Ана холос! Қирғизистон президентига куёв бўлишга даъвогар қамоққа олинди

Аввалроқ бу йигит машуқаси қўлини сўраш маросими учун вертолёт ёллаб, президентни уят қилган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг жияни, ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатиб келаётган Лазат Нурқўжўевага уйланиш истагини катта дабдаба билан намойиш қилган Афтандил Сабирбеков қамоққа олинди. Суд қарорига кўра, йигит тергов амаллари тугагунча, яъни 3 августгача тергов изоляторида ўтириши лозим.

Ёш қизнинг орзуларини чил-парчин қилган Сабирбеков Жиноят кодексининг 282 моддасининг 3 қисми (Гиёҳванд ва психотроп моддаларни ва уларнинг ўхшашларини сотиш мақсадида йирик злчамда ноқонуний равишда тайёрлаш) билан айбланмоқда. Гумонланувчи 5 июл куни милиция ходимлари томонидан қўлга олинган, лекин бу ҳақда энди маълум бўлди.

Агар унга қўйилган айбловлар исботланса, айбланувчи мол-мулки мусодара қилиниб, 12 йилдан 15 йилгача қамалиши мумкин. Демак, деярли бошланган тўй ҳақида энди гап қилмаса ҳам бўлади.

Президентнинг матбуот котиби Асқат Алагўзов Сабирбековнинг қамалганини тасдиқлади. Унинг айтишича, йигитнинг президент оиласига яқинлашишдан мақсади – ҳокимият органларида ўзига “ҳимоячи” топиш бўлгани аниқланди деб тахмин қилишга асос бор.

“Шуни таъкидлаб айтаманки, президент Садир Жапаров ким бўлишидан қатъи назар ноқонуний иш қилганларнинг айбини яшириб, уларни ҳимоя қилмайди”, – деб ёзди Алагўзов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, бўлажак куёв ҳақида мамлакат президенти жиянининг қўлини сўраш учун вертолёт ёллаб, соатига 2300 доллар тўлагани маълум бўлгандан кейин катта шов-шув тарқаган эди. Икки ҳафта аввал кимлиги тўла ошкор қилинмаётган бўлажак куёв президент жиянининг қўлини сўраш учун дабдабали маросим ташкил қилган. Бунинг учун у президентнинг жиянини вертолётда тоққа олиб чиқиб, унга ўзи билан турмуш қуришни таклиф қилган.

Оддий ҳисоб-китобларга кўра, вертолёт ёллашга кетган пул мамлакатда давлатдан нафақа оладиган кам таъминланган оилаларнинг 13 тасига йил давомида нафақа бериб туришга етади. Муҳтож оилаларга бериладиган давлат нафақаси ўлчами 1200 сўмни (салкам 14 АҚШ долларига тенг) ташкил қилади.

Қўл сўраш маросимда ҳар икки томондан ўнлаб одамлар иштирок этиб, воқеанинг видео тасвири ижтимоий тармоқларда тарқалган. Бу воқеа кўплаб танқидларга сабаб бўлган. Маросим учун ишлатилган вертолёт мамлакат Фавқулодда ҳодисалар вазирлигига тегишли экани ҳам одамларда катта норозилик пайдо қилган.

Шундан сўнг амалдорлар ва халқни ортиқча дабдабасиз, оддий яшашга ундаб келаётган Қирғизистон президенти Садир Жапаров икки ёшнинг бу ишлари учун халқдан кечирим сўраган эди. Давлат раҳбари ўзининг «Қабар» миллий ахборот агентлигига берган анъанавий интервьюсида яна бир бор давлат раҳбарининг яқин қариндош-уруғлари бошқаларга ўрнак бўлиши ва турли маросимларда исрофгарчиликка йўл қўймаслиги кераклигини айтган. У бўлажак куёв боладан норози эканини ҳам яширмаган.

“Жияним учун халқдан узр сўрайман… Ҳеч бўлмаганда бўлажак куёвим мени қўллаб-қувватлаб, ўйлаб қадам босиши керак эди. Агар президентга қариндош бўлиш нияти бўлса, ўзини ҳам, давлат раҳбарини ҳам танқид остига қўймаслик ҳақида ўйлаши керак. Оддий тарзда ҳам қўл сўраш мумкин. Агар улар бир-бирларини ёқтиришса, жияним уни рад этармиди”, – деган эди Жапаров.

Президент Садир Жапаров укасининг қизи бўлган Лазат Нурқўжўева норасмий ўтказилган “Қирғизистон гўзали” танлови ғолиби бўлгани билан маълум. Лекин бу танлов ва унинг натижасини халқаро “Сайёра гўзали” танлови ташкилотчилари тан олмаганлар. Халқаро гўзаллар танловида бошқа қиз – Алтинай Бўтўярова иштирок этган. Унга президентнинг дўсти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг жияни уйланган.

Қирғизистон президенти давлатга тегишли вертолётдан фойдаланилгани бўйича ҳам изоҳ бериб, Фавқулодда ҳолатлар вазирлигида учта янги вертолёт борлигини эътироф этган. Вазирлик бу вертолётларидан ўз эҳтиёжлари учун тижорат асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга. Тижорат учишларидан тушган пул ҳеч бўлмаганда техникани ёқилғи билан таъминлаб туришга яраб туриши мумкин.

Вазирлик эҳтиёжларини қондиришдан ташқари бу техниканинг доимий равишда учиб туриш лозимлиги, акс ҳолда уларда техник носозликлар пайдо бўлишини ҳам айтган президент, улардан истаган одам фойдаланиши мумкинлигини билдирган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг