Ақлимиз киряпти: Шу боис кўплаб ахборот агентликларининг иши касод бўлиши мумкин
Сўнгги пайтларда бутун дунё бўйлаб одамларда янгиликларга қизиқиш сусайиб бораётгани аниқланди.
Рейтер агентлигининг Журналистикани ўрганиш институти томонидан ўтказилган глобал тадқиқот натижаси аниқланишича, дунё бўйлаб тобора кўпроқ одам янгиликлар кўриш ва эшитишдан совиб бормоқдалар. Бунга сабаб сифатида уларнинг «зерикарли» ёки “депрессияга туширувчи” хабарлардан иборат бўлиб қолгани кўрсатилган.
Тадқиқот шу йилнинг бошларида ўтказилиб, бу сўровларда дунёнинг 47 мамлакатида истиқомат қилувчи 95 мингга яқин одам қатнашган. Сўровда иштирок этган ҳар 10 респондентдан тўрт нафари (39 фоизи) ўз истаги билан янгилик ўқишдан бош тортаётганини маълум қилган. Би-би-си нашрининг қайд этишича, 2017-йилда бу кўрсаткич 29 фоизни ташкил қилган эди.
Тахминларга кўра, одамларнинг янгиликлар олисроқ бўлишга интилиши Россия-Украина уруши ва Яқин Шарқда Исроил ва ХАМАС ташкилоти ўртасидаги урушлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, янгиликдан қочишга уриниш рекорд даражада кенг тарқалган.
Тадқиқотда янгиликларни диққат билан кузатиб боришини айтган одамларнинг улуши дунё бўйлаб 46 фоизга қисқарган. Бу 2017 йилдагидан 17 фоизга паст.
Шу билан бирга тадқиқот муаллифлари интернетда видео шаклидаги хабарларнинг, тобора оммалашиб бораётганини таъкидлашган. Бу нарса айниқса ёшлар орасида кенг кузатилади.
Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, хабарларга қизиқишнинг сўниб бораётганига интернет тармоғида чинакам холис ўрнига турли миш-миш ва тўқима “хабар”ларнинг кўпайиб кетгани ҳам сабаб бўлмоқда. Қолаверса, турли урушлар оқибатида, портлашлар, автоҳалокат, қотиллик, табиий офат кабилар ҳақидаги фожиаларни ўқиб, кўравериш одамларнинг жонига теккан.
Яна муҳим омиллардан бири – оммавий ахборот воситалари бугун кўпроқ сиёсий ва геосиёсий кураш қуролига айланиб қолганлар. Натижада улар воқеаларни холис ёритмасдан, ўз хўжайинлари ва ҳомийлари манфаатига мослаб, ёлғон-яшиқ гап тарқатишни касб қилиб олдилар.
Турли тадқиқотлар ва тажриба шуни ҳам кўрсатадики, одамлар яхши, ижобий янгилик ва хабарларни кўпам кўравермайдилар. Турли қирғин ва офатлар ҳақидаги хабарлар кўп истеъмол қилинади ва бу, юқорида айтилганидек, одамлар орасида нохуш кайфият, агрессия, қўрқув каби салбий ҳиссиётларнинг кенг тарқалишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида одамларнинг соғлиги ва яқинлари билан муносабатларига жуда ёмон таъсир кўрсатмоқда.
Афтидан буни одамлар энди тушуна бошладилар. Яхшиликка бўлсин!
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди