Эҳтиром паради: Ўзбекистон ўзининг буюк аждоди Бобур номини шарафламоқда

Андижонда улуғ шоир ва давлат арбоби, истеъдодли саркарда шарафига илк бор парад ўтказилди.

Ўзбек адабиётининг улуғ намояндаларидан бири, таниқли давлат арбоби ва истеъдодли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан унинг ота юрти Андижонда 14-февралда илк маротаба байрам паради ўтказилди. Мазкур тантанали юришда ҳарбийлар: Миллий гвардия, Ички ишлар зобитлари ҳамда талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Ўн мингдан ортиқ одам қатнашган бу парад шаҳарда байрам шукуҳига ўзгача файз киритди.

Андижон темир йўл вокзали рўпарасида қад кўтарган Бобур ҳайкали олдига эрталабдан шаҳар расмийлари ва меҳмонлар тўпланишди. Тадбирда Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрапов ва бошқа расмийлар, нуфузли меҳмонлар иштирок этишди.

Вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани бугунги шодиёна билан табриклади. Анъанага айланган байрам тадбирлари барча андижонликлар учун катта тантаналарга уланиб кетаётганини мамнуният билан билдирди. Қалбида шеърият ниш урган ёшларнинг қўлидан ёмонлик келмаслигини алоҳида таъкидлади. Бобур шеърияти ошуфта қалбларнинг сафи кенгайиши, буюк шоирга эҳтиром фақат бир кун эмас, йил бўйи давом этишини тилади.

Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ҳам барчани бугунги байрам билан самимий қутлади. Бугунги байрам шукуҳ нафақат андижонликлар учун, балки бутун республикадаги барча маданият масканларию, таълим муассасаларида, ҳар бир ишхона ва корхонада буюк Бобурнинг таваллуд куни кенг нишонланаётганини айтди.

“Бутун дунё бўйлаб бу кунни нишонлаётганининг гувоҳи бўляпмиз”, – деди вазир. – “Аждодларимизга муносиб авлод бўлиш ҳар биримиз учун фарз”.

Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Қирғизистон бўлими бошлиғи, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, профессор Бегижон Аҳмедов Қирғизистондан келган делегация номидан сўзлаб, шоҳ ва шоир Бобурнинг барча муҳиблари ва тадқиқотчилари, мамлакатдаги жамики халқнинг табригини олиб келганини айтди.

“Қирғизистон – Айкўл (бағри кенг. – таҳр.) Манас ва буюк Чингиз Айтматовнинг юрти. Айтматов айтганларки, славян халқларининг шаклланишида Византиянинг роли қандай бўлган бўлса, Марказий Осиё халқларининг ривожланишида ўзбек халқининг роли шундай бўлган”, дея эслатди Аҳмедов.

Тадбирда шоирнинг шеърлари ўқилди, унинг бебаҳо сатрларига басталанган қўшиқлар куйланди. Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институти талабалари, покистонлик Шоҳруххон ва ҳиндистонлик Шабина Муҳиддинлар Бобур рубоийларидан намуналар ўқидилар.

Тадбирда шунингдек Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Андижон бўлими бошлиғи Хуршида Ваҳобжон қизи, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўш шаҳар ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг услубий сессияси раҳбари, Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Илтифотхон Отахонова, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, адабиётшунос Барно Исоқова каби бир қатор расмийлар ва талабалар, ўқувчилар иштирок этишди.

Тадбир ва андижонликларнинг буюк юртдоши ҳақида Андижон Давлат Университетининг Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зокиржон Мамажонов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Бугун барча туркий халқлар учун катта байрам. Орадан беш асрдан зиёд вақт ўтсада, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларини эсласак, ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Чунки у 11,5 ёшида тахтга ўтирган, бир қўлда қаламу, бир қўлда қилич билан ўзидан бой мерос қолдирган буюк шахсдир”, – деди Мамажонов.

Суҳбатдошимиз Бобурнинг Ҳиндистонда уч асрдан кўпроқ ҳукм сурган Бобурийлар сулоласининг асосчиси, моҳир саркарда ва шоҳ бўлиш билан бирга «Бобурнома»дек катта қомусий асар ёзган ижодкор бўлганини, нафис шеърияти билан минглаган қалбларга кириб борган лирик шоир эканини, илмнинг турли йўналишларида ўз муносабати билан ажойиб из қолдирган олим бўлганини тўлқинланиб эътироф этди.

“Шундай дилбар шахсни ёшларга ўрнак қилсак арзийди. Бобур авлодларига мана шундай қирралари билан машҳур бўлган мард инсон ҳақида айтиб, уларнинг онгига ватанпарварлик ғояларини олиб кирсак, мақсадга мувофиқ бўлади”, – деди адабиётшунос.

Байрамнинг кейинги қисми Андижон вилояти ҳокимлигининг мажлислар залида давом этди. “Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий-адабий меросининг Учинчи Ренессанс пойдеворида тутган ўрни” мавзусидаги илмий-амалий анжуманга асосан адабиётшунослар, олимлар, тадқиқотчилар қатнашдилар.

Анжуман кун мавзусига мос ажойиб видеоролик билан бошланди. Кейин Андижон вилоят ҳокимлиги вакили Элёр Ҳолмирзаев бу йил биринчи марта шоҳ ва шоир Бобур Мирзога эҳтиром сифатида шаҳарда парад ўтганини айтиб ўтди. Бу тантананинг ҳар йили ўтказилишини таъкидлади.

Бугунги кунда Андижонда 14,5 минг нафар Бобур исмли инсонлар борлигини эътироф этаркан, “токи, ҳар бир ўзбек ўз фарзандига фахр билан Бобур деб исм қўйсин,”, – деди у.

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди низомида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан 2023-йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида фонд раҳбари Зокиржон Машрапов сўзлади.

Йиғилишда алқаро Бобуршунослик электрон платформаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Арабшунос олим Шокирхон Рустамхўжаев Бобур номидаги халқаро жамоатчилик фонди томонидан чоп этилаётган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами” китобининг тақдим этди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Кенесбай Каримов “Бобурнома” асарининг қорақалпоқ тилига таржимасини намойиш қилди.

“Бобур мирзо юрган манзиллар” мавзусида Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли таржимон ва ёзувчи Тўрабой Жўраев нутқ сўзлади.

Анжуман сўнггида меҳмонларни тақдирлаш маросими бўлди.

Барно Исоқова, Оқбура, Андижон.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг