Нимадан қўрқишади? Туркманистон ўзбекларининг она тилида ўқиш имконлари йўқ

Ҳукумат маҳаллий ўзбекларнинг бу масаладаги мурожаатларини эътиборсиз қолдириб келмоқда.

Туркманистон расмийлари бу ерда истиқомат қилаётган миллий озчилик вакиллари, хусусан, этник ўзбекларнинг фарзандларига ўзбек ёки рус тилида таълим олишга имкон бериш ҳақидаги илтимосларини яна рад этишди.

Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, Туркманистонда ярим миллионга яқин ўзбек яшайди. Лекин мустақилликка эришилгандан кейин расмийлар ўзбек аҳолисининг сонини камайтириб кўрсатиб келадилар. Жумладан, мамлакатнинг биринчи президенти Сапармурод Ниёзов 2001 йили ўзбеклар мамлакат аҳолисининг 3 фоизини ташкил қилиши ҳақида айтган. Ваҳоланки, совет даврида ва 1990 йилларнинг охирида ҳам расмий маълумотларда бу кўрсаткич 10 фоиз атрофида бўлган.

Мантиқ ва оддий математика қонунларига кўра, аксинча, мамлакатда сон жиҳатидан иккинчи ўринда келаётган руслар Туркманистонни оммавий турда тарк этишганидан кейин, учинчи ўринда бораётган ўзбек миллати вакилларининг аҳоли сонидаги улуши (фоизи) кескин кўтарилиши керак эди. Бир неча йил давомида ўзбекларнинг Туркманистондан кўчиши ҳолати кузатилган, лекин бу русларда бўлганидек кўп бўлмаган.

Умуман аҳоли сони бўйича ҳам Туркманистон расмий статистика маълумотларига ишонч йўқ. Биринчидан, мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш натижалари умуман эълон қилинмайди. Иккинчидан, расмийлар кўрсатган рақамлар катта шубҳа туғдиради. Бирлашган миллатлар ташкилотининг демография масалалари билан шуғулланувчи идоралари ҳисоб-китобига кўра, бугун Туркманистон аҳолисининг сони 5 миллион киши атрофида бўлиши керак. Лекин расмий маълумотларда аҳоли сони 7 миллионга етгани ва унинг 91 фоизидан кўпроғи туркманлар экани айтилади.

Туркманлаштириш сиёсати натижасида кўплаб ўзбек ва бошқа миллат вакиллари ўз миллатини туркман деб кўрсатишга мажбур эканликлари ҳақида халқаро матбуотда маълумотлар чиққан. Бунга ўхшаш муаммолар қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам бор. Масалан, Қирғизистонда йил сайин ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони кескин камайиб бормоқда.

Агар 1990 йилларнинг бошида мамлакатда 300дан кўпроқ мактабда ўқиш ўзбек тилида олиб борилган бўлса, эндиликда уларнинг сони 40дан ошмайди. Шунга қарамай, вазият Туркманистондаги қадар инсофсизлик даражасида эмас. Қолаверса, Қирғизистон ўзбекларининг ўзларида она тилида ўқишга рағбат етишмаяпти. Бу ерда кўпроқ рус тилида ва қисман қирғиз тилида ўқитиш урф бўлган.

Туркманлар сонини кўпайтириб кўрсатиш билан расмийлар нимага эришишади, буни ўзлари ҳам билишмаса керак. Ноилож, бу сиёсат мамлакатда туркман бўлмаган аҳоли сони кўпайиб кетишидан қўрқишнинг натижаси бўлса керак, деган хулосага келади одам. Бунинг иқтисодий сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Яъни, ўзбекларнинг кўп сонли эканини тан олиш билан уларнинг таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳам пайдо бўлади. Ана шундай масалалардан бири ўн йиллардан бери ҳал бўлмай келади. Бу ўзбек болаларини мактабда она тилида ўқитиш масаласи.

Ўзбеклар зич яшайдиган Лебап ва Тошҳовуз вилоятлари ҳамда Туркманобод шаҳри ўзбеклари бу борада маҳаллий таълим бўлимларига кўп марта мурожаат қилишган, бироқ рад жавобини олиб келишган. Бу сафарги ўқув йили олдидан ҳам шу ҳолат такрорланди.

Шу вақтнинг ўзида расмий маълумотларга кўра, Тошҳовуз вилоятида турли йўналишдаги 31 ихтисослаштирилган ўрта мактаб фаолият юритади. Билим сифати қай даражада экани ноъмалум, лекин уларда инглиз, француз, немис, араб, хитой, япон, форс, ҳатто итальян тилларида махсус ўқув дастурлари жорий этилган. Қизиғи, шу кунгача бирорта туркман йигити ёки қизининг бирор соҳада халқаро, жилла бўлмаса, Марказий Осиё даражасида ўзини кўрсатгани ҳақида маълумот йўқ.

Халқаро ташкилотларнинг тадқиқотлари кўрсатиб турганидек, Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ ва репрессив мамлакатлари қаторида туради. Оқибатда бу ерда иқтисодиёт кўрсаткичлари ва таълим соҳаси сифати ҳам жуда паст даражада. Камига ёшларга чет элларга чиқиб ўқиш ва ишлаш расман тақиқланган.

Кетма-кет киритилган чекловчи қонунлар натижасида бугунги кунда Туркманистон фуқаролари амалда чет элларга чиқиш имкониятидан маҳрум қилинган. Эркин матбуотда чиқаётган маълумотларга кўра, самолётга чипта сотиб олган одам ҳам аэропортга борганда самолётга чиқарилмай уйига қайтарилиши ва пулига куйиб қолавериши одатий ҳолат бўлиб қолган.

Кўриниб турибдики, ўн йиллар давомида ўз қобиғига ўралиб яшаган давлатда аҳвол жуда оғир. Аҳоли турмуш даражаси минтақада энг паст ҳисобланади. Сўз ва матбуот эркинлиги нима эканини одамлар аллақачон унутишган. Қашшоқлик оқибатида мамлакатда туғилиш суръатлари паст бўлишига қарамай, расмий маълумотларда “аҳоли сони тинимсиз ва тез суръатлар билан ўсиб бораётгани” овоза қилинади.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ва Тожикистонда этник туркманлар мактабларда ўз она тилларида таълим олиш имкониятига эгалар. Масалан, Ўзбекистонда 200 минг атрофида туркман яшаса, уларнинг болалари учун туркман тилида ўқитиладиган 44 мактаб ишлаб турибди. Туркманистонда эса миллий озчилик вакиллари она тилида ўқитиладиган бирорта синф ҳам оча олмайдилар.

Совет даври статистикасига кўра, 1939 йили Туркманистон аҳолисининг 18,6 фоизини руслар ташкил қилган, туркманлар эса 60 фоизга ҳам етмаган. Демак, аҳолининг қолган 22 фоиздан кўпроғини бошқа миллатлар, асосан ўзбеклар ташкил қилган. Аввалига 1948 йилги Ашхободдаги зилзиладан кейин (100 мингдан ортиқ одам ўлган) ва кейин СССР парчалангандан кейин бу ерда русийзабон аҳоли сони кескин қисқарган.

Биринчи туркман президенти Ниёзов 2001 йилда Туркманистон халқ Кенгаши олдида нутқ сўзлаб, мамлакатда 40дан ортиқ миллат вакиллари тинч-тотув яшашини айтган. Унинг ўша нутқидаги маълумотга кўра, мамлакат аҳолисининг 3 фоизини ўзбеклар, 2 фоизини эса руслар ташкил қилган. Туркман халқи эса мамлакат аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилган эмиш.

Бу маълумотларни кўпчилик шубҳа остига олган. Жумладан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда аҳолиси 5 миллион атрофида бўлган Туркманистонда руслар сонининг 3,5 фоизни ташкил қилиши ҳақида баёнот берган эди. Ўзбекистон томондан ҳеч қандай реакция бўлмаган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг