Олимпиада-2024: Шавкат Мирзиёев икки карра олимпиада чемпионларини қутлади

Мамлакат раҳбари чемпионларга халқ финал жангларини нафас олмай кузатганини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали Париж олимпиадасида олтин медални қўлга киритиб, икки карра олимпиада чемпиони бўлган таэквондочи Улуғбек Рашитов ва боксчи Ҳасанбой Дўсматовни телефон орқали шахсан табриклади. Давлат раҳбари Рашитовнинг аввалроқ олган жароҳатига қарамай, ғалаба қозонганини эътироф этиб, Дўсматовнинг финал жангини «нафас олмай» кузатганини таъкидлади.

Давлат раҳбари спортчиларни табриклар экан, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир кунда иккита олимпиада олтин медални қўлга киритгани ўзбек спорти учун тарихий воқеа бўлганини таъкидлади, дея маълум қилади Газета.Уз нашри.

«Йигитларимизнинг мардонавор ва ишончли ўйинлари, юксак маҳорат ва жасорати чинакам қаҳрамонлик намунаси бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг ёшлари нималарга қодир эканини яна бир марта намойиш этиб, халқимизга улкан куч ва ғурур-ифтихор бағишлади», деди президент ва спортчиларнинг мураббийлари, ота-оналари ва яқинларига миннатдорчилик билдирди.

Улуғбек Рашитовнинг ярим финалда жароҳат олганига қарамай, финал курашига қандай чиққани ва ғалаба қозонганини президент алоҳида таъкидлаб, спортчининг уч йил аввал Токио олимпиадасида берган ваъдасини бажаргани ва яна бир карра олимпиада олтин медалини қўлга киритганини эътироф қилди ва уни “фарзандим”, деб атади.

«Мен сен билан ғурурланаман. Мана шундай фарзандим борлигидан бахтиёрман», деди Шавкат Мирзиёев. Президент Хасанбой Дўсматов учун бироз ташвиш қилганини яширмади.

«…Лекин барча рақибларингга ҳеч қандай имконият қолдирмаганинг — менга ғурур, ифтихор, Янги Ўзбекистоннинг янги ёшлари нималарга қодир эканини кўрсатади… Сенинг [финал] жангингни нафас олмай кўрдик ҳаммамиз, нега десанг, бу жанг (ғалаба) бизга ҳаёт-мамотимиздек керак эди», – дейди Мирзиёев.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, ўз навбатида Улуғбек Рашитов ва Ҳасанбой Дўсматовлар президент кўрсатган «алоҳида эътибор ва юксак ишонч учун, спортчиларга яратилган барча шароитлар учун» давлат раҳбарига миннатдорлик билдиришган, улар ўз ғалабаларини Янги Ўзбекистонга бағишлашларини айтишган.

Ўзбекистондан борган 7 боксчининг 5 нафари финалга чиққан. Улар: афсонавий Баҳодир Жалолов, чемпион Ҳасанбой Дўсматов (51 килограммгача), Лазизбек Мулложонов (92 килограммгача), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (71 килограммгача) ва Абдумалик Ҳалоковлардир.

Абдумалик Ҳалоков 11 августга ўтар кечаси қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулу билан куч синашади.

Ўзбекистон спортчилари жамоаси олимпиадада 3 олтин ва бир бронза медал билан олимпиада медаллари сони бўйича 18 ўринни эгаллаб турибди. Бу Марказий Осиё давлатлари бўйича энг яхши кўрсаткич.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг