Ҳайит ҳақида хабарлар: Москвада Ийд намози масжидларда ўқилади. Бишкекда ҳам

Кўп йиллардан буён Бишкекда ҳайит намозлари Ҳукумат уйи олдидаги майдонда ўқилиб келаётган эди.

Ҳайит байрамига икки кун қолганда Қирғизистон мусулмонлар идораси Рамазон ҳайити намози бу йил фақат масжидларда ўқилишини маълум қилди. Муфтият матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, дунёда рўй бераётган воқеалар эътиборга олиниб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ҳайит намози 10 апрель эрталаб соат 07:30да ўқилиши белгиланган.

Хабарда дунёда рўй бераётган воқеаларнинг қайси бири бунга сабаб бўлгани айтилмаган. Афтидан, гап 22 март куни Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концертлар залидаги қони туррорчилик ҳужуми назарда тутилган. Ўшанда террорчилар қўлидан ҳалок бўлганлар сони 140 нафардан ошди. Бу жиноятда гумон қилиниб, ўндан ортиқ шас ушланган, уларнинг деярли барчаси тожикистонлик фуқаролар.

Бунгача ҳайит намозлари Бишкекда доимий равишда Ҳукумат уйи (ҳозирда мамлакат президенти ва унинг маъмурияти жойлашган) ёнидаги эски майдонда ўқилар эди. Кейинги йилларда бошқа йирик шаҳарларда ҳам ҳайит намозларини шаҳар майдонларида ўқиш тажрибаси қўллана бошлаган эди. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қирғизистонда амал қиларди.

Нисбатан кенг диний эркинлик туфайли мамлакатда, хусусан пойтахт Бишкекда ҳам масжидлар етарли бўлишига қарамай, ҳайит намозларида одамлар масжидларга сиғмагани туфайли намоз учун марказий майдон танланиб, йилига у ерда 70-100 минг атрофида мусулмонлар намозларини адо қилишар эди. Намозга давлат раҳбарлари, ҳатто президентлар иштирок этган ҳоллар ҳам бўлган.

Шу вақтнинг ўзида Москвадан яхши хабар келди. Яъни, Россия пойтахтида ҳайит намози доимгидан масжидларда ўқиладиган бўлди. Бундан бир неча кун аввал расмийларнинг мусулмонларга бу йилги ҳайит намозини уйларида, имомга онлайн тарзда эргашиб ўқиш тавсия қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Москва шаҳри Мусулмонлар диний бошқармаси тарқатган хабарга кўра, ҳайит намози шаҳардаги уч йирик жомеъ масжидида ўқиладиган бўлди. Улар расман Жомеъ, Тарихий ва Мемориал масжид номлари билан аталади. Бундан ташқари Москва ҳукумати қарори билан ҳайит намози ўқилиши учун яна бир қўшимча жой ажратилди. Бу жой Спортнинг техник турлари маркази ҳудудида бўлиб, у ерда ҳам намоз масжидлардагидек бир вақтда ўқилади.

Бундан ташқари Москва вилояти бўйлаб расмийлар томонидан қирққа яқин жойда ҳайит намозларини ўқиш учун жойлар ажратиб берилган. Барча жойда намоз билан боғлиқ амаллар эрталабки соат 7.00да бошланиб, намоз соат 7.30да ўқилади.

Ўзбекистонда ҳам ҳайит билан боғлиқ яхши хабар тарқалди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” фармонни имзолади. Унга кўра Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистонда 426 нафар шахс афв этилди.

Улардан 135 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 200 нафари эса муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Яна 26 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган, 65 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазо муддатлари қисқартирилган.

Афв этилган шахсларни оиласи бағрига қайтариш, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзига ўтиб, жамиятда ўз ўринларини топиб олишларига ёрдам бериш тегишли вазирлик ва идораларга топширилган.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг