Ҳамкорликнинг янги чўққиси: Аниқ ишлар билан мустаҳкамланган келишувлар
Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга сафари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга 18 июл куни бошланган давлат ташрифининг биринчи куни 16 икки томонлама ҳужжатга қўл қўйилди. Ташриф аввалида икки президент – Шавкат Мирзиёев билан Садир Жапаров “Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот”ни имзолашди.
Музокараларнинг аниқ натижалари
Қўл қўйилган ҳужжатлар ичида Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битимдан тортиб, икки давлат фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари, қурилиш соҳаси, меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик, маданият ва санъат, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, жисмоний тарбия ва спорт, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти ва бошқа соҳалардаги муҳим битимлар бор.
Икки президентнинг тор доирадаги учрашуви чоғида икки мамлакат ўртасида давлат идоралари мулоқотлари натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий масалалар хусусида гаплашиб олинди. Жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган музокараларида савдо ва саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, хавфсизлик, маданият ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари танқидий таҳлил қилинган. Музокаралар чоғида томонлар икки давлат парламентларидан тортиб, ишбилармонлар, экспертлар ва жамоатчилик даражасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди. Бу учрашувларнинг муҳим натижаларидан бири – Давлатлараро кенгаш тузиш ҳақидаги қарор бўлди.
Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев видеоалоқа орқали икки давлат ўртасидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш маросимида қатнашишди. Президентлар очиб берган биринчи иншоотлар Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 мегаватт бўлган икки қуёш электр станцияси қурилиши бўлди. Бу станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистонга аталган. Бу икки давлат ўртасидаги энергия ва дарё сувларини тақсимлаш масалаларини ҳал қилишга ёрдам беради.
Иккинчи муҳим воқеа Қирғизистоннинг Чуй вилоятида қурилган автомобил заводини ишга тушириш бўлди. Расмий маълумотларига кўра, яқин 6 йил ичида ушбу завод 30 минг дона автомобил ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Бу жараёнда 1000 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Дастлабки босқичда бу ерда Cobalt, Onix ва Tracker енгил автомобиллари ишлаб чиқарилади, кейинчалик эса заводда Chevrolet, Daewoo ва Isuzu маркали, жами 19 моделдаги автомобилларни йиғиш режалаштирилган. Завод қурилиши учун киритиладиган умумий сармоялар ҳажми 50 миллион доллар атрофида бўлиши аниқланган.
Икки раҳбар шунингдек Қирғизистоннинг Қара-Балта шаҳрида жойлашган тикув-трикотаж маҳсулотлари ва мато ишлаб чиқарадиган фабрикани ҳам видоалоқа орқали очиб беришди.
Тантанали кутиб олиш
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровни рафиқаси билан 18-июл куни Тошкент аэропортида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан кутиб олишди. Алоҳида жойга гилам тўшалиб, фахрий қаровул саф тортиб кутиб олингач, меҳмонлар “Янги Ўзбекистон” мажмуасига йўл олиб, у ерда “Мустақиллик” монументига гулчамбар қўйишди.
“Янги Ўзбекистон” мажмуасида баландлиги 60 метрлик “Мустақиллик” монументи ўрнатилган бўлиб, бу мамлакатнинг 3000 йиллик тарихи ҳамда 35 йиллик давлат суверенитетига бағишланган. Ушбу рамзий иншоот ўзбек халқи учун алоҳида аҳамият касб этиб, озодлик, ривожланиш ва қўшнилар билан дўстона, иноқ яшаш ва алоқа қилишнинг рамзи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу ерга Садир Жапаровнинг гулчамбар қўйиши алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шундан сўнг президент Садир Жапаров “Кўксарой” давлат қароргоҳига келди. Икки давлат президентларининг расмий учрашуви бошланиб, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул қўмондони ҳисобот берганидан кейин, Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёевга ҳарбийлар иззат-икром кўрсатгач, меҳмон Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи олдида таъзим қилди.
Хуллас, давлат ташрифи давомида Қирғизистон президенти ва унинг рафиқасига алоҳида иззат-икром кўрсатилмоқда.
Бугун, 19 июл куни ташриф доирасида Жапаровнинг Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунларининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Давлат ташрифининг бугунги тадбирлари Тошкент ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 18-июлдан Хива шаҳрида Қирғизистон маданият кунлари бошланиб, “Ўзбекистон” анжуманлар саройида ўзбек ва қирғиз санъат усталари иштирокида қўшма концерт ташкил этилади. Тадбирлар 19 июл куни Алишер Навоий номидаги кино саройида “Қирғиз кино кунлари” очилиши ҳамда “Мовий гумбазлар” хиёбонида “Қирғиз овули” номли кўргазма ва концерт дастури билан давом этади. 20 июл куни эса, Ўзбекистон давлат консерваториясида Қирғиз Республикаси халқ артисти, композитор Mуратбек Бегалиевнинг концерти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида “Сомончининг йўли” номли спектакл намойиш қилинади. “Қирғиз маданияти кунлари” доирасидаги тадбирлар 22-июлда Бухоро вилояти “Ёшлар маркази”да ўтадиган концерт билан якунланади.
Расмий Тошкент билан Бишкек бунгача икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уни юқори босқичга кўтариш борасида ҳаракатларни кўриб келган. Энди эса ҳудудий ҳамда халқаро жабҳада ушбу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш учун бир қатор аниқ ишлар тез фурсатда амалга оширилди. Ана шулардан бири Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш, шунингдек Қозоғистон билан биргаликда гидроэнергетика тармоғида Қамбар-Ата 1 ГЭСини қуриш ишларига ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. Бундан ташқари икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда товар айирбошлашни икки миллиард долларга етказиш бўйича юқори даражадаги мақсадлар қўйилган.
Шу билан бирга икки халқ ва давлат раҳбарлари мушкул кунларда бир-бирларини қўллаб, инсонпарварлик ёрдамларини аямай келмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расмлар интернетдан олинди