Султан Раев: Ўзбек адабиётини ўқиб катта бўлганман
Тошкентда таниқли қирғиз адиби Султан Раевнинг танланган асарлари ўзбек тилида чоп этилди.
Таниқли қирғиз ёзувчиси, ТУРКСОЙ ташкилотининг бош котиби Султон Раевнинг Тошкентда ўзбек тилида нашр этилган “Танланган асарлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тўпламга адибнинг “Тўфон” романи ва “Қуёш тутилган куни” қиссаси ҳамда ўндан ортиқ ҳикоя ва драмалари киритилган.
Китоб тақдимотида Ўзбекистон санъаткорлари, шоир-ёзувчилари, адабиётшунослар иштирок этдилар. Шунингдек маросимда Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси, атоқли ёзувчи Ҳайриддин Султон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид, Турк дунёси Ёзувчилар уюшмаси президенти, таниқли қозоқ шоири Улуғбек Эсдаулет, академик, ёзувчи Акмал Саидов, таржимонлар ва бошқалар сўзга чиқдилар. Бу ҳақда Раевнинг ўзи қувонч билан ижтимоий тармоқлар орқали хабар қилди ва нашрнинг дунёга келишига сабабчи бўлганларга миннатдорчилик изҳор қилди.
“Айниқса, ўзбек тилида нашр этилган “Танланган асарлар” китобимга сўзбоши ёзган атоқли адиб Ҳайриддин Султондан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан, таржимонлар, матбуот ходимларидан, китоб тарғиботини юқори савияда олиб боришга катта ҳисса қўшган таниқли жамоат арбоби Фердос Абдуҳолиқовдан миннатдорман”, – деб ёзади Раев.
Атоқли адиб Ҳайриддин Султоннинг маросимда таъкидлашича, қирғиз адиби Султон Раевнинг ўзбек китобхонларига илк тортиғи ҳисобланган “Танланган асарлар”и бугунги қирғиз сўз санъатининг ютуқлари ва унинг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари мазкур китоб ўқувчини оламшумул миқёсда фикр юритишга даъват этиши билан ҳам аҳамиятлидир.
“Айниқса тўпламга киритилган “Тўфон” романи, “Қуёш тутилган куни” номли қиссаси ва қатор ҳикояларида глобал замоннинг эврилишларига сабаб бўлаётган муаммолар, инсон тақдири ва қадриятларини асраб қолиш йўлидаги сайъ-ҳаракатлар ёрқин бўёқларда ифода этилган.
Туркий халқларнинг фахри ва ифтихори бўлган раҳматли Чингиз Айтматов ўз вақтида одамзотни инсонийлик мақомига қайтариш бугунги куннинг ҳал қилувчи вазифасидир, деб бонг урган эди. Султон Раев – ўз устозининг моҳияти тобора ортиб бораётган мана шу ўгитини қалбига жо этган ҳолда, ноёб инсоний туйғуларни баланд пардаларда тараннум этиб, ер юзини, одамзод қалбини маънавий тўфонлардан асраш учун меҳр-оқибат, яхшилик, муҳаббат ва адолат, одоб ва ор-номус каби азалий қадриятларни қатъият билан ҳимоя қилиб келаётган замонамизнинг забардаст адибидир”, – деди Ҳайриддин Султон.
Адибнинг “Тўфон” романини ўзбек тилига таржима қилган ёзувчи ва таржимон Зуҳриддин Исомиддиновнинг сўзларига кўра, қирғиз прозаси XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, шу кунгача жуда яхши ривожланмоқда. Бу атоқли ёзувчи Чингиз Айтматовга бориб тақалади. Унинг таъсирида қирғиз адабиётида жуда кўплаб носирлар етишиб чиққан. Улардан бири Султон Раев, дея таъкидлади у.
“Ёзувчининг асарларида биз кутмаган воқеалар ниҳоятда дадил бир воқеълик билан ифодаланади. Масалан, ўзбек адабиётида юмшоқлик билан, ўткир қирраларни текислаб, чиройлик қилиб, эҳтиётлаб чиқарадиган бўлсак, Раевнинг ҳикоялари, қиссалари ва романларида фикрлар ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари билан бевосита айтилади. Ўзбек адабиётида ҳали журъат қилинмаган мавзулар, буларда тилга олинади”, – дейди Исомиддинов.
Унинг таъкидлашича, “ўзбек адабиётида етишмаётган дадиллик, Султон Раев асарларида мавжуд. Мени фикримга кўра, ўзбек адабиётида мана шундай шаҳдамлик, ҳаётнинг бор ҳақиқатини очиқ ёза олиш, воқеани безамасдан, ошкор ёзиш керак”.
Тақдимот маросимида Султон Раев ижодидаги ўзига хослик, унинг давлат ва жамоат, маданият арбоби сифатида олиб бораётган фаолияти борасида ҳам сўз борди.
Султон Раев 2021-2022 йилларда Туркий давлатлар кенгаши бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган бўлса, 2022 йилда ТУРКСОЙнинг бош котиби этиб сайланди. Шундан буён у туркий давлатларининг маданиятини ривожлантириш ва уларни жаҳон миқёсида танитиш борасида ўнлаб лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда.
Кейинги йилларда Султон Раевнинг ташаббуси билан Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон давлатларида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини ўрганишга бағишланган бир қатор халқаро тадбирлар ўтказилди. Масалан, 2023 йили Навоий вилоятида ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда мумтоз шеърият халқаро адабий анжумани, 2024 йилда Бухорода Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорлари анжуманини юқори савияда уюштиришда унинг муносиб хизматлари бор.
“Ўзбек адабиётини ўқиб катта бўлганман. Ўзбек тили, мусиқаси, маданияти менга жуда яқин. Шунинг учун ҳам асарларимнинг менга яқин инсонлар тилида нашрдан чиқиши мен учун жуда катта ифтихор. Адабиёт азалдан дўстликнинг олтин кўприги бўлган. Ўзбекистон Турк дунёсининг “локомотив” мамлакати ҳисобланади”, – дейди қирғиз адиби Раев.
Унинг “Манг”, “Илегилек”, “Маликанинг кўз ёшлари” каби спектакллари Ўзбекистон драма театрлари саҳналарида муваффақиятли намойиш этилмоқда.
Сўнги вақтларда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси томонидан қирғиз адибларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, ўзбек китобхонларига тақдим этилмоқда. Улардан бири Чингиз Айтматовнинг 10 жилдлик асарлар тўплами адибнинг 95 йиллик тадбирига атаб нашрдан чиқарилди. Юз томлик Туркий адабий дурдоналари туркумининг 9 жилдида қирғиз фольклори ва адабиётининг энг қадимги оқинларидан бошлаб, шу кунгача ижод қилиб келган ижодкорларнинг асарларидан намуналар киритилган. Бундан ташқари қирғизистонлик ёзувчи Авлиёхон Эшон томонидан йирик адибнинг “Кўк бўри” асари таржима қилинди. Улуғбек Абдусаломов эса қирғиз романчилигининг отаси бўлган Тугалбай Сидиқбековнинг “Кўк ялов” номли йирик тарихий асарини ўзбек тилига ўгирди ва ўз ҳисобидан кичик тиражда чоп этди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди