Қонхўрларга алданманг! Ижтимоий тармоқлар террорчиликка ундаш кўпайди
Москвадаги терактдан кейин пул эвазига шундай ишни такрорлаб кўришга чақирувчилар кўпайди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги номаълум шахслар электрон почталар орқали хат жўнатиб, пул мукофоти эвазига терактлар содир этишга чақириқлар тарқатилаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Ички ишлар вазирлиги тарқатган махсус мурожаатда таъкидланишича, сўнгги пайтларда турли мамлакатларда содир этилган террорчилик хуружлари фонида ана шундай хатлар тарқатиш кўпайди. Хат эгалари интернет ижтимоий тармоқлари орқали пул мукофоти эвазига савдо ва кўнгилочар марказлар, мактаблар ва бошқа жамоат жойларини миналаштиришни таклиф қилишмоқда.
«Бу каби провокацион хабарлар асосан Telegram мессенжери орқали юборилиб, унда номаълум шахслар турли миқдорда пул тўлаш, қурол-яроғ билан таъминлаш ва ҳаракатлар режасини юборишга ваъда бермоқдалар”, – дейилади мурожаатда.
Хат олган одам унга рад жавобини берган ҳолда унга нисбатан қўрқитувлар, таҳдидлар бошланади. Провокаторлар ўзларининг фотосуратлари ва рақамларини яширган ҳолда фаолият юритадилар.
“Энг хавфли жиҳати шуки, ёвуз ниятли шахсларнинг хабарлари кўп ҳолларда болаларга юборилмоқда. Шунингдек болаларнинг шахсий маълумотлари орқали уларни қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда», – дейилади ҳужжатда.
ИИВ бундай хабарлар олганда ваҳимага тушмасликка, уларни очиқ чатлар, танишлар ва дўстлар орқали тарқатмасликка, зудлик билан 102 рақами орқали ички ишлар органларига хабар беришга чақирди. Шунингдек бундай хабар юборувчиларни блоклаб, улар билан ёзишма ва суҳбатга киришмаслик тавсия қилинади.
Аввалроқ худди шундай огоҳлантириш билан Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги ҳам мамлакат фуқароларига мурожаат қилган эди. Бу мурожаатда ҳам ана шундай таклифлар, хусусан Россия ҳудудида террорчилик ҳужумларини уюштиришга чақириқ Telegram орқали, жумладан ўсмирлар орасида тарқатилаётганини айтилган.
Биз ҳам ўз навбатида мухлисларимизни огоҳликка чақириб, айниқса фарзандларимизнинг кимлар билан нималар ҳақида гаплашаётганидан имкон қадар хабардор бўлиб бориш лозимлигини эслатамиз. Токи улар ғўрлик қилиб, қонхўрлар қармоғига илиниб қолишмасин.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди