Бекор гап! Россия сиёсатшуноси Ўзбекистон афғон вертолётини уриб туширганини айтди
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва кейинроқ Толибон ҳаракати вакили бу маълумотни рад этишди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган Афғонистон-Ўзбекистон чегарасида афғон ҳарбий вертолётининг уриб туширилгани ҳақидаги хабарни рад этди. «Бу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди», – дейилади вазирлик берган хабарда.
Ҳарбий вертолётнинг уриб туширилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берар экан, вазирлик ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан маълумот тарқатишда фақат расмий маълумотларга таянишни сўраган. Шунингдек Мудофаа вазирлиги асоссиз ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини эслатди.
Вертолётнинг уриб туширилиши билан боғлиқ хабар Россия сиёсатшунослари жамиятининг таҳлилий маркази раҳбари Андрей Серенко хабар берган эди.
Серенконинг Телеграмдаги каналида айтилишича, вертолёт гўёки Афғонистоннинг Мозори шариф шаҳридан Тожикистоннинг Бадахшон вилояти томон учаётган эди. Серенко афғон вертолётининг қандай қилиб Ўзбекистон ҳаво ҳудудига кириб қолгани ҳозирча аниқ эмаслигини ҳам айтган.
Гўёки уриб туширилган вертолёт бортида 15 дан ортиқ одам бўлганини қўшимча қилган сиёсатшунос маълумотни қаердан олганини ошкор қилмаган.
Кўп ўтмай, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон ҳаракати вакили ҳам бу хабарнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақида маълум қилган. Бу ҳақда Серенко ўзининг Телеграм каналида хабар берган.
“Ҳозиргина Толибоннинг мулойим вакили мен билан боғланиб, Ўзбекистонда афғон вертолётининг уриб туширилгани ҳақидаги хабарни рад этди”, – деб ёзади Серенко.
Толибон ҳаракати дунёнинг кўплаган мамлакатларида террористик ташкилот деб тан олинган, исломий бошқарувга асосланган сиёсий-ҳарбий ҳаракат. Бу ташкилот 2021 йилнинг августида афғон қуролли кучларини осонгина енгиб, мамлакатни ҳокимиятни ўз қўлига олган. Шу билан АҚШнинг 20 давомида 3,5 триллион доллардан ортиқроқ маблағ сарфлаб, у ерда ўзига қарам, дунёвий-демократик давлат тузишга бўлган уриниши пароканда бўлди.
Бугунги кунда Толибон ҳукуматини дунё мамлакатлари тан олишгани йўқ. Лекин, қўшни давлатлар ва Россия каби Ўзбекистон ҳам толиблар билан иқтисодий алоқаларни шакллантириб, Афғонистон ҳудудида бир нечта йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди