Энг йирик Ислом давлатларидан бири бўлган Покистон дунёга эшикларини очмоқда

Энди Марказий Осиё давлатлари аҳолиси ҳам бу ўлка визасини соддалаштирилган йўл билан ола олади.

Жаҳонда ядро қуролига эга бўлган ягона Ислом давлати сифатида, мусулмонлар орасида эса динга даъват этиш маркази қаторида танилган Покистон дунёнинг 126 мамлакати учун виза йиғимини бекор қилди, виза олиш учун ариза топшириш жараёни эса анча соддалаштирилган. Жумладан, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам соддалаштирилган виза режими жорий қилинди.

Покистон Ахборот вазири Атаулла Тарарнинг маълум қилишича, виза бериш осонлаштирилган давлатлар рўйхатига МДҲ давлатларидан Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Россия ва Беларус киради. АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари ва бир қатор Яқин Шарқ мамлакатлари фуқаролари ҳам виза йиғимини тўлашдан озод қилинган.

Янги қоидаларга кўра, электрон виза олиш учун юқорида тилга олинган давлатларнинг фуқаролари 24 соат ичида паспортга тушган фотосурати ва паспорти нусхасини Покистон ИИВнинг веб-сайти орқали тақдим этадилар. Виза берилган тақдирда 90 кун давомида амал қилади.

Бундан ташқари, Покистон ислом давлатларидан Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва Уммон тадбиркорлари учун виза талабларини бутунлай бекор қилди. Ушбу тадбирлар бизнес ва сармоялар киритиш фаоллигини рағбатлантириши кутилмоқда.

Аҳолиси сони салкам 242 миллион кишини ташкил қилган Покистон аҳолиси сони жиҳатидан дунёда бешинчи ўринда туради. Мусулмонлар аҳолининг 96 фоиздан кўпроғини тузади. Улардан 91 фоизи суннийлар бўлса, беш фоизи шиалар, қолгани турли хил бошқа оқимларга киради. Индуслар икки фоиздан кўпроқ, қолгани насронийлар, буддистлар ва сикхлардан иборат.

Бу давлат 1947 йили Англияга қарам бўлган Ҳиндистондан ажралиб чиқиш натижасида вужудга келган. Ўшанда иккинчи жаҳон урушидан кейин Англия энди Ҳиндистонни мустамлака сифатида ушлаб тура олмаслигига кўзи етиб, ихтиёрий равишда бу давлатга мустақиллик беришга қарор қилади. Лекин индусларнинг мусулмонларга босими туфайли доимий диний низолар мамлакатнинг иккига бўлинишига олиб келди. Масалан, 1885 йили Ҳиндистон миллий конгрессининг 73 аъзосидан 54 нафари индус бўлса, мусулмонлар фақат икки нафарни ташкил қилган.

Ҳиндистон мусулмонлар лигаси саъй-ҳаракати билан Покистон алоҳида давлат сифатида ташкил топди. Шундан сўнг 7 миллионгача мусулмонлар Ҳиндистоннинг турли минтақаларидан Покистонга кўчиб келса, аксинча, янги мусулмон давлати ҳудудида яшаган ана шунча одам Ҳиндистонга кўчиб кетади. Бу шу кунгача мусулмонлар ва индуслар ўртасидаги жанжал ва урушларга сабаб бўлиб келмоқда. Жумладан, Покистон ва Ҳиндистон Кашмир вилояти учун ҳамон вақти-вақти билан уришиб туришади.

Бугунги кунда Ҳиндистон дунёнинг жадаллик ривожланиб бораётган давлатларидан бир ҳисобланса, Покистон оғир иқтисодий бўхронни бошидан кечиряпти. Унга сармояларни асосан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари киритиб туришади. Виза режимининг енгиллаштирилиши жумладан мамлакатда туризмни ривожлаништиришга ҳам жиддий асос бўлиши кутилмоқда.

Покистон аҳолиси динига маҳкам, оддий ҳаёт кечиришга ўрганган, меҳмондўст халқ экани билан маълум. Жаҳон даъватчилик ҳаракатининг маркази айнан Покистонда жойлашган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг