Стратегик шериклик: Россия президенти Владимир Путин Тошкентга келиб кетди

Ўзбекистон Путин қайта сайлангандан кейин давлат ташрифи билан борган учинчи давлат бўлди.

Россия президенти Владимир Путин май ойи бошида бешинчи муддатга сайлаганидан буён давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Уни 26-май куни Тошкент аэропортида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Ташриф учун Тошкент шаҳри кўчалари икки давлат байроқлари ва рамзлари билан безатилди, катта LCD экранларда бу ташрифга доир сўзлар ёзилган.

Даставвал Владимир Путин “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев меҳмонни Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича лойиҳалар ва қурилишига кенг тайёргарлик ишлари бшланиб кетган “Янги Тошкент”нинг лойиҳаси билан таништирди.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, бирга суратга тушгандан сўнг икки давлат раҳбарлари норасмий мулоқотга ўтишган. Путиннинг 26-27-май кунлари амалга оширган ташрифи чоғида давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Асосий дастур 27-майга режалаштирилган бўлиб, томонлар, хусусан, республикада кичик ядровий реакторларга эга бўлган станция қуриш масаласини ҳам муҳокама қилишди. Давлат раҳбарлари Ўзбекистонда Россия лойиҳаси асосида атом электр станциясини қуриш мавзусига тўхталдилар. Бундан ташқари, улар Россия ва Ўзбекистоннинг минтақалари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этдилар. Йиғилишда Россиянинг ўндан ортиқ вилоят ва ўлкалари раҳбарлари, жумладан Чечанистон президенти Рамзан Қодиров ҳам иштирок этди. Ташриф якунида томонлар “икки томонлама ҳужжатларнинг мустаҳкам пакетини” имзолашни режалаштирганлар.

Путиннинг ташриф дастури бажарилгандан сўнг душанба куни ҳам Тошкентда қолиши ғарб журналистларининг эътиборини тортди. Бу ташрифнинг натижали ва самимий ўтганидан дарак бериши таҳмин қилинди.

Ядро уруши хавфи

Ташриф чоғида Владимир Путин Украинадаги уруш мавзусини ҳам четлаб ўтолмади. Журналистлар билан учрашув чоғида Россия раҳбари НАТОнинг таҳдидлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, НАТО раҳбариятини нима билан ўйнашаётганини ўйлаб кўришни маслаҳат берди. Бир-икки кун аввал НАТО раҳбарияти Украинага берган қуролларни Россиянинг ичкарисидаги нишонларни ўққа тутишга рухсат бериш лозимлигини айтган эди.

Бунга жавобан Путин НАТО давлатларининг аксарияти кичик ҳудудда, аҳолиси зич жойлашган эканини эслатди. Яъни, айрим экспертлар таъкидлаганидек, Россия битта ядро қуроли билан Европадаги бутун бошли давлатларни йўқ қилиб юбориш қудратига эга. Бунгача бир неча бор Владимир Путин Россиянинг етарлича ядро қуролларига эга эканини эслатиб, “Россия мавжуд бўлмаган дунёнинг бизга кераги йўқ”, деган эди. Бу сафар ҳам у очиқ айтмасада, ана шунга шама қилди.

Катта аҳамият кашф этувчи ташрифлар

Ўзбекистон Путиннинг бешинчи президентлик муддати бошланганидан кейин ташриф буюрган учинчи давлат бўлди. Ўзбекистонга сафар давлат ташрифи ҳисобланиб, энг юқори дипломатик даража мақомига эга. Владимир Путиннинг Ўзбекистонга аввалги давлат ташрифи 2018-йилнинг октябр ойида бўлганди.

Бундан аввалроқ 16-май куни Россия президенти Хитойга борган. Унда Путин ва Хитой раиси Си Цзиньпин Пекин ва Москва ўртасидаги иқтисодий ва дипломатик муносабатлар, шунингдек, Украинадаги можарони муҳокама қилишган.

24-май куни эса Путин Россия билан иттифоқдош мамлакат бўлган Беларусга борди. Президент Александр Лукашенко билан музокаралар якунида Россия президенти Москва ва Минск ўртасида мудофаа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш давом этишини маълум қилган. Лукашенко, шунингдек, Путин учрашув давомида Беларус учун нефт ва газ нархи бўйича қарор қабул қилганини айтган.

Бунгача Москвадан олисроққа боришдан ўзини тийиб юрган Путиннинг бунчалик қисқа муддатда 3 давлатга ташрифи халқаро кузатувчилар назаридан четда қолмади. Халқаро текширувлар Ўзбекистонни санкцияланган товарларнинг Россияга киришининг асосий нуқталаридан бири сифатида кўрсатмоқда. 2023-йилда Европада Россиянинг «Газпром» монополиясига барҳам берилгач, Россия ўз табиий газини Хитой, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ва Қозоғистон каби давлатларга сотишни бошлаган. Шу аснода Россия гази биринчи бор Марказий Осиё давлатларига етказиб берила бошланди.

Ғарб ва Шарқ ўртасидаги муҳим ҳалқа

Москва Тошкентнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда ва ўтган йил охирида Тошкент бу борадаги биринчи ўринни Пекинга бой берган.

Путиннинг Мирзиёев билан сўнгги учрашуви 9-май куни Москвада, анъанавий Ғалаба паради тадбирлари олдидан бўлиб ўтган. Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида айтилишича, учрашувда “ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик”ни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган, деб хабар беради “Озодлик” нашри. Кейин Ўзбекистон президенти Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари раҳбарлари қатори Қизил майдондаги парадда иштирок этган.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992-йил 20-мартда ўрнатилган. Шундан кейин икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган Давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги шартнома (1992), Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома (2004) ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома (2005) ва бошқа давлатлараро ҳужжатлар имзоланган.

АҚШ ва Европа давлатлари сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлаб, минтақа давлатларини Россия таъсиридан олиб чиқишга уриниб келишади. Барча давлатлар билан тенг муносабатда бўлиш истагини билдирган минтақа давлатлари Россияни ўзининг стратегик ҳамкори сифатида тан олиб келишади. Россия ҳам ўз навбатида бу ўлкалар билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлашга интилиб келмоқда.

Ўз навбатида Хитой, Ҳиндистон каби йирик давлатлар ҳам бу минтақада ўз манфаатларини илгари суриб келадилар.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг