Энди ўзаро жанг. Бишкекдаги ур-йиқитда 40 нафарга яқин талаба қатнашган

Бангладеш ва Покистондан келган бу талабалар нимани бўлиша олмай қолгани ҳозирча ноъмалум. 

Қирғизистон пойтахти Бишкекда содир бўлган оммавий муштлашувдан сўнг жами 36 нафар чет эллик фуқаро милиция бўлимига олиб келинган. Свердловск тумани ИИБнинг маълум қилишича, бу ҳодиса 11 июнга ўтар кечаси содир бўлган. Жўжахўрозларнинг асосий қисмига нисбатан маъмурий баённомалар тузилган. Битта талабага жарима солиниб, икки нафари уч суткага маъмурий қамоққа олинган. Айримлари эса тушунтириш суҳбати ўтказилгандан сўнг қўйиб юборилган. Жанжалнинг сабаби ва бошқа тафсилотларини аниқлаш учун суриштирув ишлар давом этмоқда.

Тиббий экспертизада маълум бўлишича, муштлашувда иштирок этган икки хорижлик талаба маст ҳолатда бўлган. Покистон ва Бангладеш дунёнинг энг аҳолиси кўп бўлган мусулмон давлатларидан ҳисобланади. Покистон аҳолиси 241 миллиондан ортиқ бўлиб, унинг 98 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Бангладеш аҳолиси 171 миллиондан ортиқ. Уларнинг 96 фоизи мусулмонлар.

Қирғизистонда турли маълумотларга кўра, 60 мингга яқин чет эллик талаба ўқийди. Уларнинг деярли ярми Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан бўлиб, аксарияти тиббиёт олийгоҳларида таҳсил олишади. Сўнгги пайтда ушбу давлатлардан келган талабалар ва ишлагани келган қуқаролар билан боғлиқ нохуш хабарлар кўп тарқалмоқда.

Жумладан, ички ишлар вазирлиги хорижий талабалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани, уларнинг мамлакатда ноқонуний равишда яшаб, ишлаб юрганлари ҳақида расмий маълумотлар берган. Ана шундай меҳмонларнинг 400 нафари (асосан талабалар) ҳибсга олингани ва ўз юртларига қайтариб юборилгани маълум қилинган.

Май ойида Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Бишкекдаги тикувчилик цехларидан бирида виза муддати ўтиб кетсада ноқонуний равишда ишлаб юргани учун ўттизга яқин Покистон фуқаросини қўлга олган. Бундай маълумотлар маҳаллий аҳоли, айшиқса ёшлар  орасида катта норозилик туғдира бошлади.

Жорий йилнинг 13-майида бир гуруҳ маҳаллий ёшлар чет эллик талабалар ўртасида муштлашув бўлган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, 18-май куни кечаси содир этилган тартибсизликларга айнан ана шу муштлашув сабаб бўлган.

Аввал маҳаллий ёшлар меҳмонларни уриб қўйишган бўлса, кейин чет эллик талабалар ётоқхоналарига келиб безорилик қилган маҳаллий ёшларни калтаклашган. Шундан сўнг бир неча кун ўтгач, маҳаллий ёшлар покистонликлар яшаган ётоқхонага бостириб киришиб, уларни калтаклашган ва пул, қимматбаҳо буюмларини тортиб олишган. Покистонликлар эртаси куниёқ шошилинч тарзда Қирғизистонни тарк эта бошлашди.

Ётоқхонадаги жанжал юзасидан Свердлов тумани ИИБ Жиноят кодексининг 280-моддаси (олдиндан келишиб бир гуруҳ шахслар билан безорилик қилиш) билан жиноий иш қўзғаган. Унинг доирасида 4 нафар хориж фуқароси гумонланувчи сифатида ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган. Кейинроқ жанжални бошлаган маҳаллий ёшлар ҳам қўлга олингани маълум бўлди. Уларнинг Чуй вилоятининг Кемин туманидан экани маълум.

Ана шу воқеалардан сўнг Покистондан 1500 нафарга яқин ва Бангладешдан 1000га яқин одам қонун бузгани учун ўз мамлакатларига қайтарилган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг бир миллиондан ортиқ фуқароси ҳорижда меҳнат миграциясида юрибди. Уларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистонда. Сўнгги пайтларда бу икки давлатда меҳнат муҳожирларига, жумладан, қирғизистонликларга турли кўринишда босим кучайган. Шу сабабли мутахассисларнинг таъкидлашича, меҳнат муҳожирлари оқими аста-секин Европа давлатларига йўнала бошлаган. Бу борада Қирғизистон ҳукумати турли давлатлар билан келишимлар тузиб, муҳожирларни қонуний йўл билан ишлаб келишларига шароит тузилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг