Олти минг ёшли қотил: Қирғизистонда чекиш учун жарима уч баробар кучайтирилди
Ўтган йигирманчи аср мобайнида 100 миллион одам тамаки туфайли ажалидан бурун ўлган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров жамоат жойларида чекишни хуш кўрадиганлар учун жарима миқдорини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади.
Янги қонунга кўра, жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилганлар (чекканлар) энди 3000 минг қирғиз сўми (таҳминан АҚШ 33 доллари) миқдорида жарима тўлашади. Бунгача жарима миқдори 1000 сўмни (11 доллар атрофида) ташкил этар эди.
Болаларга тамаки маҳсулотларини сотганлар ҳам энди бу ишни ўйлаброқ қилишади. Чунки бунинг учун жарима миқдори жисмоний шахслар учун 10 минг сўм (тахминан 112 АҚШ доллари) бўлса, юридик шахслар учун 35 минг сўм (391 доллар атрофида) қилиб белгиланди.
Турли хил иш жойлари ва бинолар ичида, аэропорт, темир йўл ва автомобил вокзаллари каби жамоат жойларида тамакининг барча тури, чилим ва электрон сигареталар чекиш тақиқланади. Агар бунинг махсус ажратилган жойлар бўлмаса.
Махсус чекиш жойлари эса, санитария ва ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозланган махсус хоналардан иборат бўлиши керак.
Тарихий манбаларга кўра, тамаки ер юзига Америка қитъасидан тарқалган. Милоддан аввалги тахминан 4000 йил аввал ҳиндулар (Американинг туб, маҳаллий аҳолиси) тамакини истеъмол қила бошлаган. Улар бу ўсимликни чайнаш, чекиш, ҳатто клизма қилиш йўли билан истеъмол қилишгани манбаларда айтилади.
Бу оғу аввалига колониячилар томонидан Европага олиб келинган ва кейин бошқа қитъаларга тарқалган. Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, тамаки ўзини истеъмол қилаётганларнинг тенг ярмини ўлдиради. Бу ҳақда доимий огоҳлантиришларга қарамай, дунёдаги эркакларнинг учдан бири чекишда давом этяпти.
Тамаки таркибида инсон психикасига фаол таъсир кўрсатувчи алкалоид-никотин моддаси бор. Тиббиёт мутахассислари тамак чекишнинг саратон, ўпка, юрак-қон томирлари ҳасталиклари ва соғлик билан боғлиқ бошва муаммолар билан узвий боғлиқ эканини айтадилар.
Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган маълумотларга кўра, тамаки ўтган ХХ аср давомида 100 миллион одамнинг ҳаётига муддатидан олдин зомин бўлган. Жорий юз йиллик ичида тамаки чекиш қурбонларининг сони миллиард кишига етиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди