Сузоқдаги фожиа: Ҳайдовчи болаларга музқаймоқ таратиш учун борган

Унинг эҳтиётсизлги туфайли енгил юк машинаси ўттиздан ортиқ ўқувчини уриб, босиб ўтган.

Жалолобод вилоятнинг Сузоқ туманида содир бўлган фожиада жабр тортганлар сони 30 нафардан ошди. Уларнинг деярли ҳаммаси 9-16 ёшдаги мактаб ўқувчилари. Бахтли тасодиф туфайлигина қурбонлар йўқ. Автомашина ҳайдовчиси қўлга олинган.

Вилоят милицияси берган хабарга кўра, воқеа 2-май куни таҳминан соат 13:00да, “Манас” айтиш чоғида бўлган. Маълум бўлишича, 48 ёшли Б.Ж. исмли “Hyundai-Портер” русумли енгил юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси ҳибсга олинган. Унга қарши Жиноят кодексининг “Автотранспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

“Тегишли хизматларга тергов-тезкор топшириқлари берилди, жабрланганларга суд-тиббий экспертиза тайинланди”, – дейилади хабарда.

Терговнинг дастлабки маълумотига кўра, ҳайдовчи ҳомийлик қилиб, танловда қатнашаётган болаларга музқаймоқ тарқатиш учун борган. У машинани тепаликда тўхтатиб, кабинадан тушган ва телефонда гаплаша бошлаган. Шу пайт машина беҳосдан ҳаракатга келиб, йўлида учраган болаларни уриб-босиб пастликка тушиб кетган.

Тадбир адирликда ўтказилаётгани сабабли пастга қараб катта тезликда кетаётган машинага етиб олиб, уни тўхтатишнинг имкони бўлмаган. Бу пайтда мактаб ўқувчилари ҳеч нарсадан хабари йўқ, гуоуҳ-гуруҳ бўлиб чиқишлар қилаётган бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати жароҳатланганлар 9-16 ёшли ўсмирлар эканини, уларнинг деярли барчаси маҳаллий шифохоналарга ётқизилганини маълум қилди. Болалардан еттитаси жонлантириш бўлимига ётқизилиб, икки нафари операция қилинган. Тўрт нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоларда “Портер” байроқ кўтарган болалар ва катта бир гуруҳи қатор турган вақтда пастга қараб юриб, одамларни урганини кўриш мумкин. Шундан сўнг у бўз уйлардан бирини ҳам уриб, ағдариб ўтиб кетган.

Болаларга психологлар ёрдами уюштирилиб, ёрдам учун Бишкекдан ҳам тиббий ходимлар юборилган. Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, мазкур ҳодисани вазирлик раҳбарияти назоратига олинган. Улар шу мақсадда Сузоққа боришди.

Маълумотларга кўра, юзлаб болаларни адирликка президент қарори асосида “Манас шиори” деб номланган республика синовининг туман босқичини ўтказиш учун олиб боришган. Унда вилоятдан жами 3000 нафар талаба қатнашаётгани ҳам айтилди. Ушбу фожиа ўсмирларни турли оммавий тадбирларга жалб этиш чоғида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Шу кунларда мамлакатнинг барча вилоятларида юзлаб ўқувчилар иштирокида оммавий “Манас” айтиш тадбирлари ташкил этилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм ва видео интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг