгача ўз она тилида ўқиган болаларда Ватанга муҳаббат тўғри шаклланади. Бошқа тилда ўқиган бола билан ўз она тилида ўқиган боланинг фикрлаш қобилиятида ҳам фарқ бўлади”, – дейди ўқитувчи
Жалолобод шаҳрида 21та ўрта мактаб бўлиб, унинг 9таси фақат қирғиз тилида, 2таси фақат рус тилида, қолган 12таси қирғиз, ўзбек, рус тилларида таълим беради. Бундан ташқари шаҳардаги 11 ҳусусий мактабда ҳам рус тилида сабоқ берилади.
Ўш шаҳридаги мактабларда эса синфлар ота-оналарнинг талабларига кўра очилади. Баъзи бир мактаблар аралаш тилли мактаблар бўлиб, унда ўзбек, қирғиз, рус тилларида ўқитилувчи синфлар очилган. Бу ҳақда Ўш шаҳар таълим бошқармасининг раҳбари вазифасини бажарувчи Абдуқалиқ Ақжўлов билдирди.
“Бу йилги ўқув йилида ҳам рус тилли синфларга талаб кўп бўлгани боис русийзабон синфлар очилди. Ҳеч қандай фавқулодда ўзгартириш киритилмади”, – деди Ақжолов.
Ўш шаҳрида битта ўзбек тилида ўқитилувчи билим маскани бўлиб, у 9 йиллик мактаб. Бундан ташқари баъзи мактабларда бир ёки иккитадан ўзбекзабон синфлар очилган. У ҳам дарсликлар етишмовчилиги туфайли, баъзи фанларни қирғиз тилидаги дарсликлар билан ўтади.
Ўш шаҳридаги ўзбек тилидаги дарсликлар тайёрлаш марказининг муҳаррири Саидакбар Маҳсумхоновнинг сўзларига кўра, ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар учун дарсликлар охирги марта 2018 йилда чиқарилган. Шундан буён бошланғич синфлар учун таржима қилиб тайёрлаб берилган китобларни Таълим ва фан вазирлиги маблағ масаласи боис чоп эттирмаяпти.
“Ўтган йили 7-8 синфлар учун Динларнинг ривожланиш тарихи, инсон ва жамият, информатика, кимё ва физика фани бўйича дарсликларни тайёрлаб берган эдик. Шулар чоп этилди. Биринчи синфлар учун Алифбе китобини вазирликка юборганмиз. Ҳозирда экпертизада дейишди. Қолган китоблар маблағ [тақчиллиги] баҳонаси билан чоп этилмаяпти. Ўзим ҳам набираларимга баъзи бир фанлардан қирғиз тилидаги дарсликларни олиб бердим. Илож қанча, китоб оз. Ўзбек тилида ўқитилувчи синфларга эътибор қаратилмас экан, ҳар бир ота-она фарзандини яхши шароитда ўқитиш учун шароити яхши синфларга берадида”, – дейди Махсумхонов.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди