Буюк ғалаба меъморлари: Буюк ғалабани Германияда қарши олган отахон

Жалолобод вилоятида Улуғ ватан уруши қатнашчиларидан тўрт кишигина қолгани маълум бўлди.

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги Арслонбоб қишлоғида истиқомат қилувчи Мурза ота Далиев – вилоят ҳудудида бу йилги Ғалаба кунигача етиб келган 4 уруш қатнашчиларидан бири. Байрам олдидан, 8-май куни Улуғ Ватан урушининг 79-йиллиги муносабати билан унинг уйида катта маросим ўтказилди.

Отахонни табриклаш учун Арслонбобга ҳарбий оркестр ҳамроҳлигида Қирғизистон Республикаси президентининг Жалолобод вилоятидаги вакиллиги ва туман давлат маъмурияти раҳбарлари, Арслонбоб қишлоқ ҳукумати бошлиғи ва Россия Федерациясининг элчихонасидан расмий вакиллар келишди.

Тадбир мактаб ўқувчилари ҳамда вилоят ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган мусиқа ва қўшиқлар жаранги остида ўтди. Фахрийга Қирғизистон президенти Садир Жапаров номидан 100 минг

сўм миқдоридаги ($1,100 атрофида) пул мукофоти, Россия президенти ҳамда вилоят, туман, қишлоқ ҳукуматлари номидан ҳам алоҳида моддий совғалар топширилди. Бундан ташқари турли ташкилотлардан ҳам хилма-хил совғалар тақдим этилди.

Далиев Мурза 1925-йили Арслонбобда туғилган. Урушдан сал аввал, 20 ёшида, 1945-йилнинг январида Совет Армиясига чақирилган эди. Уруш бошланиб кетгач, 12-заҳирадаги полк таркибида урушга кирган. Урушдан кейин ҳам Совет Армиясида кавалерчи бўлиб хизмат қилган ва 1950-йилнинг 25-январида заҳирага чиқиб, уйига қайтиб келган. Урушдан кейин “Арслонбоб ота” ўрмон хўжалигида 25 йил асаларичилик билан шуғулланиб, фахрли нафақага чиққан.

Отанинг айтишича, 1945-йили 9-май, яъни Ғалаба кунида у Польша ва Германиянинг чегарасида бўлган. Германия ҳудудига ғолиблар сафида кириб борган.

“Биз борганимизда уруш якунланиб қолган экан. Польшага, ундан Германияга кириб бордик. Қанчадан-қанча йигитлар, ўғлонлар бу кун учун жанг қилиб, жон фидо қилган. Ғалабага ета олмаганлар кўп бўлди”, – дейди Мурза ота ўша машъум кунларни хотирлаб.

Мурза ота хизматдан келганидан кейин уйланиб, 7 нафар фарзанд, 3 қиз ва 4 ўғилнинг отаси бўлди. Ҳозирда 99 ёшини қаршилаган отахон 33 набира, 78 чевара ва 6 эваранинг бобоси.

Расмий маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида 4 нафар уруш қатнашчиси қолган. Уларнинг каттаси Сирғабай Тўрўгелдиев 100 ёшда. Мосилик Ўрмон ота Дадажонов ва Сузоқлик Мамасали Жумаевлар 98 ёшга чиқишган. Уларнинг ҳар бирига Қирғизистон президенти номидан 100 минг сўм, вилоят раҳбарияти номидан 25 минг сўм ва бошқа совға-саломлар топширилди.

Биз пири давлатларимиз бўлган бу тўрт отахонга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.

Узоқ умр кўрган жалолободлик Улуғ ватан уруши қатнашчиларидан яна бири Гаффон ота Сафин бўлиб, афсуски у Ғалаба кунига икки ой қолганда бу дунёни тарк этди.

 

Оқбура, Бишкек.

Расмлар Далиевларнинг оилавий архивидан ва интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг