Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Қирғизистон халқ артисти бўлди

Бунгача ушбу ном таниқли хонанда, “Ялла” ансамбли асосчиси ва раҳбари Фаррух Зокировга берилган эди.

Миллионлаб қўшиқ мухлисларининг севимли ижодкори, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековга “Қирғизистон Республикаси халқ артисти” унвони берилди. Тегишли фармонни имзолагани ҳақида Қирғизистон президенти маъмурияти бугун, 5-сентябрда билдирди.

Хабарда ёзилишича, президент Садир Жапаровнинг фармони билан маданият ва санъат соҳасидаги Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон республикалари ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековга “Қирғизистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилди.

Шунингдек Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон Миллий мусиқа санъати институтида “Мақом анъанавий ижрочилиги” кафедрасининг катта ўқитувчиси Нуриддин қизи Фарангиз Маҳмудовага “Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони берилди.

Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Тўқтағул Сатилғанов номидаги Қирғизистон миллий филармониясининг эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри Омурбаев Нур Санташевичга «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» унвони берилди. Ўзбекистон Республикаси президентининг яна бир фармонига мувофиқ Қирғизистондаги эркин ижодкор, қўмиз созандаси Дуйшенбек уулу Закирбек «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Қирғизистон халқ артисти унвони ўзбекистонлик санъаткорлардан таниқли хонанда, “Ялла” ансамбли асосчиси ва раҳбари Фаррух Зокировга 1995 йили берилган эди. Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров бундан ташқари яна 7 республикада Халқ артисти унвонига сазовор бўлган.

Сўнгги вақтларда Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Икки қардош халқлар дўстлиги йўлида кўплаб ўзаро тадбирлар уюштирилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг