Дин эркинлиги: Қирғизистонда даъват ва ниқобни таъқиқлашмоқчи

Дин ишлари бўйича давлат комиссияси диний соҳадаги қонунга ўзгартиришлар таклиф қилмоқда.

Қирғизистонда “Диний эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун узоқ йиллар давомида биринчи марта жиддий ўзгартирилмоқда. Дин ишлари бўйича давлат комиссияси томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қонуннинг янги таҳририда бир қатор чеклов ва тақиқлар мавжуд. Хусусан, сайловда депутатликка номзод сифатида дин ниқобида қатнашиш, аёллар кўчада юзига ниқоб тортиб юриши ва уйма-уй юриб динга даъват қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, яна бешта тегишли қонунга тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш режаланмоқда. Унда турли атамалардан бошлаб, барча диний урф-одатларни қонунга мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.

Дин комиссияси томонидан эълон қилинган янги қонун лойиҳасида назарда тутилган чеклов ва тақиқлар дарҳол жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига тушди.

“Давлат диний вазиятни назорат қилиш баҳонасида мусулмонларга босимни кучайтиради. Яқинда Туркманистон бўламиз. Ундан ҳам ўтиб кетсак керак”, дея хавотир билдиради ўшлик Нодир исмли интернет фойдаланувчиси.

Аслида гап нима ҳақида кетяпти?

Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, Қирғизистон Дин комиссияси вакили таклиф қиланаётган қонун лойиҳаси давлатдаги диний вазиятни яхшилаш учун ишлаб чиқилганини айтди. Маълум бўлишича, тақиқлов ҳижоб ёки рўмол эмас, юзга тортиладиган қора ниқоб ҳақида бормоқда.

Диншунос таҳлилчи Қадир Маликов, Қирғизистонда аёлларга ниқоб кийишни тақиқловчи қонун бўйича фикр билдираркан, бу борада мусулмон уламолари кенгашининг алоҳида қарори борлигини айтади.

«Гап бутун юзни ёпадиган ниқоб ҳақида кетаяпти. Бу борада Уламолар кенгашининг алоҳида қарори бор, унда бу бизнинг одатимиз эмас ва мусулмонлар учун фарз бўлиб ҳисобланмайди дейилган», дейди таҳлилчи.

Яна бир муҳим таклиф, дин уламолари, хизматчиларининг сайлов ва сиёсат ишларида иштирок этишига йўл қўймасликдир. Бу дин ниқоби остида сиёсий манфаатларни кўзлаётган шахсларни жиловлаш мақсадида қилинмоқда. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда диний мавзуларда эркин тарғибот олиб бораётган дин арбобларининг фаолияти ҳам тартибга солинади.

“Қонунда фуқаролар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда диний тарғибот олиб бораётган бўлса, ушбу қонуннинг 16-моддасига мувофиқ рўйхатга олиниши кераклиги кўрсатилган. Улар қайсидир диний ташкилот номидан рўйхатга олинади”, – деди Дин комиссияси вакили Қанат Мидин уулу.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда диний соҳани тартибга солувчи қонун 2008 йилда қабул қилинган ва ўшандан буён деярли ўзгармаган.

“Ундан кейин жамиятда кўплаб ўзгаришлар бўлиб, уларнинг қоидалари қонунда кўзда тутилмаганлиги сабабли, диний сиёсатни самарали олиб борилишига тўсқинлик қилмоқда”, – дейди Қанат Мидин уулу.

Масалан, фуқароларнинг хориждан диний адабиётларни давлат ҳудудига олиб кириши ва диний фанларни экспертизадан ўтказиш тартиби белгиланмаган. Шунингдек, диний иншоотлар қуриш, диний таълим масалалари ҳам яхши кўриб чиқилмаган. Ҳорижга диний таълим олиш учун кетаётган фуқаролар бўйича ҳам алоҳида хавотирлар мавжуд.

Шунингдек, турли диний гуруҳ аъзолари назоратсиз уйма-уй юриб, ноанъанавий диний қадриятларга даъват қилиши, қирғиз маданиятига тўғри келмайдиган кийимларни тарғиб қилишини ҳам тўхтатишга чақириқлар бўлмоқда.

Бундан ташқари, турли хил хорижий миссиялар, миссионерлар, диний хайрия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Янги қоидаларга амал қилмаган жисмоний шахслар 20 минг қирғиз сўми (235 АҚШ доллари), юридик шахслар эса 60-65 минг қирғиз сўми миқдорида жаримага тортилиши кўзда тутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Қирғизистонда 4144 диний ташкилот рўйхатга олинган. Улардан 3743 таси исломий ташкилотлардир. Шуни айтиш керакки, рўйхатга олиш пайтида ҳар бир масжид алоҳида диний ташкилот сифатида қабул қилинади.

Мамлакатда рўйхатга олинган масжидлар сони 3436тани ташкил этади. Шунингдек, 51 диний хайрия ташкилотлари, 14 диний мактаб ва 162 мадраса рўйхатга олинган.

Ҳижоб ва даъват таъқиқланмайди

Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Aбдулазиз Закиров Дин ишлари бўйича давлат комиссияси томонидан “Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги қонунга киритиш таклиф этилган қоидаларни изоҳларкан, улар мусулмонларга зарар етказмаслиги ҳақида фикр билдирди.

Закиров мазкур лойиҳани дин уламолари ва ҳуқуқшунослар билан муҳокама қилишаётгани, бундан ташқари Қирғизистон мусулмонлари Уламолар кенгашида комиссия тузилгани, ҳуқуқ соҳасида ҳам ишлар олиб борилаётганини айтди.

“Aйрим фуқаролар қонун лойиҳасини тўлиқ ўқимагани учун интернетда ҳижоб ва даъват тақиқланади, дея нотўғри фикрларни ёзишмоқда. Қонун лойиҳасининг моҳиятига кўра, ҳижобга, тўғрироғи, рўмолга тақиқ йўқ. Aвваллари аёллар жамоат жойларида ҳижоб ва рўмол ўрашган бўлса, энди ҳам шундай қилишлари мумкин. Чунки бу мамлакатимизда аёлларнинг Конституциявий ҳуқуқидир. Ушбу лойиҳа мактаб, шифохона ва жамоат жойларида рўмол ўрашни тақиқлашни назарда тутмайди, дейишга асос бор”, – дейди у.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси томонидан таклиф этилган “Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтгач, унинг келишилган варианти ишлаб чиқилиб, парламентга тақдим этилади.

Бундай қарор 5-сентябрь куни президент Садир Жапаров раҳбарлигида, Давлат котиби Суюнбек Қасмамбетов, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов, Бош прокурор, Ички ишлар вазири ўринбосари, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси иштирокида ўтган йиғилишда қабул қилинди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати, президент қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг барча қатламлари манфаатларини инобатга олиш зарурлигини таъкидлаб, дин соҳасидаги таниқли олимларни ўз таклифларини беришга даъват этганини маълум қилди.

Давлат динга аралашмайди

Қирғизистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи мусулмонлар ҳисобланади. Қолган 20 фоизи насроний, яҳудий, бошқа дин вакиллари ва атеистлардан иборат. Давлат Конституцияси фуқароларга диний эркинликни кафолатлайди.

Диннинг ижтимоий ҳаётга таъсири тобора кучайиб бормоқда. Шу боис ҳам, давлат фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ўз ролини кучайтиришни кўзламоқда.

Хавфсизлик бўйича таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиевнинг айтишича, “Дин эркинлиги тўғрисида”ги қонун эскирган, ўн йил аввал янги қонун лойиҳаси тайёрланган, аммо ҳукумат тайсалга солиб, уни қабул қилмай келган.

Унинг фикрича, қонун лойиҳасидаги тартиб ва чекловларни айрим одамлар, давлатни диний ишларга ҳаддан ташқари аралашуви сифатида танқид қилишмоқда.

“Аксинча, давлатни динга аралашмаётгани нотўғри сиёсат. Давлат диний ишларни тартибга солиб туриши керак. Бу унинг вазифаси. Сабаби, дин ниқоби остидаги ташкилотлар кўп. “Ислом давлати» дегани чиқди. Россиядаги Крокус-Ситида терактни амалга оширишди. Улар диндор одамларми? Улар террористлар”, дейди таҳлилчи.

Дин пешволари ягона Қирғизистонда эркин юритиладиган исломий даъватнинг мамлакат халқининг ҳаётига катта ижобий таъсир ўтказаётганини эътироф этишади. Жумладан, даъват туфайли мамлакатда спиртли ичимликлар ичиш кескин камайган. Бу оилалардаги маънавий муҳит билан бирга болаларнинг ҳам жисмоний, ҳам ақлий саломатчилигига жуда ижобий таъсир қилмоқда.

Шоҳрух Соипов, Оқбура.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг