Қирғизистонда яна тартибсизликлар. Кўпчиликнинг дилига ғулғула солган муштлашув
Мамлакат пойтахтида юз берган муштлашувдан сўнг юзлаб чет эллик талабалар уйларига қайта бошладилар.
Сўнгги кунларда жаҳон оммавий аҳборот воситаларида Қирғизистонда яна оммавий тартибсизликлар бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар борлиги ҳақидаги тасдиқланмаган, сўнгида рад этилган хабарлар ҳам бўлди. Шунга қарамай, бу ҳолат Қирғизистондаги қатор элчихоналар ва ҳатто Покистон ва Ҳиндистон каби давлатлар ҳукуматларида ҳам жиддий ташвиш уйғотди.
Жанжал нимадан келиб чиқди?
Покистонлик талабалар шошилинч тарзда Қирғизистонни тарк эта бошлашди. Биринчи чартер самолёт рейси 18-май куни кечқурун Бишкекдан 180 нафар Покистон фуқароси билан Лаҳор шаҳрига етиб келди. Улар орасида тартибсизлик оқибатида жароҳатланганлар ҳам бор. Покистоннинг Бишкекдаги элчихонаси тартибсизликларда 14 нафар фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
Хўш, покистонлик талабаларнинг оммавий турда мамлактадан кета бошлашига нима сабаб бўлди?
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, ушбу тартибсизликка бир неча кун аввал чет элликлар ва маҳаллий аҳоли ёшлари ўртасида чиққан муштлашув сабаб бўлган.
“Озодлик”нинг қирғиз хизмати расмий маълумотларга таянган ҳолда берган хабарига кўра, 13-май куни соат 02:00 да Бишкек шаҳрининг “Восток-5” мавзесида жойлашган пиццерия ёнида осиёлик бир гуруҳ номаълум шахслар хорижлик талабаларнинг йўлини тўсиб, уларнинг кийимларини пайпаслаб, сигарет сўраб, қўрқитишган.
Кимдир қўл кўтара бошлаганда чет эл фуқаролари Атай Ўғўнбаев кўчасида жойлашган ётоқхоналарига қараб қочишган. Милиция маълумотларига кўра, бир гуруҳ номаълум шахслар уларни қувиб бориб, ётоқхонага кирган, у ерда яшовчи хориж фуқароларига куч ишлатиб, уларнинг пуллари ва буюмларини олиб кетишган. Улар турли хоналарнинг эшикларини тепиб, қизлар яшайдиган хоналарга киришганида, ётоқхонада яшовчи хорижлик фуқаролар йиғилиб, меҳмонларни чиқариб юборишга ҳаракат қилган ва ўртада жанжал келиб чиққан. Ушбу ҳодиса юзасидан 4 нафар хорижлик қўлга олинди, ётоқхонада хорижликларга ҳужум қилган тўрт кишидан икки нафарининг келиб чиқиши аниқланди.
Ички ишлар вазирлиги муштлашув тасвирланган видео Instagram’да 17-май куни эълон қилингани ва унда норозиликларга сабаб бўлган ҳақиқий вазият тушунтирилмагани ҳақида хабар берди. Бу видео юзлаб ёшларнинг жунбушга келишига сабаб бўлган. Бу тасвирларнинг кимдир атайлаб оммавий турда тарқатгани ҳақида гумонлар бор.
“18-май куни кечки соат 22:00 атрофида 13-май куни содир бўлган воқеадан норози бўлган ёшлар Бишкекнинг Қурманжан Датқа кўчаси ва Чуй шоҳ кўчаси чорраҳасида тўпланишди. Сони 500 дан 700 га етадиган гуруҳ Атай Ўғўнбаев кўчасидаги ётоқхона ҳовлисида содир бўлган муштлашувда айбдор шахсларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идораларидан чора кўришни талаб қилишди. Милиция ходимлари воқеа жойида тушунтириш ишлари олиб борди, шундан сўнг оломон тарқалди. Кечаси манфаатдор шахслар вазиятдан фойдаланиб, уни издан чиқариш мақсадида мессенжерлар орқали “Бу воқеада ҳалок бўлганлар бор”, – деган маълумотларни тарқата бошлайди.
Худди шу куни тунда Бишкекнинг Қурманжан Датқа кўчасида жойлашган хорижликлар ётоқхонаси ёнида ҳам юзлаб одамлар йиғилади. Ётоқхонадаги жанжал юзасидан Свердлов тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 280-моддаси (олдиндан келишиб бир гуруҳ шахслар билан безорилик қилиш) билан жиноий иши қўзғатилган. Унинг доирасида 4 нафар хориж фуқароси гумонланувчи сифатида ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган.
Хорижликларнинг шахсий мулки талон-тарож қилингани юзасидан уч киши ариза билан мурожаат қилган. Тергов жараёнида ётоқхонада хорижлик фуқароларга ҳужум қилган 4 нафар шахсдан икки нафарининг шахси аниқланган. Уларнинг Чуй вилоятининг Кемин туманидан экани тасдиқланди. Милиция юқоридаги икки шахснинг турар жойи ва бошқа шахсларнинг келиб чиқишини аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
Вақтинчалик чора вақтинчами?
Тунги тартибсизликларда жароҳатланган уч нафар хорижлик фуқаронинг аҳволи барқарор дея баҳоланмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Жилдиз Айгерчинова маълум қилди. Улардан икки нафари Бишкек шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасида, бири эса Миллий госпиталнинг юз-жағ бўлимида даволанмоқда. 18-май куни жағидан жароҳат олган фуқарога жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Покистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси 18-майга ўтар кечаси содир бўлган тўпалон натижасида олти нафар покистонлик касалхонага ётқизилгани, жами 14 нафар фуқаро жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатди.
Ушбу воқеалардан кейин Қирғизистонда таҳсил олаётган покистонлик талабаларни ватанларига олиб кетиш учун чартер рейслар ташкил қилинди. Буни Покистоннинг Бишкекдаги элчихонаси ходими “Озодлик”ка тасдиқлади. Унга кўра, 19-20-21-май кунлари биттадан самолёт қатнови йўлга қўйилади.
“Ўйлайманки, уларнинг аксарияти Қирғизистонга қайтади. Бу уларнинг хавфсизлиги учун кўрилган вақтинчалик чорадир”, — деди элчихона ходими.
Мазкур ҳодисалардан ҳавотирда бўлган қатор хорижий давлатларнинг Қирғизистондаги элчихоналари ҳам ўз фуқароларини эҳтиёт бўлишга чақирди.
Қўшма Штатлар элчихонаси ўз фуқароларини маҳаллий янгиликларни кузатиб бориш, одамлар гавжум жойлардан олисроқ бўлиш ва ҳужжатларини ўзлари билан олиб юриш лозимлиги ҳақида огоҳлантирди.
Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам худди шундай хабар тарқатди. Дипломатик муассасанинг Facebook’даги саҳифасида “Қирғизистонда таҳсил олаётган талабаларимиз ва фуқароларимизга ўз хавфсизлиги учун кўнгилочар масканларга, айниқса, кечки пайтларда бормасликни маслаҳат берамиз”, деган ёзув эълон қилинган.
Аввалроқ Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жаишанкар Twitter’да Бишкекдаги вазиятни кузатаётгани ва юртдош талабаларни элчихона билан боғланишни таклиф қилгани ҳақида ёзган эди.
“Мен Бишкекдаги ҳиндистонлик талабалар билан боғлиқ вазиятни кузатиб боряпман. Вазият тинч эмаслиги айтилмоқда”, — деб ёзган вазир.
Бугун ижтимоий тармоқларда “Қирғизистонлик кўнгиллилар Бишкекдаги чет эл фуқароларига ёрдам бермоқда”, – деган ёзув остида турли озиқ-овқат маҳсулотларини тўпланаётганини акс эттирган видео тарқади.
Расмий баёнотларда нима дейилади?
Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсаловнинг айтишича, 18-майга ўтар кечаси Бишкекдаги ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилади, айбдорлар аниқланиб, жазоланади. Бу ҳақда у 19-май куни Покистоннинг Қирғизистондаги элчиси Ҳасан Али Зайғам билан бирга Бишкекдаги покистонлик талабалар истиқомат қилаётган ётоқхонага ташриф буюрганида айтди.
Шунингдек, у миллий низоларга йўл қўйилмаслиги, Қирғизистон чет элдан сайёҳларни жалб қилишга уринаётгани, “чет элдан келган фуқароларни ҳақорат қилиш қирғизларга ярашмаслиги”ни таъкидлади. Байсаловнинг қўшимча қилишича, мамлакатда ноқонуний меҳнат муҳожирларига чекловлар қўйилганини, мамлакатда таҳсил олаётган хорижлик талабалар ва сайёҳлар, халқаро ташкилотларда ишлаётганлар учун ҳеч қандай чекловлар бўлмаслигини маълум қилди.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам ушбу воқеа юзасидан фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, ўша куни 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган 700 га яқин болалар мамлакатда хорижликлар кўпайиб кетганидан шикоят қилиш учун йиғилган. У оломоннинг талабларини қайсидир даражада тўғри деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, муҳожирлар сонининг кўпайиши муносабати билан расмийлар томонидан апрел ойидан бошлаб тегишли чоралар кўрилмоқда ва кунига 50 нафаргача мамлакатда ноқонуний юрган муҳожирлар аниқланмоқда.
“Қирғизистондаги қонунбузарларнинг аксарияти Покистон ва Бангладеш фуқаролари экани айтилади. Покистондан 1500 га яқин ва Бангладешдан 1000 га яқин одам [қонун бузгани учун] ўз мамлакатларига қайтарилган. Мамлакатда беш мингга яқин ноқонуний муҳожир бор. Оломон орасидаги одамларнинг давлат тузилмасига таҳдид солишга уринишлари ҳам кўриб чиқилади. Жиноятчилар жиноий жавобгарликка тортилади”, – деди Ташиев.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистондан ҳам бир миллиондан ортиқ фуқаро ҳорижда меҳнат миграциясида юрибди. Уларнинг аксарияти Россия ва Қозоғистонда. Сўнгги пайтларда бу икки давлатда меҳнат муҳожирларига, жумладан қирғизистонликларга турли кўринишда босим кучайган. Шу сабабли мутахассисларнинг таъкидлашича, меҳнат муҳоирлари оқими аста-секин Европа давлатларига бурила бошлаган. Бу борада Қирғизистон ҳукумати турли давлатлар билан келишимлар тузиб, муҳожирларни қонуний йўл билан ишлаб келишларига шароит тузилмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм ва видеолар интернетдан олинди