Соатсоз Брюс Ли: Ҳозиргача эрталабки намоз вақтигача кўчада, ҳовлида югураман

Брюс Ли номи билан машҳур бўлган Мамиржон Сидиқов – Ўшда механик соатларни созловчи ягона уста.

Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи 70 ёшли соатсоз Мамиржон Сидиқов умрининг 50 йилини соатларни созлашга, таъмирлашга бағишлаган.

Собиқ Совет даврида Ўш шаҳрида элликдан ортиқ соатсоз бўлган бўлса, бугунги кунга келиб улар бармоқ билан саноқлигина қолган. Мамиржон ака улар орасида устоз ҳисобланади.

Уста 1968 йили Ўшдаги №11 ўқув юртига соатсозлик бўйича ўқишга кириб, уни битиргач, шу кунгача қанчадан-қанча соатларни таъмирлаб, ўзининг доимий мижозларига ҳам эга бўлган.  Мамиржон ака ҳар қандай механик соатларни таъмирлай олади. У соатга эҳтиёт қисмларни собиқ совет даврида йиғиб қўйганини айтади. Бироқ уста қадимий соатлар, асосан, халқ орасида “Швейцария соатлари” деб танилган соатларни таъмирлаш учун эҳтиёт қисмларни ўзи тайёрлайди.

Соатсозга  таъмир учун олиб келинаётган соатлар орасида замонавийларидан тортиб, 1900 йилда ишлаб чиқарилган Швейцария соатлари ҳам бор. Ўз фаолияти мобайнида 1880 йилда ишлаб чиқарилган “Павел Буре” девор соатлари, 155 йил аввал ишлаб чиқарилган швейцария чўнтак соатларини таъмирлаган.

«Мустақиллик даврининг илк йилларида одамлар орасида механик соатларга бўлган қизиқиш пастлади. Келадиган мижозларнинг сони ҳам озайди. Ўша вақтларда мен нон, музқаймоқ сотиб тирикчилик қилган эдим. Мен, “механик соатга одамлар яна барибир ўтишади”, деб 23 йил кутдим. Унгача Хитой бир марта ишлатиладиган электрон соатларни чиқарди. У 10 сўмдан тортиб 200 сўмгача экан. Одамлар ўшани олиб, механик соатларга қарамай қўйди. Кейин уяли телефон пайдо бўлди. Шундан кейин одамлар мутлақо соат тақмай қўйди. «Сотка»ни чўнтакдан чиқариб, соатига қараш ноқулай бўлгани учун охири тушунганлар яна механик соатларга ўтишди. Лекин бу кунлар ортда қолди», – дейди уста.

Соатсоз механик соатлардан машҳур Швейцария соатларини ёқтирар экан. Уларнинг пухта ишлангани, таъмирлашда қулай эканини таъкидлайди.

У ҳар куни эрталаб 3 километр масофани пиёда босиб, уйидан соатсозлик устахонасига келади.  Бу мўжазгина дўконида уни турли хил соатлар билан бирга антиқа аудио магнитофони кутиб олади. Уста унга аудио кассеталарни қўйиб, ретро ҳинд қўшиқларини тинглайди.

“Икки марта Ҳиндистонга саёҳатга борганман. Шунданми билмадим, ҳинд қўшиқларини тинглашни яхши кўраман”, – дейди Мамиржон Сидиқов.

70 ёшни қаршилаган қаҳрамонимизнинг кўпчиликка маълум яна бир фазилати бор. У спортга ҳам қизиқади. Ҳар куни эрталаб югуради. Шу сабаблими уни таниган, билган ўшликлар Брюс Ли ҳам деб қўйишади.

«Мен Брюс Лининг фанатиман. Армияда хизмат қилаётганимда унинг вафот этганини эшитдим. Шундан кейин унинг фильмлари экранларда намойиш қилина бошлади. Унинг ҳаракатларини кўриб, спортга қизиқа бошладим. Мушакларимга ишлов бердим. Каратэ билан ҳам шуғулланганман. Ҳозиргача эрталабки намоз вақтигача кўчада, ҳовлида югураман», – дейди ўшлик Брюс Ли.

Мамиржон ака ўз вақтида спортнинг бокс ва таэквандо турлари билан ҳам шуғулланган.

Оқбура, Ўш.

Умида Мирзабоева тайёрлади

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг