Шивирлашманг ва қўй сўйманг: Россияда меҳнат муҳожирларига янги талаблар

Расман ишлаб чиқилган махсус курсларда Марказий Осиёдан борган фуқароларга талаблар кучайтирилган.

Россия миллатлараро масалалар федерал агентлиги (РМФА) ишлаб чиққан махсус курсда Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тарихига бағишланган бўлим ҳам бўлиб, унда «дўстлик ришталари» ва ўзаро муносабатларнинг «кўп асрлик тарихи» масалаларига урғу берилган. Лекин…

Бу курс материаллари билан танишиб чиққан «Коммерсантъ» нашри тарқатган хабарга кўра, 70 дақиқалик маърузадан иборат ушбу курс мобайнида муҳожирлар Россия миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳақида барча керакли маълумотларни ўрганишлари лозим. Курс тўрт бўлимдан иборат бўлиб, унинг биринчи бўлимида мигрантларга Россияга келиш, бу ерда истиқомат қилиш, патент ва меҳнат шартномасини расмийлаштириш қоидалари ҳақида маълумот берилади.

Бу бўлимда Россия Қуролли кучлари сафида шартнома асосида хизмат қилган шахсларга соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини бериш имконияти ҳақида ҳам маълумот берилади.

Иккинчи бўлим «норасмий хулқ-атвор асосларига» бағишланган. Унда муҳожирлар Россияга келгач, бу ерда ўзини «Россияда қабул қилинганидек» тутиши кераклиги айтилади. Рус тилини билиш муҳим. Муҳожирларнинг маҳаллий аҳоли вакилларига «ака» ёки «опа, сингил» (брат, сестра) дея мурожаат қилиши яхши эмаслиги уқтирилган. Агар у одам чинданам сўзлашувчига ака ё сингил бўлмаса. Атрофида руслар бўлган ҳолда эса муҳожирларга она тилида пичирлашмаслик тавсия қилинган.

Динга муносабатни ошкора намойиш қилиш ва кўчада диний маросимлар ўтказиш Россияда мақбул эмаслиги эслатилган. Аниқроғи, жамоат жойларида намоз ўқиш яхши эмаслиги айтилган. Шунингдек, кўчаларда қўй сўйиш ҳам мақбул эмаслиги уқтирилган.

Курсда рус қиз ва аёлларининг дунёда энг гўзал эканлари айтилиб, улар кўчада енгил, очиқ кийиниб юришлари эслатилган. Буни муҳожирлар танишиш ёки қизларга гап отиш учун сабаб деб қабул қилмасликлари керак.

Ушбу масалага бағишланган «Қарши жинс билан муносабат асослари» бўлимида аёллар эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканлигига урғу берилган, нотаниш одамларга тегиниш ёки уларнинг эътиборни жалб қилиш учун турли товуш чиқариш, ҳуштак чалиш каби ҳаракатлар қилиш ножоиз эканлиги ҳам таъкидланган.

Курснинг учинчи қисмида Россия қонунларини, жумладан миграция қонунларини бузиш ва бунинг учун белгиланган жавобгарлик ҳақида сўз боради. Махсус маърузачилар муҳожирларга экстремистик ва террористик фаолият юритиш ёки бу амал билан шуғулланганларга кўмаклашиш мумкин эмаслигини эслатиб, уларни турли митинг ва намойишларда иштирок этмасликка чақиришлари лозим.

Маълумки, сўнгги йилларда Россияда меҳнат муҳожирларининг юриш-туришини тартибга солиш учун фаол ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, мусулмонларнинг диний амалларни бажаришлари борасида қаттиқ чоралар кўрилмоқда. Жумладан, масжидларда жума кунлари махсус рейдлар уюштирилиб, одамлар ўша жойнинг ўзидан юртига депортация қилинган ва ёки ҳарбий рўйхатдан ўтиш учун ҳарбий комиссариятларга жўнатилган ҳолатлар бор.

Тилга олинган мигрантлар учун мослашув курси 2023-йил сентябрида ишлаб чиқилган. Ушбу курсни даставвал Россиянинг Калининград ва Москва вилоятларида, Перм ва Краснодар ўлкаларида, Саха-Якутия республикасида тажрибадан ўтказиш кўзда тутилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг