Ўзбекистондаги ҳарбий самолётлар: АҚШ бермади, Афғонистон умидини узмаяпти
Толиблар ҳукумати Ўзбекистонни «оқилона қарор қабул қилиб» самолётларни қайтаришни сўрамоқда.
Уч йилдан бери Афғонистонни бошқариб келаётган, бироқ дунёнинг бирорта давлати тан олмаган «Толибон» ҳукумати мудофаа вазирлиги АҚШ “афғон халқининг мол-мулки бўлган ҳарбий самолётларни бошқа давлатга ҳадя қилишга ҳаққи йўқ” эканини айтиб, баёнот берди. Шунингдек, толиблар Ўзбекистон ҳукуматини бу борада АҚШ билан келишувлардан ўзини тийиб, самолётларни қайтаришда Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга чорлаган.
Гап 2021 йилнинг августида «Толибон» ҳаракати қўшинлари бутун мамлакат билан қўша пойтахт Қобулни ҳам эгаллаганларида юз берган воқеа ҳақида. Ўшанда Афғонистонда жойлашган ўнлаб ҳарбий самолёт ва вертолётлар юзлаб афғон ҳарбийлари билан Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳудудига учиб ўтган эди.
Қочоқ ҳарбийлар аввалги ҳукумат одамлари бўлиб, толиблар ҳукуматига хизмат қилишни исташмаган. Қўшни давлатларга учиб ўтиш эса, АҚШ тавсияси ва раҳбарлигида амалга оширилган бўлиши эҳтимол.
Бу масала АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида биринчи кунларданоқ муҳокама қилиниб келмоқда эди. Ниҳоят, жорий 26 августида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник икки мамлакатнинг ушбу авиатехниканинг кейинги тақдири бўйича келишувга эришганларини билдирди. Битимга кўра, тилга олинган самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади.
«… Ҳа, бу энди расмий [маълумот]. Ушбу техника ҳеч қачон афғонларники бўлмаган, улар америкаликларники эди. Афғон армияси ундан фойдаланди, лекин уларга ҳамиша биз эгалик қилганмиз», – деди АҚШ элчиси.
Бироқ Афғонистон ислом амирлиги дея атала бошлаган давлат ҳукумати ҳамон бу ҳарбий техникадан умидини узолмаяпти. Афғонистон Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотда самолётлар ва вертолётларнинг афғонларники экани ва бу борада бошқача келишув тузилиши мумкин эмаслиги таъкидланади.
«Миллий мудофаа вазирлиги АҚШнинг афғон халқи мол-мулкини ҳадя қилишга ёки мусодара қилишга ҳаққи йўқлигини аниқ таъкидлайди», – дейди «Толибон» ҳукумати баёнотида.
Баёнотда Афғонистон расмийлари Ўзбекистонни бу борадаги келишувлардан тийилишга ва ҳамкорлик қилишга чақириб, бу борада қўшниларидан шуни кутаётганини маълум қилган.
“Яхши қўшничиликни ҳисобга олган ҳолда оқилона қарор қабул қилинг ва ҳарбий ҳаво кучлари самолётларини қайтаришда Афғонистон билан ҳамкорлик қилинг», – дейилади вазирлик баёнотида.
Турли малумотларга кўра, 2021 йили Афғонистоннинг аввалги ҳукуматига қарашли бўлган 22 ҳарбий самолёт ва 24 дона вертолёт Ўзбекистонга учиб ўтган. Уларнинг бортида 585 нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчилар бўлган. Уларнинг тақдири ҳақидаги маълумот ошкор қилинмаяпти.
Толиблар ҳукумати тилга олинган самолёт ва вертолётларнинг Афғонистоннинг мулки экани ва уларни эгасига қайтариш зарурлигини доимий равишда таъкидлаб келган. Ўзбекистон расмийлари бунга жавобан самолёт ва вертолётлар АҚШнинг мулки экани ва уларнинг қарорисиз ҳарбий техникани Афғонистонга қайтариб бўлмаслигини билдирган.
Бу ҳарбий техника АҚШнинг афғон ҳукуматига ҳарбий ёрдам кўрсатиш дастури доирасида берилгани маълум. Шунингдек Америка ҳукумати йигирма йил давомида афғон армиясини тўла қурол-яроғ билан таъминлаб, малакали ҳарбийларни тайёрлашда ёрдам кўрсатган. Лекин толиблар қаршилигини синдира олмаслигига кўзи етган АҚШ ҳарбий қисмлари Афғонистонни тарк этишгач, “Толибон” жангарилари қисқа муддат ичида ҳукумат армиясини батамом тор-мор қилишган. Катта қисми эса таслим бўлишга мажбур бўлган.
Президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетган ва ҳозирда Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида бошпана олган.
Ўша йили Тожикистон ҳудудига учиб ўтган самолётлар ва вертолётларнинг ҳамда афғон ҳарбийларининг тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди