Чегара муаммоси. Тожикистон фуқаролари Россияга чиқиш учун имкон изламоқдалар

Тириклик кўйида Россияга отланган юзлаб тожикистонликлар кеча, 28 июль куни Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги Фотеҳобод (Ойбек) чегара ўтказиш жойида йиғилишди.

“Озодлик” радиосининг тожик хизмати берган хабарга кўра, йиғилганлар икки давлат раҳбарларига мурожаат қилишиб, чегарадан ўтиш муаммосини ҳал қилиб беришни сўрашган. Улар Россияга Ўзбекистон орқали учиш учун самолётга чипта олишгани, лекин чегарадан ўтиш муаммо бўлаётганини айтишган.

Сўғдликлар авваллари Россияга Қирғизистон орқали енгил машина ва автобусларда бемалол қатнаб туришган эди. Улар Тожикистон пойтахти Душанба орқали ҳам учишлари мумкин. Лекин бунинг учун улар машинада довон орқали қўшимча 200 чақиримча йўлни босиб ўтишлари керак. Асосийси, Ўш-Москва рейси бўйича чипта нархи Душанба-Москва рейсига нисбатан қарийб икки баробар арзон. Турли маълумотларга кўра, бугун Россияда бир миллионга яқин Тожикистон фуқароси ишлайди.

Жорий йилнинг апрелида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юз берган қуролли тўқнашувдан сўнг икки давлат ўртасидаги чегара ўтказиш жойлари ёпилган. Бунга қадар Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи аҳоли Россияга Қирғизистон орқали қатнар ва бу улар учун жуда қулай ва арзон эди. Қирғизистон томон чегарани ёпиб қўйгач, улар Ўзбекистон орқали қатнашга мажбур бўляптилар.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 28 апрелида Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятининг чегарага яқин яшаган фуқаролари ўртасида жанжал чиққан. Тожикистон чегарачилари Қирғизистон томонни ҳарбий техникадан қаттиқ ўққа тутган. Натижада 190 қирғизистонлик жабр тортиб, 36 киши ҳалок бўлган, 40 мингга яқин фуқаро бошқа жойга кўчирилган. Тожикистон томон берган норасмий маълумотларга кўра, улардан 150 киши ярадор бўлиб, 16 тожикистонлик ҳалок бўлган.

Бундан ташқари Қирғизистон ҳудудида 120 турар-жой, 80дан ортиқ ижтимоий объектлар, бир нечта бизнес объектлари, ҳатто 4 чегара заставаси ҳам йўқ қилинган. Умумий ҳисобда Қирғизистон томон 630 миллион сўмлик (7,4 млн. АҚШ доллари) зарар кўргани айтилган.

Масала шундаки, Ўзбекистон ҳам ўтган йили пандемия шароитини сабаб қилиб, чегарани бир томонлама ёпиб қўйган. Бугун Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидан фақат Россия фуқаролигига эга бўлган тожикистонликларгина ўта оладилар. Тожикистон фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш учун таклифнома асосида расмий рухсат олишлари лозим.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг шу йилнинг июнида ўтган расмий учрашувлари чоғида чегара ҳамда икки давлат ўртасидаги қатнов масалалари ҳам муҳокама қилинган, бироқ чегарадаги аҳвол ҳозирча ўзгаргани йўқ.

Чегарадаги тўқнашувдан кейин Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам Тожикистон президенти билан учрашиб, чегара муаммоларини муҳокама қилишган. Лекин бу учрашув ва ҳукуматлараро комиссия фаолияти давомида яна бир карра маълум бўлдики, икки давлат ўртасида чегара масалалари бўйича бири-бирини тушунишга тўсиқ бўладиган муаммолар жуда кўп экан.

Чегарада йиғилган одамлар мурожаати бўйича ҳозирча икки давлат расмийларидан жавоб бўлгани йўқ.

Оқбура, Бишкек

Расм Озодй сайтидан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг