Тарихда илк бор: Ўзбекистон футзал бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилмоқда
Мусобақалар Тошкент, Бухоро ва Андижон шаҳарларининг стадионларида бўлиб ўтади.
Эртага, 14 сентябрда Ўзбекистонда FIFAнинг футзал бўйича жаҳон чемпионатига старт берилади. Чемпионат 6 октябргача давом этиб, финал ўйинлари мамлакат пойтахти Тошкентда ўтказилади. Олти гуруҳга 4 командадан бўлинган ҳолда саралаш ўйинлари Тошкент, Бухоро ва Андижон шаҳарларининг стадионларида ўтказилади.
Мана шу мусобақалар диорасида куни-кеча жаҳон чемпионатининг иштирокчиларидан Янги Зеландия ҳамда Испания терма жамоалари вакиллари Андижонга етиб келишди. Меҳмонлар ўзбекона ҳурмат ва иззат билан “Премиер” ва “Боғишамол” меҳмонхоналари ҳудудида тантанали кутиб олинди. Уларга ўзбекча дўппилар кийдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Андижон мусобақанинг асосий мезбон шаҳарларидан бири бўлиб, бу ерда спортчилар учун ва мухлислар учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Андижонда ўтадиган ўйинлар жадвали қуйидагича:
15 сентябрь: Испания – Қозоғистон, Янги Зеландия – Ливия;
18 сентябрь: Аргентина – Афғонистон, Испания – Янги Зеландия, Ливия – Қозоғистон;
21 сентябрь: Украина – Афғонистон, Ливия – Испания.
Мусобақа мезбони бўлган Ўзбекистон терма жамоаси «А» гуруҳида Нидерландия, Парагвай ва Коста-Рика каби кучли давлатлар терма жамоалари билан беллашади. Учрашувлар жадвали қуйидагича:
14 сентябрь: Ўзбекистон – Нидерландия
17 сентябрь: Ўзбекистон – Парагвай
20 сентябрь: Коста Рика – Ўзбекистон
Чемпионатда 24 давлат терма жамоалари иштирок этишади. Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон ва Тожикистон футбол жамоалари ҳам бор. Қирғизистон терма жамоаси 2024 йилнинг апрелида Афғонистон футболчилари билан бўлган ҳал қилувчи ўйинда ўз майдонларида 5:3 ҳисобида ютқазиб қўйиб, жаҳон биринчилигида учрашиш имкониятидан маҳрум бўлган эди.
Қирғизистон бунгача Жаҳон чемипионатларида қатнашган эмас, Афғонистон ўйинчилари эса бу йил биринчи бор жаҳон биринчилигида иштирок этишяпти.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди