Рекорд бўлди анжанчасига: 7 ўринли Damas машинасида 32 нафар болани ташишган
Бунгача турли вилоятларда ушбу машинада ўттизга яқин бола ташилган ҳолатлар қайд этилган эди.
Бирданига 32 болани бир машинага ўтқазиб кўчада ҳаракатланиш бўйича ҳолат Андижон туманида қайд этилди. Етти ўринли Damas автомашинаси ҳайдовчиси шунча болани ўз машинасига босиб олиб, боғчага олиб кетаётган пайтида тўхтатилган. Расмий маълумотларга кўра ҳайдовчига бу қоидабузарлиги учун бўлгани 187,5 минг сўм (салкам 15 АҚШ долларига тенг) жарима солинган.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан (ЙҲХБ) «Газетa.uz» нашрига маълум қилишларича, воқеа 4 сентябрь куни туманнинг Каттагузар маҳалласида юз берган. Ҳайдовчи болаларни тўплаб, 3 км наридаги хусусий боғчага олиб кетаётгани маълум бўлган. Машинанинг олдинги ойнасида «Болалар» деган ёзуви бўлган.
Жаримадан ташқари бу ҳолатни қайта содир этмаслиги учун профилактик тушунтириш ишлари олиб борилгач, ҳайдовчи қўйиб юборилган. Ҳатто автомобиль жарима майдонига ҳам олиб борилмаган.
Ачинарлиси, бирданига ўнлаб норасиданинг умрини таҳлика остига қўйган бундай ҳолат биринчиси эмас. Ўзбекистонда ёш болаларгина эмас, катталарни ҳам машиналарда, кўп ҳолларда Damas машинасида белгиланганидан ортиқ миқдорда ташиш ҳоллари кузатилиб туради.
Ўзбекистон нашрлари авваллари Бухорода ҳайдовчи тўрт кишилик “Spark” русумли машинада 25 нафар болани, Наманганда эса яна ўша “Damas” автомобилида 25 нафар боғча боласи, Фарғонада 28 болани, Самарқандда 18 нафар катталар ва болалардан иборат йўловчиларни, Сурхондарё ва қашқадарёда эса 25 нафардан болани олиб кетаётган пайтида тўхтатилган.
Афтидан ушбу қоидабузарлик мамлакатда доимий кўринишга эга. Шу сабабли унинг учун жарима миқдорини кескин ошириш масаласи аллақачон пишиб етилган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди