Ўзбекистон Қирғизистоннинг туристик салоҳиятига алоҳида қизиқиш билдирмоқда
Қардош давлат аҳолисини Қирғизистоннинг гўзал табиати алоҳида мафтун қилмоқда.
Шу кунларда Жалолобод вилоятидаги Сичқон дарасида Қирғизистон жанубида сайёҳлик мавсумининг очилишига бағишланган “Таътил-2024” сайёҳлик хизматлари кўргазма-ярмаркаси ўтказилмоқда.
Ярмаркада Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, вилоят раҳбарлари, Ўзбекистондан келган турли даражадаги вакиллар делегацияси, Тўқтўғул тумани ҳокимлиги ва маҳаллий тадбиркорлар иштирок этмоқдалар. Бундан ташқари тадбирга бошқа турли мамлакатлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюришган.
Қирғизистон Савдо-саноат палатаси (ССП) президенти Темир Сариев ўз нутқида тадбирдан кўзланган мақсад – юртимизнинг гўзал масканларини тарғиб қилиш эканини алоҳида таъкидлади.
“Сайёҳлар келганда эсдалик совғалар сотиб олишади ва табиийки, нимадир ейишади. Шу боис асал, қурут ва бошқа миллий маҳсулотлар байрамини ташкил этдик. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини сотиш имкониятини бериб, уларни қўллаб-қувватламоқчимиз”, – деди Сариев.
Наманган вилояти ОАВ бўлими бошлиғи, Ахсикент археология боғи директори Анвар Икром Ўзбекистон аҳолисининг Қирғизистон табиатини ўрганишни истаётганини маълум қилди.
Анвар Икромга кўра, Ўзбекистон Қирғизистоннинг сайёҳлик салоҳиятига алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Сайёҳлар оқимининг ортишига мамлакатлар ўртасидаги чегараларнинг очилиши ёрдам берган. Рақамларга эътибор берсак, 2024-йилнинг ўтган олти ойида Ўзбекистонга Қирғизистондан 400 минг сайёҳ борган. Ёзнинг иссиқ кунларида Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистоннинг Иссиқкўл, Арслонбоб ками соя-салқин, сўлим масканларига кела бошлайдилар.
– Давлатларимиз раҳбарлари Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёевнинг қатъиятлари туфайли “Учқўрғон-Кенгсой”, Кербен каби чегара постларини очмоқдамиз. Шунингдек, мамлакатлар ўртасида автотранспорт кўпайганини ҳам қайд этишни истардим. Бу чора-тадбирлар мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик оқимининг ошишига хизмат қилмоқда”, деди меҳмон.
Анвар Икромнинг қўшимча қилишича, уларнинг ушбу сафардан кўзлаган мақсадлари – ўзбекистонлик сайёҳларни Қирғизистонга жалб этишдир.
“Бугун мен билан бирга 10 нафар туроператор келиб, Сари-Челак, Қора-Қамиш ва Сичқон дарасига ташриф буюришди. Туроператорларимиз хурсанд, энди биз Ўзбекистондан минглаб сайёҳларни олиб келамиз. Ишончимиз комилки, Ўзбекистондан сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошади ва бу бизнинг мақсадимиздир”, – дея қўшимча қилди Анвар Икром.
Сичқон дараси Жалолобод вилоятининг Ўш-Бишкек автомагистрал йўлининг Тўқтўғул туманига қарашли бўлимида жойлашган. Бу сўлим маскан, шимол томонда қимизга бой Суусамир водийсига уланиб кетади.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди