Қадамма-қадам: Қирғиз-тожик чегарасининг яна ўн бир чақирими аниқланди

Икки давлат расмийлари баҳоргача чегара чизиқлари тўла аниқланиб бўлишини айтишган.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Тожикистоннинг Бўстон шаҳарчасида икки мамлакат ишчи гуруҳлари Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг яна 10,76 километри бўйича келишувга эришганлар.

Қабул қилинган анъанага кўра, навбатдаги учрашув Қирғизистон ҳудудида ўтказилади.

Сўнгги тўрт ой ичида қирғиз-тожик чегарасининг салкам 196 километри аниқланган. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 февралда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жеенбек Қулубаевни қабул қилиб, учрашув чоғида давлат чегарасининг деярли 90 фоизи тавсифланиб бўлганини айтган.

Сал аввалроқ ҳукуматлар делегациялари Тожикистонда учрашиб, уларнинг раҳбарлари, икки давлат миллий хавфсизлик идоралари бошлиқлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилишини маълум қилишган эди. Имомали Раҳмон ва Жеенбек Қулубаев чегара ҳудудидаги дарёлар сувидан биргаликда фойдаланиш, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий масалаларни муҳокама қилишган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги салкам 1000 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача унинг 664 километри бўйича келишувга эришилган эди, холос.

Бу минтақада энг нотинч ҳисобланган ҳудуд бўлиб, ўртада турли жанжаллар бўлиб туради. Жумладан, 2021 йил ёзи ва 2022 йил кузида бу ҳудудда икки давлат чегарачилари ўртасида қисқа муддатли тўқнашувлар юз бериб, ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган.

Тожикистон томоннинг оғир зирҳли техникадан фойдалангани оқибатида Қирғизистон томондан кўплаб уй-жойлар ва ижтимоий объектлар вайрон қилинган. Юз минглаб одам хавфсиз жойга кўчирилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг