Ҳаж мавсуми яқин. Маккаи мукаррамада жазога тортилишдан эҳтиёт бўлинг!
Саудия Арабистони Ҳаж қоидаларини бузган зиёратчиларнинг қаттиқ жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирди.
Буюк Ҳаж зиёрати олдидан Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра вазирлиги 2024-йилда зиёратга тегишли рухсатномасиз келган барча давлат фуқароларининг 2 ойдан 6 ойгача қамалиши ва 50 000 риёл (13 330 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жаримага тортилишини маълум қилди.
Бундан ташқари янги қабул қилинган қонунга кўра, маҳаллий қонунларни бузган чет эл фуқаролари депортация қилинади ва уларга 10 йилгача Саудияга кириши тақиқланади.
Айни пайтда Саудия Арабистони прокуратураси зиёратчиларни “ноқонуний молиявий ёрдам” билан шуғулланмаслик ҳақида ҳам огоҳлантирди.
Расмий баёнотга кўра, қоидабузарларга қаттиқ жазо, жумладан, етти йиллик қамоқ жазоси берилади. Шунингдек улар 5 миллион риёлгача (қарийб 1 млн. 334 минг доллар) жарима тўлашлари мумкин.
Авваллари ҳам рухсатсиз Ҳажда қатнашганлар жаримага тортилиб, қамоққа ташланган, бироқ унда жазолар янги қонундагига қараганда анча енгил эди. Расмийлар қонуннинг бу қадар кучайтирилиши сабабларини нима билан тушунтиришгани ноъмалум. Тахмин қилиш мумкинки, йил сайин Ҳаж қилишни истаганлар сони тобора ортиб бормоқда ва бу қўшимча муаммолар туғдирмоқда.
Қолаверса, зиёратчилар сони ортган сайин уларнинг бу улуғ фарзни адо этиш бўйича тайёргарлиги сифати пасаймоқда. Мартаба учун, саёҳат учун бир неча бор Ҳаж қилган мусулмонлар сони ҳам ортмоқда. Айримлар Ҳаж амаллари пайтида жараённи расмга, видеога олиш билан банд. Ҳолбуки, зиёратчиларнинг ҳаммаси ҳам тасвири бировларнинг телефонларида қолиб кетишини, кейин турли ижтимоий тармоқларда кезиб юршини истамайди.
Шу вақтнинг ўзида Саудия ҳукумати дунё мусулмонларини ҳайратга солган, уларнинг норозилиги ва ҳатто қаҳрига сабаб бўлган қонунлар ҳам қабул қилмоқда. Жумладан, яқинда Макканинг айрим жойларида спиртли ичимликлар сотиш мумкин бўлган дўконлар очишга рухсат берилди. Буни расмийлар ғарб давлатлари элчихоналари ходимларининг илтимослари билан тушунтирган.
Бу йил Ҳаж мавсуми 14 июн куни бошланади. Жорий йилда Ҳаж сафари учун Қирғизистондан зиёратчилар учун 6060 ўрин (квота) ажратилди.
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси хабарига кўра, 2024-йилда Ҳаж сафари нархи 3750 долларни ташкил қилган. Унинг 2000 доллари олдиндан, сафарга навбатга туриш учун тўланади.
Тўловнинг қолган қисми 27-февралдан 4-мартгача “РСК Банк”да очилган махсус ҳисобга (4-март куни ҳам қўшиб ҳисобланади) иш вақти тугагунига қадар тўланиши шарт.
Ўтган йили ҳаж зиёрати ҳаражатлари 3900 АҚШ долларини ташкил қилган эди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди