Эркакларга нима бўляпти? Нафс балосига таслим бўлганлар қамалди, лекин…
Вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилганлар орасида милиция ходими ҳам борлиги аниқланган.
Ўзбекистоннинг Навоий шаҳрида 16 ёшга тўлмаган қизни бир гуруҳ йигит зўрлагани, камига бу ишга Навоий шаҳар Ички ишлар бошқармасининг терговчиси ҳам қўл ургани ҳақида Kun.uz нашри хабар берди.
Воқеа маълум бўлгач, Навоий шаҳар прокуратураси бу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг “Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий нарсалар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш” (128-1) моддаси билан жиноий иш қўзғатган.
Бу иш бўйича тергов натижаларига кўра Навоий шаҳар судининг 2024-йил 7-июндаги ҳукми билан шаҳватпарастларнинг икки нафари 3,5 йил, биттаси 4,5 йил ва яна бири 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Зўравонларнинг энг каттаси 23, энг кичиги эса 18 ёшда бўлган.
Жиноий иш материалларида қайд этилишича, 2023-йилнинг декабрида Навоий шаҳрида жойлашган музқаймоқ сотиш шохобчасининг ертўласида бир гуруҳ йигит 2008-йилда туғилган қиз билан навбатма-навбат жинсий алоқада бўлишган.
Мазкур ишни тергов қилиш жараёнида аниқланишича, Навоий шаҳар ички ишлар терговчиси Н. ҳам 2024-йилнинг январида худди шу қиз билан Тошкентда малака ошириш курсида ўқиб юрган вақтида жинсий алоқа қилгани аниқланди. Бу ҳолат юзасидан Навоий вилояти прокуратураси томонидан жиноят иш очилиб, терговчи ҳам қамоққа олинган.
Ҳозирда яна уч йигитнинг юқорида айтилган вояга етмаган қизни зўрлаганлик ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида вояга етмаганлар, ҳатто мактаб ёшига етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик қилингани бўйича хабарлар кўплаб тарқала бошлади. Айниқса, ахборот майдони нисбатан эркин бўлган Қирғизистонда бундай хабарлар тез-тез чиқиб туради. Тажриба кўрсатиб турганидек, бу муаммо бошқа қўшни давлатларда ҳам долзарб, фақат бундай ҳолатлар овоза қилинмай қолиб кетмоқда.
Қирғизистонда жинсий зўравонликка қарши кураш ҳақида турли даражаларда жуда кўп айтилади. Бу жиноят учун жавобгарлик бир неча марта кучайтирилди. Лекин қонунларнинг ижроси ночорлиги туфайли бу борада ижобий ўзгаришлар йўқ ҳисоби. Бизнинг мусулмон эркакларга нима бўляпти ўзи? Нима сабабдан динимиз ва миллатларимиз кескин қоралаган, ҳатто ҳайвонлар ҳам қилмайдиган ушбу кўриниш бу қадар қулоч ёймоқда?
Юқорида тилга олинган воқеа тафсилотлари яхши маълум бўлмагани боис бир нарса дейиш қийин, лекин гуруҳ бўлиб, бунинг устига вояга етмаган қиз билан жинсий алоқада бўлиш учун бу енгил жазо бўлганини айтиш керак. Кўп ҳолатларда айнан жиноятчиларнинг енгил жазо олиши ёки умуман жазодан қутулиб қолиши бу жиноятнинг янада кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.
Иккинчи томондан, вояга етмаган қизнинг бу қадар осон алданиб, ўзининг қизлик номусини бу қадар хорлашларига рози бўлиши ҳам савол туғдирмай қўймайди. Қолаверса, бу ишни касб қилиб олиб, кейин қўшимча пул ундириш мақсадида милицияга ариза берганлар ҳам оз эмас. Демак, муаммонинг яна бир илдизи – таълим-тарбия ишларининг ночорлашиб кетганида.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди, хабарга бевосита алоқаси йўқ