Президент Владимир Путин қирғизистонлик ўсмирни медал билан мукофотлади

Келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган Ислом Ҳалилов Москвадаги терактда қаҳрамонлик кўрсатган эди.

Россия президенти Владимир Путин Москва яқинидаги “Крокус сити холл” концерт залидаги теракт пайтида одамларни қутқаришга ёрдам берган уч ўсмирни “Ҳалок бўлаётганларни қутқаргани учун” медали билан мукофотлади. Улар орасида келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган Ислом Ҳалилов ҳам бор. Шунингдек маҳаллий мактаблардан биринг ўқувчиси Артём Донсков ва коллеж талабаси Никита Иванов ҳам ушбу мукофотга муносиб топилган.

Эслатиб ўтамиз, террорчилик ҳужуми натижасида 140 нафар одам ҳалок бўлган. Бу иш бўйича бугунга қадар ўндан ортиқ тожикситонлик фуқаро қўлга олиниб, тергов ишлари давом этмоқда.

Бу фожиа содир бўлган куни эртасигаёқ интернет манбаларда қирғизистонлик 15 ёшли Ислом Ҳалилов ҳақида қалбни ғурурга тўлдирувчи хабарлар тарқалди. Ҳужум пайтида Ислом ўзини йўқотиб қўймай, хизмат мақсадларида фойдаланиш учун берилган карточка-калитидан фойдаланиб, хизмат эшикларини очиб бериш орқали юздан ортиқ фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолган.

Ислом Ҳалилов концертлар залининг гардеробида ишлаб келаётган эди. Ола-тасир бошланганда ўсмир аввалига қўрқиб кетган. Кейин ўзини қўлга олиб, қаёққа қочишини билмай, ўзини ҳар томонга ураётган одамларга йўл кўрсатиб, ходимлар хизмат учун фойдаланиладиган йўллар орқали уларни ташқарига, хавфсиз жойга олиб чиққан.

Бу хабар кенг тарқалгач, Россия мусулмонлари диний бошқармаси Исломни “Хизматлари учун” медали билан тақдирлашга қарор қилган. Мукофот унга ўша ҳафта жума намозидан кейин топширилган.

Машҳур реп куйчиси Моргенштерн эса ёш қаҳрамон оиласига мукофот сифатида миллион Россия рублини жўнатганини маълум қилган. Ислом энди ҳаёти анча енгиллашини айтиб, куйчига миннатдорчилик билдирди. Ўтган йили Украина уруши сабаб Россияда тақиқланган реп куйчиси Моргенштернга Бишкек шаҳрида концерт беришга рухсат берилмаган эди.

Москванинг машҳур “Спартак” футбол клуби ҳам ёш қаҳрамонни тақдирлаш мақсадида ўз стадионига таклиф қилиб, машҳур футболчилар билан учраштирган. Унга бутун йил давомида “Спартак”нинг Москвада ўтадиган барча ўйинларига бепул кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳам совға қилишган. Асли футболга қизиқувчи Ислом учун энди футбол карьераси бошланса ажабмас.

Афсуски, шундай ажойиб қаҳрамонликда ҳам одамлар ёш йигитнинг миллати ҳақида баҳслашишган. Ижтимоий тармоқларда айримлар Ислом Ҳалиловнинг Росияда туғилгани ва Россия фуқароси эканини айтиб, ортиқча ғурурга ўрин йўқлигини ҳам айтиб чиқишган. Афтидан, бунга унинг фамилияси “унчалик қирғизча бўлмагани” ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Айримлар унинг дадаси ўзбек, баъзилар турк миллатига мансуб эканини ёзишди. Ўзбекистоннинг айрим манбалари унинг ўзбек эканини урғулашган. Бунга жавобан ўсмир видео ёзиб, қўллаб-қувватлаганларнинг ҳаммасига миннатдорчилик билдирган ва қирғиз тилида, “Мен қирғизман, Қирғизистон, олға!” деган сўзларни айтган.

Кейинроқ яна бир қирғизистонлик, 32 ёшли Рустам Бақтибеков ҳам ўша фожиа куни ўнлаб одамларни ёнғин бўлаётган бинодан олиб чиқишга кўмаклашгани маълум бўлди. Буни ўша куни кафега овқатлангани келган рус мижозларидан бири тасдиқлаган. Лекин негадир бу хабар расмийлар эътиборидан четда қолди.

Хабарларга кўра, Рустам бир гуруҳ ҳамкасбларини хавфсиз жойга олиб бориб қўйгач, яна бино ичига қайтиб кирган, ярадорларни ва хушидан кетганларни ташқарига олиб чиқишга киришган. Рустам асли иссиқкўллик бўлиб, Москвага 2010 йилда ўқишга борган ва ўқишдан кейин ўша ерда ишлаб, яшаб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг