Дунёнинг ишлари: Салимбойвачча билан расмга тушганлар энди аттанг қилишяпти

Қирғизистонда машҳур Салимбой Абдувалиев билан алоқада бўлганлар бирма-бир сўроқ қилиняпти.

Қирғизистонлик машҳур боксчи, етти карра жаҳон чемпиони бўлган Орзубек Назаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига чақирилиб, сўроқ қилинди. Махсус хизмат расмий хабарига кўра, 30 август куни ўзининг 58 ёшини нишонлаган машҳур спортчи “Салимбойвачча” лақаби билан машҳур бўлган тошкентлик ишбилармон билан алоқада бўлганликда гумон қилиниб, қўлга олинган.

Спортчи билан қисқа суҳбат ўтказилгач тарқатилган видеотасвирда Назаров Салимбойвачча билан муомаласи йўқлигини, бўлгани 2023 йили Тошкентда ўтган спорт мусобақаларига борганда Салимбойвачча жаҳон чемпионларини уйига таклиф қилгани учун у ерга борганини айтган. Орзубек Назаров унгача, кейин ҳам Салимбойвачча билан алоқаси бўлмаганини, бугунги кунда давлат раҳбарияти олиб бораётган уюшган жиноятга қарши курашни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Орзубек Назаров 1966 йилнинг 30 августида Қирғизистоннинг Бишкек яқинидаги Қант шаҳрида туғилган. Ўзбек миллатига мансуб. Совет даврининг машҳур спортчиларидан бўлиб, бокс бўйича 3 марта СССР чемпиони, бир марта Европа чемпиони бўлган. Кейин профессионал боксда етти марта чемпионлик шохсупасига кўтарилган.

Маълумки, жиноят дунёсининг жаҳон миқёсида ҳам энг таниқли кишиларидан бири саналган, “Салимбойвачча” лақаби билан танилган 74 ёшли тошкентлик ишбилармон ва кинопродюсер Салимбой Абдувалиев жорий йилнинг мартида ноқонуний қурол сотиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Қирғизистондаги қатор шахслар билан алоқаси ва унинг бу ердаги жиноий ишларга ҳам даҳли бор экани ҳақида айтилиб, Салимбой Абдувалиев қидирувга берилган. У билан алоқада бўлган қирғизистонликлар орасида собиқ депутатлар ва бошқа таниқли амалдор, ишбилармон ва спортчилар борлиги маълум бўлди.

Жумладан, сал аввалроқ Сузоқ қишлоқ кенгашининг собиқ депутати, 1984 йилда туғилган У.Ш., ҳам Салимбой Абдувалиев билан алоқаси бўлгани туфайли Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига чақирилиб, профилактик суҳбатдан ўтган. Собиқ депутат ўзига уюшган жиноий гуруҳ мафкурасидан воз кечиш мажбуриятини олган.

Маълум бўлишича, ушбу фуқаро 2023 йилнинг декабрида собиқ депутат ер участкалари билан боғлиқ фирибгарликларга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатларни йўқ қилиш мақсадида Сузоқ қишлоқ ҳукумати биносига ўт қўйишда айбдор деб топилиб, 100 минг сўм жаримага тортилган. Тергов давомида у 6 млн. сўм миқдорида зарарни қоплаган ва маблағ ёниб кетган қишлоқ ҳукумати биносини таъмирлашга ишлатилган.

Бир неча кун аввал Қизил-Қия шаҳрида яшовчи юрист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Мухтор Мирқодиров ҳам шаҳар кўчаларида қўпол куч ишлатиш орқали қўлга олиниб, махсус жизмат идорасига олиб кетилган. У ерда ўтказилган суҳбат давомида Мирқодиров ҳам уюшган жиноят олами билан алоқа қилмаслик мажбуриятини олгач, қўйиб юборилган.

Қирғизистонда энг машҳур жиноят олами вакили бўлган Қамчи Кўлбаев ўтган йилнинг октябрида махсус амалиёт чоғида отиб ўлдирилгач, уюшган жиноятчиликка қарши кураш янги босқичга чиқди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакатда мафия ва уюшган жиноят вакилларининг ҳукмронлиги тугатилгани, энди мамлакатда ҳамма фақат қонун асосида, ҳалол меҳнат билан кун кўриши ҳақида бир неча бор айтган.

Ўшандан буён уюшган жиноятчиликка алоқадор деган кўплар шахслар қўлга олиниб, уларга қарши қонуний чоралар кўрилмоқда. Улар қаторида Ўш шаҳрида яшовчи таниқли тадбиркор, истеъфодаги милиция полковниги Жалил Атамбаев ҳамда Жўғўрқу Кенешнинг собиқ депутати Салайдин Айдаров ҳам ҳибсга олинган эди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уларга нисбатан ҳам Салим Абдувалиев билан алоқалар ҳамда уюшган жиноят олами вакилларини молиялаштиришда айблов қўйиб, жиноят иши қўзғатган. Август ойида қирғиз махсус хизматлари Абдувалиевни халқаро қидирувга берди ва унинг Қамчи Кўлбаев билан тушган фотосуратларини эълон қилди.

Сўнгги олинган хабарларга кўра Салимбойвачча билан расмга тушган яна бир собиқ амалдор, Қирғизистоннинг генерал унвонидаги собиқ ички ишлар вазири Мелисбек Турғанбаев учун ҳам бунинг оқибати аянчли бўлди. Куни-кеча у ўзи кўп йиллардан бери эгаллаб келаётган Қирғизистон кураш федерацияси раҳбари лавозимидан кетганини маълум қилди.

Гарчи собиқ амалдор бунинг сабабини «ёшларга ўрин бўшатиш истаги» билан тушунтирсада, ижтимоий тармоқларда унинг Салимбойвачча билан тушган расми эълон қилиниб, мана шу сабабдан Федерация раҳбарлигидан кетишга мажбур бўлгани айтилмоқда.

Салимбойвачча билан алоқада айбланиб, қўлга олинаётганларнинг деярли барчаси аввалроқ тошкентлик ушбу зиддиятли шахс билан бирга расмга тушгани маълум.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг