Бугун байрам: Ўзбекистонда Мустақиллик байрами шодиёналари давом этмоқда

Тадбирларда айнан истиқлол туфайли Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллагани мадҳ этилди.

Бугун, 1 сентябрь Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги куни. Бу қутлуғ байрам бутун мамлакат бўйлаб, катта шодиёналар билан ўтмоқда. Бундан 33 йил аввал ўзини суверен деб эълон қилган Ўзбекистон ушбу байрамни ҳар йили 31 август куни нишонлаб бошлайди.

Жорий йилда ҳам байрам маросимлари анъанага кўра бир кун аввал қатағон қурбонларини хотирлаш билан бошланди. Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди. Маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди.

Шавкат Мирзиёев бу маросим Мустақиллик байрами билан ҳамоҳанг ўтишини, миллат ойдинлари ёдга олинишидан кўнгил энтикишини, бу Ватанга фидойилик йиллар ўтса-да, қадрланиши ва ҳеч бир эзгу иш изсиз кетмаслигини англатади, дея таъкидлади.

“Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой олаяпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. “Хотира” китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда.  Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номларини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг, кечга яқин “Янги Ўзбекистон” боғида байрам шодиёнаси давом этди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, кўп миллатли халқини бугунги улуғ айём билан чин қалбидан табриклади. Барчага ўзининг юксак ҳурмати, эзгу тилакларини изҳор этди.

«Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди», – деди президент.

Мирзиёв бугунги кунга келиб Ўзбекистон аҳолиси 37 миллионлик катта халққа айланганини, мамлакат эса аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 давлатдан бири ҳисобланишини эътироф этди.

Президент нутқидан сўнг, давлат мадҳияси янграётган вақтда самода Ўзбекистон байроғи рангларини акс эттирувчи UZAIR FORCE (Ҳарбий Авиацияси Институти)нинг СУ-25 қирувчи самолётлари учиб ўтди. Тадбир санъаткорларнинг турли хилдаги қўшиқлари билан давом этди.

Мустақилликнинг 33 йиллиги арафасида президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда 522 нафар шахс афв этилди.

Бундан ташқари давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан турли соҳа вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди. 30 август куни Кўксаройда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида халқ сайли билан байрам шодиёналари давом этмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг