Кутилмаганда: Ўзбекистонлик машҳур Салимбой Абдувалиев олти йилга қамалди
Ўтган йилнинг охирида қўлга олинган “Салимбой”нинг уй қамоғига чиқарилгани ҳақида айтилган эди.
Ўзбекистонда “Салимбой” номи билан танилган, жиноят оламининг етакчи вакилларидан бири саналган Салим Абдувалиев олти йилга қамалди. Тошкент шаҳри суди тарқатган хабарга кўра, бу ҳақдаги ҳукмни 19-март куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди чиқарган.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уюшган жиноятга қарши кураш кучайтирилгани ҳақида баёнот бергач, 2023-йилнинг декабрида Салим Абдувалиев ҳам қўлга олинган. Кейинроқ турли миш-мишлар орасида Абдувалиевнинг уй қамоғига чиқарилгани ҳақида маълумот ҳам тарқалган эди.
Миробод тумани суди Салим Абдувалиевни “контрабанда” бўйича айбловнинг жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жавобгарликдан озод этган. Бироқ у “ўқотар қурол, ўқ-дорилар, ўқотар қурол асосий қисмлари, портловчи моддалар, портлатиш воситалари ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомала қилиш” бўйича айбдор деб топилиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Ёши 74ни қаршилаган Абдувалиев жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлди.
Тадбиркор 2017-йилнинг январидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт кураши турлари ассоциациясининг раиси сифатида ишлаб келаётган эди. Турли йилларда у турди хил давлат мукофотлари ва унвонлари билан тақдирланган.
Салим Абдувалиев турли манбаларда “Ўзбекистондаги энг нуфузли тадбиркорлардан, мамалкат спорти ҳомийларидан бири сифатида таърифланиб келган. Шу вақтнинг ўзида у жиноят оламининг таъсирли етакчиларидан экани ҳам айтилади. Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан Вашингтон ўртасидаги ёзишмаларда у яна бир таниқли тадбиркор ва спорт ҳомийси Ғафур Раҳимов билан бирга “Ўзбекистоннинг криминал авторитетларидан бири”, деб сифатланади. Бу ёзишма машҳур “Вакиликс” сайтида эълон қилинган.
Салим Абдувалиев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида маълум муддат чет элларда юришга мажбур бўлган бўлса ҳам, кўп йиллардан бери Тошкентда бемалол яшаб, ишбилармонлик билан шуғулланиб келаётган эди.
Оқбура, Тошкент.
Расм интернетдан олинди