Хавфсиз шаҳар лойиҳасини ўшликлар хавотир ва норозилик билан кутиб олишмоқда

Қирғизистон дунёнинг энг кўп автоҳалокат содир этиладиган мамлакатлари қаторида муқим ўринга эга.

Жорий йилнинг 1-июнидан бошлаб Ўш шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси ишга тушади. У икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда шаҳардаги асосий кўчаларда видео камералар ишлай бошлайди.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси давлат патрул хизмати бўлими бошлиғининг ўринбосари Султанали Эгамбердиевнинг сўзларига кўра, дастлаб бир ой синов муддати бўлади. Мазкур давр мобайнида автомашиналарнинг қоида бузгани сурат ёки видеога олинади, аммо жарима ундирилмайди.

Бир ойдан сўнг эса йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга расман жарима солинади, ҳайдовчиларга бу ҳақда билдиришномалар юборилади.

“Шаҳримизнинг Қурмонжон Додҳоҳ, Ленин кўчалари, Ақ-Тилек, Кулатов кичик туманларидаги Ўсмўнов кўчаларида ҳайдовчилар тезликни ошириб ҳайдашади. Видео назорат камераларининг жилиб юрадиган уч оёқли, стационар турлари айнан шу ерларга ўрнатилади. Чунки биз, йўллардаги транспорт ҳодисалари кўп содир бўладиган жойларни таҳлил қилиб, комиссия хулосаси билан лойиҳа ташаббускорларига тавсия этдик”, – деди Султанали Эгамбердиев.

Ўш шаҳар муниципал мулк бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Мақсатбек Ўрўзалиевнинг маълумотига кўра, лойиҳанинг иккинчи босқичида шаҳардаги кўчаларга йўл белгилари қўйилиб, автотураргоҳлар қурилади. Керакли маблағни эса лойиҳани амалга ошираётган Россиянинг “Мегафон” компанияси беради.

Ўтган йилнинг декабр ойида шаҳар мэрияси танлов эълон қилди, унда Россиянинг «Мегафон» компанияси якка ўзи қатнашди ва ғолиб бўлди. Корхона беш йил давомида кўрсатган хизматлари эвазига 2,5 миллиард сўм даромад олишни мўлжаллаган.

“Лойиҳа маҳаллий ёки Республика бюджетидан амалга ошмаяпти. Бу “Мегафон” очиқ ҳиссадорлик жамияти томонидан сармоя қатори ишга тушмоқда. Беш йил муддат ичида компания ўзининг бир фоизлик хиссасини олади. Бундан ташқари муниципал автотураргоҳлар учун бир нечта жойларни аниқлаб, комиссия эътибрига ҳавола этдик”, – деди Мақсатбек Ўрўзалиев.

Шунингдек, лойиҳа асосида Ўш шаҳрининг 20 чорраҳасига 150 аппарат ўрнатиш режалаштирилиб, унинг 5таси мобил, 11таси кўчма, қолгани стационар бўлади. Биринчи босқичда 60 аппарат, иккинчи босқичда эса 90 аппарат қўйиш режалаштирилган. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ноябр ойидан тўлиқ ишлай бошлайди.

Бу билан боғлиқ ташвишлар ҳам йўқ эмас. Масалан, йўллардаги тирбандликлар, автотураргоҳларнинг йўқлиги, ушбу ишни амалга оширишда қийинчилик яратади. Бундай фикрларни шаҳар аҳолиси, ҳайдовчилар билдиришмоқда.

Ўзини Бахтиёр деб таништирган ҳайдовчи: “Давлат дастлаб, йўллардаги чуқурларни ямаб, таъмирласин. Битта ёмғир ёғса, йўл 40та жойидан тешиляпти. Камералар ишга тушса, қаерга қараймиз, йўлни чуқуригами, ёки камерага сурат тушишдан сақланишгами”, – дейди.

“Бу – аниқ бировнинг бизнеси. Бизнес ҳам эмас, оддий халқнинг чўнтагига қўл солган қароқчилик. Аҳоли эплаб 10-15 сўм топса, шуни ҳам имкон қадар шилиб олиш буларнинг мақсади”, – дейди Эламан исмли яшовчи.

“Йўл четида турган автомашиналарга автотураргоҳ қилиб, тирбандликларни олдини олиб, кейин лойиҳасини ишга туширмайдими? Машиналар [жой йўқлиги сабабли] хоҳлаган жойига тўхтайди. Аввал шуларни тартибга солсин”, – дейди Сидиқ Сабитов исмли такси ҳайдовчиси.

Аммо лойиҳа координаторларидан бири Ўткирбек Мавлянов бу каби муаммолар мамлакатнинг ҳамма жойида борлигини, ҳатто пойтахт Бишкекда, Россияда, Ўзбекистонда ҳам бўлганини таъкидлади.

“Ўш шаҳрининг йўллари собиқ Совет Иттифоқидан қолган, шундан бери ўзгармаган. Ҳозирда йўлни кенгайтиришнинг имкони йўқ. Бишкекда ҳам автотирбандликлар бор. Лекин хавфсиз шаҳар лойиҳаси икки йилдан буён ишламоқда”, – дейди Ўткирбек Мавлянов.

Ўшдаги чорраҳаларга ўрнатилган камералар қуйидаги қоидабузарликларни аниқлайди:

  • тезликни ошириш;
  • автомобил транспорт воситалари ҳаракатланадиган бўлакка кириши;
  • қарама-қарши чизиқни кесиб ўтиш;
  • хавфсизлик камарини тақмаслик;
  • пиёдаларга йўл бермаслик;
  • пиёдалар ўтиш жойидан нотўғри бурилиш;
  • турли йўл белгиларини эътиборга олмаслик;
  • тўхташ чизиғидан олдин тўхташ, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик;
  • автотранспорт воситаларини тўхтатиш қоидаларини бузиш;
  • пиёдалар йўлида тўхташ.

Ички ишлар вазирлиги томонидан “Хавфсиз шаҳар” тизимидан ташқари, йўл ҳаракати қоидалари бузилишини аниқловчи ўттиздан ортиқ “Автоураган” аппарат-дастурий комплекслари ҳам харид қилинди. Улардан 10 таси стационар, 22 таси мобил.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ишга тушгач, уч йил ичида автоҳалокатлар сони 38 фоизга камайган.

«Хавфсиз шаҳар-2» лойиҳасини ютиб олган Shenzhen Sunwin Intelligent Co. Ltd компанияси етти вилоят, иккита йирик шаҳар, 15 та кичик шаҳар ва 73 та аҳоли пунктига, жами 306 дона видеокузатув қурилмасини ўрнатиши керак эди. Рақамли ривожланиш вазирлиги бу лойиҳа белгиланган муддатда амалга ошмагани учун ўтган йили компанияни судга берган.

Таъкидлаб ўтсак, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси Қирғизистонда илк бор 2019-йилда ишга туширилган бўлиб, мамлакат пойтахтида, Бишкек – Тўруғарт, Бишкек – Ўш автойўлларининг айрим қисмларига видео камералар ўрнатилган. У лойиҳа Россиянинг “Вега” концерни томонидан амалга оширилган.

Қирғизистон дунёнинг энг кўп автоҳалокат содир этиладиган мамлакатлари қаторида муқим ўринга эга. Расмий маълумотларга кўра, 2021-23 йилларда мамлакатда содир этилган автоҳалокатлар натижасида 2342 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 316 нафари ёш болалар.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг