Солижон Шарипов: Сайёрамизни ҳимоя қилишимиз ва ғамхўрлик қилишимиз керак

Бугун нишонланаётган Космонавтика ва авиация халқаро кунининг Қирғизистонга бевосита алоқаси бор.

Ҳар йили 12-апрелда жаҳон давлатларида Космонавтика ва авиация халқаро куни нишонланади. Бундан 63 йил аввал шу куни биринчи фазогир Юрий Гагарин инсоният тарихида биринчи бўлиб фазога учган эди. Ўшанда 27 ёшга кирган учувчи «Восток-1» фазо кемасида Бойқўнғир космодромидан фазога кўтарилиб, Ер шари атрофида 108 дақиқа учиб, ерга қайтиб қўнган.

Бу кун Қирғизистон учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ҳамюртимиз, миллатдошимиз космонавт-учувчи Солижон Шарипов 1998 йили фазога учиб Қирғизистонни космонавтлар чиққан давлатлар қаторига қўшди. Шу кун муносабати билан юртимиз, миллатимиз фахри бўлган бу ажойиб инсон, биринчи ўзбек фазогири ҳақида фахр билан икки оғиз ёзишга қарор қилдик.

Космонавт-учувчи, Россия Федерацияси Қаҳрамони, Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони, авиация полковниги Солижон Шокирович Шарипов 1964-йилнинг 24-августида Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида туғилган.

Шарипов 1982-йилда Андижон касб-ҳунар билим юртини ҳисобчилик мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин Совет Армиясининг Приморск ўлкасидаги авиация полкининг техник бўлимида хизмат қилган. 1987 йилда Украинанинг Харков шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юртини тамомлаган, 1994 йилда эса Москва давлат университетини картография мутахассислиги бўйича битирган. 1997-йилда муҳандис-эколог малакасини олди ва шу йили Москва шаҳридаги Давлат нефт ва газ академиясининг магистратура босқичини тамомлади.

У 1998-йили 22-январда Америка-Россия фазо экипажи таркибида Хьюстон (АҚШ) шаҳридаги Линдон Жексон номидаги станциядан Россиянинг 88-чи, дунёнинг 380-космонавти сифатида “Шаттл-Спейc” фазо кемасида парвоз қилган. Солижон бу халқаро экспедицияни борт командири сифатида амалга оширган.

Иккинчи марта фазога 2005-йили 14-октябрда Россиянинг «Союз ТМА-5» космик кемасида борт муҳандиси сифатида амалга ошириб, олти ярим ой давомида фазода бўлган. Бунинг орасида икки бора очиқ фазога чиққан. Жумладан фазо кемасида кутилмаганда вужудга келган носозликни мустақил бартараф қилиб, экипаж аъзолари ҳаёти ва мамлакат эришган илмий-техник тараққиёт натижаларини сақлаб қолган.

Икки халқ, икки давлат фарзанди сифатида ҳар икки парвозида ҳам фазогир ўзи билан Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат байроқларини фазога олиб чиққан.

Солижон Шариповнинг номи ўзи туғилиб-ўсган ва таҳсил олган Ўзган шаҳридаги мактабга ва мамакат шаҳарларидаги айрим кўчаларга берилган. У ўқиган билим даргоҳидаги ўқитувчилар Солижонни болалигидан тенгдошларига нисбатан дилгирлиги билан фарқ қилиб, аълочи ўқувчилар қаторида бўлгани, китобга қизиққани, доим спорт билан шуғулланганини айтишди.

«Солижон иккинчи парвозида, 21-март куни фазодан туриб, бизга қўнғироқ қилди. Кечагидек эсимда, кичкинагина мактабимиз учун фазодан туриб байрам билан табриклаши биз учун шараф. Шундай машҳур космонавт бизнинг билим даргоҳимизда ўқиганидан фаҳрланамиз», – дейди мактаб ўқитувчиси Айсулув Хўджахунова.

Бугун кунда Солижон Шарипов Москва вилоятидаги космонавтларнинг машхур Юлдузли шаҳарчасида яшайди. Юрий Гагарин номидаги Космонавтларни тайёрлаш марказининг биринчи дирекциясини бошқаради. Бундан ташқари йил сайин ўз Ватанига Қирғизистонга ва Ўзбекистонга келиб, ёшлар ва ўсмирлар билан учрашади, уларга муваффақият сирлари ва фазогирлар ҳаётидан сўзлаб беради.

Солижон Шарипов 2014-йил апрель ойида Шимолий қутбга бориб, у ерда расман Қирғизистон давлат байроғини ўрнатган эди.

Парвозлардан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, фазогир минглаб чақирим масофадан Ер куррасининг қандай кўриниши ҳақидаги таассуротлари билан бўлишган.

«Юқоридан сиз одамларнинг табиатга нақадар ёмон муносабатда бўлишини, ҳатто нефтнинг океанларга тўкилишини ҳам кўришингиз мумкин. Ер жуда кичик, мўрт, гўзал, биз уни ҳимоя қилишимиз ва ғамхўрлик қилишимиз керак”, – деган эди у ўз суҳбатларидан бирида.

Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони Солижон Шарипов дунёнинг кўплаб тилларида чиққан қатор китоблар ва сонсиз мақолалар қаҳрамони, “Россия фахрланадиган мусулмонлар” фильмида суратга тушган.

Шарипов Россиянинг «Фазони тадқиқ қилишдаги меҳнатлари учун, Ўзбекистоннинг «Буюк хизматлари учун» ва «Рус-қирғиз дўстлиги» медалларининг соҳиби.

АҚШнинг «НАСА» ташкилоти  «Космосга парвози учун» медалини икки марта олган.

Қирғизистоннинг биринчи фазогири Солижан Шарипов бу йил 60 ёшга тўлади. Биз азиз юртдошимизни бугунги касб байрами билан самимий табриклаймиз ва унга узоқ умр, тани-соғлик ва оилавий ҳаётида ёрқин ва улкан зафарлар тилаймиз.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг