Ўшдаги сел оқибатлари: Бешинчи аёлнинг жасади ҳам Ўзбекистонда топилди

Шундай қилиб Ўш ва унинг атрофида юз берган табиий офат олти кишининг умрига зомин бўлди.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 16-июл куни кечқурун тарқатган маълумотида айтилишча, ўзбекистонлик қутқарувчилар бу мамлакат ҳудудида икки кун аввал Ўшда сел тошқини оқизиб кетган қирғизистонлик бешинчи аёлнинг жасадини топишган.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик ва ўзбекистонлик қутқарувчилар сел қурбонига айланган бир аёл ва унинг уч қизи жасадини топишга муваффақ бўлишган эдилар. Улардан уч нафари –  19, 10 ва 6 яшар опа-сингилларнинг жасади Андижондаги Шаҳрихонсойдан топилган эди. Уларнинг онасининг жасади эса Оқбура дарёсининг ўзбек-қирғиз чегарасига тахминан 500 метр қолганда лойқа оқовалар орасидан топилган.

Расмий маълумотларда қурбонларнинг исми-шарифи айтилмаяпти, лекин она билан унинг уч қизи офат келган пайтда шаҳарга яқин “” дам олиш масканида олишаётган бўлгани маълум қилинган эди. Ўшандан буён сел оқизиб кетган бешинчи аёлнинг тақдири ноъмалум қолаётган эди. Кеча, 16 июль куни Ўзбекистондан инсонийлик ёрдами келганда, Ўш вилояти раҳбарияти ўзбекистонлик расмийлардан ўша аёлнинг жасадини ҳам топишга ёрдам беришларини сўраган эди.

Маълум бўлишича, 1985 йилда туғилган аёлнинг жасади ҳам суви Ўшдан келиб, Андижон шаҳридан оқиб ўтувчи сойдан топилган. Расмий маълумотларга кўра, марҳумани кучли лойқа сув Ўш шаҳар марказий бозорида юрган пайтида оқизиб кетган.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси тарқатган маълумотга кўра, жорий йилнинг 20-апрелидан 1-июлигача мамлакат бўйлаб 230 дан зиёд сел келиши ва сой ва дарёларнинг тошиши ҳодисаси қайд этилган. Ана шу табиий офатлар оқибатида сел оқизиб кетган 10 киши қурбон бўлган. Бундан ташқари 15-июл куни Ўш яқинида юз берган сел пайтида фуқароларни сув тошқинидан қутқариш чоғида бир киши ҳалок бўлган. У Ўзғур қишлоғида ҳамқишлоқларини сув тошқинидан олиб чиқиш учун юк машинасига ортган. Бироқ ўзи “КАМАЗ”дан сирпаниб тушиб кетиб, машина ғилдираклари остида қолган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ўш шаҳридаги сел оқибатида “тез ёрдам”га 30 мурожаат келиб тушган. Шундан 17 нафар фуқарога жойида ёрдам кўрсатилди, тўққиз нафар фуқаро шаҳар поликлиникасига, тўрт нафар фуқаро эса вилоят шифохонасига етказилган. Улардан 8 киши амбулатор даволаниш учун чиқарилган, бир киши кузатув остида, аҳволи барқарор. Уч нафар жабрланган фуқарога зарур ёрдам кўрсатилгач, вилоят касалхонасидан чиқарилди, бир бемор даволанишда давом этмоқда.

Сел оқибатида Ўш шаҳар ва вилоятида 7500 нафар истеъмолчи электр энергиясиз қолган. Шу туфайли шаҳарнинг катта қисмига сув берувчи скважиналар ишдан чиққан, сув насос станцияси ҳамда ичимлик сув қувурларини ҳам сел олиб кетган. Электр қуввати узилиб қолгани ва сув узатиш иншоотларининг зарар кўриши оқибатида Ўш шаҳри бутунлай ичимлик сувисиз қолган.

Ўш шаҳрининг ҳудудидаги 8та кўприкни сел оқизиб кетган. Лой оқавалар 134 та уйга кириб кетган, 17та уйнинг деворлари шикастланган. Тошқин оқибатида 15га яқин автомобил зарар кўрган. Шунингдек, Тўлайкен қишлоғида жойлашган Аравон-Оқ-Буура каналида 7 та автомобилни сув тошқини олиб кетган.

Қирғизистондаги бундай беқарор об-ҳаво июл ойининг охиригача сақланиб қолиши тахмин қилинмоқда. Шу сабабдан ФВВ аҳолини эҳтиёт чораларини кўриш лозимлиги ҳақида тинимсиз огоҳлантириб турибди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг