Матраимовлар даври интиҳоси. Бокуда қўлга олинган ака-укалар Бишкекка келтирилди

Уларнинг энг машҳури, миллиардер Райимбек давлат раҳбарларига суиқасд уюштиришда гумонланмоқда.

Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари, «Райим миллион» номи билан машҳур бўлган Райимбек Матраимов ва унинг укаси Тилек Бишкекка келтирилиб, махсус хизмат ҳибсхонасига қамалди. Аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Райимбек Матраимовнинг Озарбайжон пойтахти Боқу шаҳрида юрганини ва тез орада Бишкекка келтирилишини айтган эди.

Кеча, 26 март куни кечқурун, Райимбек Матраимов билан биргаликда унинг ака-укалари Искендер, Тилек ва Ислам ҳам МХДҚ биносига келтирилгани маълум бўлди. Собиқ парламент депутати Искендер Матраимов Дубай шаҳридан ўзи учиб келган. Райимбек ва Тилекни ҳукуматнинг махсус самолётида олиб келишган.

Аввал коррупцияда айбланиб, давлат хазинасига 2 миллиард сўм товон тўлагандан кейин озодликка чиққан Райимбек Матраимовга кейинчароқ янги айбловлар қўйилиб, унга қидирув эълон қилинган эди. Яқинда махсус хизмат ходимлари Озарбайжондан келган бир гуруҳ шахсни қамоққа олиб, уларнинг давлат раҳбарларига суиқасд қилиш режалари бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Тезкор маълумотларга кўра, давлат раҳбарларини йўқ қилишни уларга айнан Райимбек Матраимов топширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Райимбек Матраимовнинг Ўш вилоятидаги Қорасув туманида жойлашган 26 дона мол-мулкига тақиқ қўйган эди. Хатланган объектлар орасида Қорасувдаги энг катта ҳисобланган «Исмоил ота» масжиди ҳам бўлиб, уни Матраимовлар бир неча йил олдин катта тантана билан фойдаланишга топширишган эди.

“Озодлик”, “Клооп” ҳамда Уюшган жиноятчилик ва коррупция тадқиқоти маркази (OCCRP) биргаликда 2019 йилда ўтказган суриштирув натижасида «Райим миллион»нинг Хитойдан Қирғизистонга ноқонуний импортни назорат қилувчи асосий шахслардан бири бўлгани айтилган.

Журналистларнинг аниқлашича, Матраимов ва унинг шериклари Қирғизистондан камида 700 миллион доллар нақд пулни ноқонуний равишда олиб чиқиб кетишган. “Райим миллион” Қирғизистон божхонасида коррупцион тизимларни ташкил этишда айбланиб, 2020-йилнинг октябрида қўлга олинган.

Судда айбига иқрор бўлган Райимбек Матраимов бюжетга бир қисми нақд, бир қисми мулк шаклида 2 миллиард сўм (22,5 млн. АҚШ доллари атрофида) зарарни қоплаб бергач, озодликка чиққан. Суд ҳукми билан у 260 минг сўм жаримага ҳам тортилган. Лекин кўп ўтмай собиқ божхоначи яна қаттиқ танқид остига олинди.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев Матраимовнинг яна аввалги ҳунарини давом эттираётганини айтиб, унинг қаттиқ жазоланишини маълум қилган.

“Энди мамлакатда Матраимовларнинг, Кўлбаевларнинг мафияси бўлмайди. Ҳамма қонун асосида яшайди. Агар Матраимов Қирғизистонда яшагиси келса, “Матис” машинасида юрсин”, деган эди Ташиев ўзининг чиқишларидан бирида.

Кейинроқ, жорий йилнинг 26-январида Қамчибек Ташиев Қорасув туманида ўтган йиғилишда Райимбек Матраимовнинг 80 млн. долларлик мол-мулки мусодара қилинганини айтган.

Бу орада Райимбек Матраимовнинг аввал Туркияга, у ердан эса Дубайга чиқиб кетгани ҳақида хабар тарқалган. Kaktus.media нашри тарқатган маълумотга кўра, Матраимов давлат бюжетига бир неча юз миллион сўм қайтаришга ваъда берган, бироқ ваъдасида турмасдан мамлакатдан чиқиб кетган. Унга халқаро қидирув эълон қилинган.

Райимбек Матраимовнинг бир туғишган акаси Искендер Матраимов Қирғизистон парламенти депутати бўлган. У укасига қўйилган айбловларнинг асоссиз эканини айтиб келади. Бир неча ой аввал у катта босим остида депутатлик мандатини топширган.

“Унинг барча мол-мулкини давлат ҳисобига оламиз. Матраимовга бир сотих ер ҳам қолдирмаймиз. У энди оддий одам бўлади, “Райим миллион” бўлмайди”, – деган эди Қамчибек Ташиев.

«Райим миллион» лақаби билан танилган 52 ёшли Райимбек Матраимов 1997 йилдан Божхона тизимида ишлаб келган. 2007-15 йилларда Давлат божхона хизматининг аввал Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи, кейин Жанубий бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. 2015-2017 йилларда эса Давлат Божхона хизмати раисининг ўринбосари даражасида фаолият юритган.

Унинг битмас-туганмас бойликлари ҳақидаги миш-мишлар кўпайиб, унинг номи билан боғлиқ ғавғолар бошлангач, 2017 йили ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев уни ишдан бўшатган. Кейин янги партия тузиб, парламент сайловларида иштирок этган ва унинг партияси парламентда тузуккина ўрин олишга эришган. Лекин халқ норозилиги туфайли сайлов натижалари бекор қилиниб, охир-оқибатда Матраимовни дўст тутган президент Сўўрўнбай Жеенбеков ҳам лавозимидан кетган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг