Россияда президент сайлови: Владимир Путин рекорд кўрсаткич билан енгди
Бутун ғарб давлатлари ва мамлакатдаги мухолифат ичидаги бор аламини ташқарига чиқаряпти.
Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин дастлабки маълумотларга кўра, 87,33 фоиз овоз олиб, кеча, 17 мартда ўтган сайловларда мутлоқ ғалабага эришди. Россия Марказий сайлов комиссияси бу маълумотни сайлов бюллетенларининг 99,55 фоизини санаб чиққач, маълум қилди. Сайловчиларнинг 74,22 фоизи овоз беришда иштирок этишган.
Путиннинг рақиблари Николай Харитонов 4,30%, Владислав Даванков – 3,82% ва Леонид Слуцкий 3,20% овоз олишган.
Бешинчи марта президентликка сайланаётган Путин учун бу рекорд кўрсаткич экани таъкидланмоқда. 2000 йили у бўлгани 52,9 фоиз овоз олган бўлса, 2018 йили у 76,69 фоиз сайловчиларнинг қўлловига эга бўлган эди. Жумладан, Украина билан уруш натижасида қўшиб олинган янги ҳудудларда ҳаракатдаги президент 88 фоиздан 95 фоизгача овоз олган.
Владимир Путиннинг ғалабаси шу қадар аниқ эдики, ғарб сиёсий технологлари ҳатто унинг камроқ овоз олиши учун ҳаракат ҳам қилишмади. Лекин сайловга старт берилгандан тортиб, Россия ва Путин ҳақида салбий, одамларнинг хушини учирувчи гапларни тарқатиб келишди. Сайлов натижалари эълон қилингач, бу заҳарли гаплар янада кучайди. Бу гапларда қанчалик ҳақиқат бўлмасин, мамлакатда Путиннинг обрўйи тобора ошиб бораётганини улар ҳам инкор қилиша олмаяпти.
Албатта, норозилик акциялари ва бошқа ҳаракатларсиз бўлмади. Масалан, сайлов куни эрталабдан кичик шаҳарлардан бирида ёш сайловчи қиз овоз бериб бўлгач, сайлов қутисига кўкдори (зелёнка) қуйиб юборгани ҳақидаги видео тарқалди. Овоз бериш жараёнининг якуний, учинчи кунида камида 80 киши ушлангани ҳақида Россияда “чет эл агенти” деб эълон қилинган “ОВД-Инфо” нашри хабар берди.
Волгоград, Уфа, Челябинск каби кўплаб шаҳарларда ҳам сайлов участкаларида содир этилган «майда безорилик» ёки «полиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик» деган айблов билан айрим фуқаролар полиция бўлинмасига олиб кетилган.
Уларга қарши овоз бериш кунлари сайлов участкаларини ёқиб юборишга, варақаларни зелёнка ва бошқа бўёқли моддалар сепиб, яроқсиз ҳолатга келтиришга, шундай йўллар билан сайлов комиссиялари фаолиятига халал беришга уринганликка доир 15 та жиноят иши очилган.
Владимир Путин Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келади. Орада 4 йил (2008-2012 йиллар) Медведев президентлик курсисига ўтириб, ўша йиллари Путин мамлакатни бош вазир сифатида бошқарган. Бу унинг бешинчи президентлик муддати.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди