Шавкат Мирзиёев: Адолатсизлик бўлмаганда Шерали Жўраев бугун ёнимизда бўлар эди
Ўзбекистон президенти Андижонда буюк ҳофиз номини абадийлаштириш бўйича таклиф киритди.
Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев классик ва замонавий ўзбек қўшиқчилик санъатида ўчмас из қолдирган буюк ҳофиз, Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари артисти, Алишер Навоий мукофоти совриндори Шерали Жўраев номи ҳамиша алоҳида ҳурмат билан тилга олинишини эътироф этди.
Ўзининг 17 феврал куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида давлат раҳбари жамоатчилик билан учрашди. Учрашув чоғида Мирзиёев буюк ҳофизни ёдга олиб, унинг номини абадийлаштириш мақсадида Андижон шаҳридаги санъат мактабига Шерали Жўраев номини бериш таклифини айтди.
Президентнинг таклифига кўра, бу мактаб Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, давлат гранти асосида замонавий кадрлар тайёрлаш масканига айлантирилади. Янги ўқув ва турар жой биноси, зарур инфратузилма объектлари барпо этилади. Бино олдига Шерали Жўраев бюсти ўрнатилади.
«Агар умри давомида адолатсизлик бўлмаганда эди, балки ҳозир Шерали Жўраев ёнимизда бўлар эди, – деди Шавкат Мирзиёев ҳофизнинг узоқ йиллар давомида сиёсий қувғинда юрганини назарда тутиб. – Шерали Жўраев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиевага ўхшаган инсонларни таърифлашга баҳолар етмайди, ҳақиқатда ҳозир бундай инсонлар етишмайди».
Президентнинг таклифини андижонликлар зўр хушнудлик билан қабул қилишди.
Йиғилишда марҳум санъаткорнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраев сўз олиб, кўрсатилган эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорчилик билдирди. У отасининг ижоди икки даврга бўлиниши – 1990-йиллардан бошлаб 25 йил давомида тақиқда юргани, 2016 йилдан эса ҳаёти ва ижодининг иккинчи даври бошлангани ҳақида гапирди.
«Биз ҳар йили мустақиллик байрамини томоша қилиб ўтириб, отамиз чиқармикин, “Ўзбегим”ни айтармикин, деб дуо қилардик, – деди Шоҳжаҳон Жўраев. – Шу кунни сиз отамизга қайтариб бердингиз. У сизни доим ота деб гапирарди, ота менга 40 ёшимни қайтариб бердилар, деганди».
Эслатиб ўтамиз, машҳур ҳофиз Шерали Жўраев 1947 йилнинг 12 апрелида Андижон вилоятининг Асака шаҳрида таваллуд топган. Юзлаб қўшиқлар яратиб, ўзбек қўшиқчилик санъатида ёрқин, ўчмас из қолдирди. “Бола дунёни тебратади” китоби муаллифи, “Шерали ва Ойбарчин” фильмида бош ролни ижро этган.
Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари халқ артисти, Алишер Навоий номидаги мукофот совриндори, “Фидокорона меҳнатлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
Буюк ҳофиз узоқ хасталикдан сўнг 2023 йилнинг 4 сентябрида Тошкентда вафот этди.
Оқбура, Тошкент.
Расм интернетдан олинди