Тартиб ҳам керак, лекин… Ўшдаги ифтор бозорлари фаолиятига чек қўйилмоқда
Бунга бозор гўёки санитария ва техник талабларга жавоб бермайди деган сабаб рўкач қилинган.
Турли тансиқ таомларга тўла бу бозор 23 йилдан бери фақат йилига бир марта, ойларнинг султони бўлган Рамазон ойидагина ишлаб келаётган эди. Бу ердан миллий таомлардан бошлаб турли хил салатларни, ширинликларни топиш мумкин эди. Уларнинг деярли барчаси уй шароитида, қўлда ва тоза маҳсулотлардан тайёрланган.
Диля Ғаниева 20 йилдан бери ҳар йили 30 кун шу бозорда савдо қилади. У бошқа сотувчилардан фарқли равишда шу ернинг ўзида тандирда товуқ пишириб, балиқ қовуриб сотади. У пиширган таомларнинг ўз харидорлари бўлиб, рўза бошланганда излаб келиб, олиб кетишади.
Бу ўзгача бозорда 100 хилдан ортиқ таомлар сотилади. Ўзбек, қирғиз миллий таомларидан тортиб, мусулмон халқларига тегишли бўлган бошқа озиқ-овқатлар ҳам мавжуд. Турли хил таомлари, салатлари ҳамда ширинликлари билан машҳур бўлган ушбу бозор ҳар йили фақат Рамазон ойидагина шаҳарликларга хизмат қилади. Шу сабаб у шаҳарликлар орасида “Ифтор бозори” номи билан машҳур.
Сотувчиларнинг айтишича, барча таомлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ифтор вақтига етмай сотилиб кетади. Шу сабаб ҳар куни янги таомлар тайёрлаб сотилади. Харидорлар ҳам ўзлари татиб кўриб, ёққанини олиб кетишади. Ҳар куни ифтор вақтигача очилган бозор Рамазон ойи тугагунга қадар ишлайди.
Ҳар йили кунига тўрт соат ишлайдиган ифтор бозорини уюштириш анъанага айланиб қолган. Авваллари фақат бир кўчада жойлашган бозорни ҳозирда шаҳарнинг турли ҳудудларида учратиш мумкин. Аммо шаҳар раҳбарияти бундай очиқ осмон остидаги бозорларнинг фаолиятини тўхтатиш кераклигини билдирди.
Ўш санитария-эпидемиология назорати хизматининг бўлим бошлиғи Гулжан Жеенбаеванинг сўзларига кўра, ўтган йилги Рамазон ойида ифтор бозоридан сотиб олинган овқатдан заҳарланган 8 ҳолат қайд этилган. Бу фақат санитария назорати хизматига тушган шикоятлар.
“Ифтор бозорида сотилаётган озиқ-овқатлардан сотиб олиб, уйига олиб бориб, еб заҳарланган [одамлар]. Бизга мурожаат қилишган. Биз тезкор равишда рейдларга чиқиб, чора кўрганмиз. Тўлиқ материалларни Ўш шаҳар ИИБсига берганмиз. Бу ерда сотилаётган ҳамма нарса хавфли десам адашмайман. Чунки, бу озиқ-овқатлар тез бузилувчи маҳсулотлар қаторига киради. Бирорта ҳам қадоқланган маҳсулот йўқ”, – дейди Гулжан Жеенбаева.
Мазкур хизмат жой-жойларда текширув олиб бориб, озиқ-овқатлар хавфсизлик нормаларига жавоб бермаганига далолат қилувчи камчиликларни топишган. Шу туфайли шаҳар ҳукуматига чора кўришларини сўраб, мурожаат қилишган. Бугунги кунда очиқ осмон остида тартибсиз бозор ташкил қилиш ҳаракатларини бартараф қилиш ишлари бошланди. Бунга албатта савдогарлар қарши чиқишмоқда. Улар бир ой муддат беришини мэриядан сўрашмоқда.
Ушбу бозорга бўғирсоқ пишириб, олиб чиқиб сотадиган Айзирек Рисалиева исмли савдогар, агар у пиширган маҳсулотдан заҳарланган одам бўлса, шахсан ўзи жавоб беришини айтган. У санэпидемиология назоратига текширув чоғида ҳар бир савдогар имзо қўйиб, жавобгарликни ўз бўйнига олганини таъкидлайди.
Яна бир савдогар, Нуролим Каримов Ўш, дейилганда бутун дунё шу ифтор бозорини билишини айтади.
“Интернет тармоқларида ушбу бозордан заҳарландим, деб ҳеч ким айтмаган. Бугунги кунда ҳар бир бўлаётган янгилик интернетда чиқса ҳам. Мэриядан илтимос, озгина тирикчилик қилиш учун имконият яратиб берса”, – дейди у.
Маҳаллий ҳукумат вакиллари, аввало аҳоли саломатлигини таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлигини сақлаш ҳаракатлари олиб берилаётганини таъкидлашади. Азалдан шаҳарнинг Қурмонжон додҳоҳ кўчасида очиладиган ифтор бозорининг ўрнига ҳозирда кўп қаватли уй қурилмоқда. Қурилиш ҳудудининг ёнида ташкил этилган бозор экология, техника талабларига жавоб бермайди.
Сулайман-Тўў муниципал ҳудудий бошқармаси бошлиғи Эмил Қараевнинг маълумотига кўра, Ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги кодекснинг 179-моддаси 1-бандига кўра, йўл четларида савдо-сотиқ, овқатланиш жойлари уюштирган фуқароларга нисбатан қабул қилинган энг кам ҳисоб кўрсатгичининг 30 баробари ўлчамида (3000 сўм, яъни 33 АҚШ доллари атрофида) жарима қаралган.
“Шунга асосан бундай бозорлар ишлашига йўл қўйилмайди. Агар савдо қилмоқчи бўлишса, дастлаб ишхоналар билан келишиб олишлари керак бўлади. Чунки бу ерда аҳоли хавфсизлиги масаласи ҳам бор”, – дейди Қараев.
Ҳозирги кунда ифтор бозорини шаҳарнинг турли ҳудудларида учратиш мумкин. Бундан ташқари кафе-ошхоналар олдида ҳам “Ифтор бозори” номи билан очиқ осмон остида таом сотишга ўтишган. Ҳозирда тегишли муассасалар бу ташаббусларнинг санитар меъёрларга жавоб бермаслигини тушунтиришга ҳаракат қилишмоқда.
Бунгача берилган огоҳлантиришлардан фойда чиқмади. Шу боисдан 14-мартдан бошлаб, тартибсиз савдо қилганларга санитар меъёрларни сақламаганлиги учун билан жарима солина бошланди.
Таҳририятдан: Аҳолиси соғлиги албатта муҳим масала, бу борада қаттиқ тартиб бўлиши мақсадга мувофиқ. Лекин ҳар йили стихияли тарзда очилаётган бу бозорларнинг ишини Рамазон ойигача ҳал қилиб қўйса бўлмасмиди? Масалан, бунинг учун алоҳида, талабга жавоб берадиган жойлар ҳозирлаб қўйиш мумкин эди-ку! Ахир, пойтахт Бишкек кўчаларида ҳам очиқ осмон остида расман қишлоқ хўжалиги ярмаркалари ташкил қилиб туриладику?
Рамазон, тинчлик, яхшилик, хурсандчилик ва баракот ойи. Агар шаҳар мэрияси бу ишни олдиндан билатуриб, сал аввалроқ огоҳлантиришлар берганда ва бундай бозорлар учун алоҳида жойлар ажратиб, шароит тузиб берганда мақсадга мувофиқроқ иш бўлган бўларди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди