Салкам уч миллион: Ўзбекистонга қўшни давлатлардан туристлар оқими кўпаймоқда
Ушбу давлатни танлаган сайёҳлар сони бўйича Тожикистон ва Қирғизистон пешқадамлик қилишмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга саёҳат қилиш мақсадида ташриф буюрган хорижликлар сони 2,8 миллион нафардан ошган. Бу ҳақда мамлакат статистика агентлиги маълум қилган. Агентлик шунингдек бу кўрсаткичнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан салкам 10 фоизга (248,2 минг нафарга) кўп эканини ҳам билдирган.
Бу ўлкага саёҳат қилишни истаган одамлар сони бўйича қўшни давлатлар пешқадамлик қилишмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг январ-май ойлари давомида Ўзбекистонга 870 мингдан кўпроқ тожикистонлик, салкам 860 минг нафар қирғизистонлик ва қарийб 500 минг нафар қозоғистонлик келиб кетган. Бу Ўзбекистонга саёҳат қилиш мақсадида бутун дунёдан ташриф буюрган сайёҳларнинг деярли 80 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистон ни қадимий-тарихий ёдгорликларга бой бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлари, замонавий Тошкент, хилма-хил ва нисбатан арзон бўлган таомлари ва меҳмонхоналари, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва ширинсўзлиги билан ўзига жалб қилади. Афсуски, охирги пайтда Ўзбекистонда ҳам нарх-наволар тинимсиз кўтарилиб бормоқда ва бу охир-оқибатда сайёҳлар оқимига салбий таъсир қилиши сайёҳлар. Чунки арзон нарх-наволар сайёҳларни ўзига жалб қилувчи асосий омиллардан бири ҳисобанади.
Кўрсатилган даврда Ўзбекистонга Россиядан қарийб 290 минг, Туркманистондан деярли 54 минг нафар сайёҳ келган. Олис чет элларга келганда, Туркиядан 42 минг нафардан кўпроқ, Ҳиндистон ва Хитойдан 23 минг нафар атрофида, Италиядан 15,3 минг, Жанубий Кореядан 15,1 минг ва бошқа ўнлаб давлатлардан 150 минг нафар атрофида туристлар келиб кетишган. Ўтган йили мамлакатга 7 миллионга яқин одам туристик мақсадда келгани айтилган.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатга келаётганларнинг аксарияти, 2 миллион 237 минг нафардан кўпроғи қариндош-уруғларини йўқлаш учун келган. Том маънодаги сайёҳлик мақсадида 426 мингдан кўпроқ одам келган. Бундан ташқари 68 минг 400 нафар чет эллик хизмат юзасидан келган бўлса, 51 минг 500 нафари тижорат ишлари билан ташриф буюришган. Яна 46 минг нафардан кўпроқ одам даволаниш учун, 7 минг 400 нафар ёшлар ўқиш мақсадида Ўзбекистонга келган.
Ўзбекистон каби Қирғизистонда ҳам сердаромад соҳа сифатида туризмга катта эътибор берилади. Ўтган 2023 йилда Қирғизистон расмийлари мамлакатга 10 миллион киши атрофида туристлар келганини иддао қилган. Ўзбекистонда бўлгани каби бу ерга ҳам одамлар асосан қўшни давлатлардан қариндошларини зиёрат қилиш учун келишади.
Нима мақсадда келган бўлсалар ҳам, одамлар борган жойларида бозор-учар, транспорт, озиқ-овқат ва бошқалар учун маълум миқдорда пул қолдириши, бу эса мамлакат иқтисоди ва маҳаллий аҳоли даромади учун муҳим экани маълум.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди