Чироғингиз ёниқ бўлсин, қўшнилар! Марғилон шаҳар мақом театри жамоаси Ўшда

Қирғизистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунига бағишланган тадбирлар ўтмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан 13-февралда Бобур номидаги Ўш Давлат ўзбек академик мусиқали драма театрида Марғилон шаҳар мақом театри жамоаси ўзининг янги концерт дастурини намойиш этди.

Концерт бошловчиси, Навоий образини яратган маҳоратли актёр, Азизбек Чориев ўз вақтида Ўшда фаолият кўрсатган бетакрор ижодкор, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Фарғона Давлат университети олими, филология фанлари доктори Сиддиқ Мўминдан салом айтиб, унинг шеъридан ўқиди:

“…Чин дўстликнинг баҳоси йўқ, нархи йўқ,

Туркман, қозоқ, қирғиз тилин шарҳи йўқ,

Афғонмисиз, тожикмисиз фарқи йўқ,

Чироғингиз ёниқ бўлсин, қўшнилар!»

Мақом театри директори Фозилжон Исмоилов бошлиқ ижодий жамоани ўшлик томошабинлар илиқ қарши олдилар. Ўш театрининг Дилшодбек Азимов бошчилигидаги мақом ансамбли ижодкорлари уларни куй ва қўшиқлар, рақслар билан кутиб олишди.

Томошабин Илтифотхон Отахоновага кўра, шаҳримизда кезиб юрган байрам шукуҳи, навоийхонлик тадбирлари тугамай туриб, Марғилондан ажиб бир туҳфа сифатида мақом ансамбли ижодкорларининг ташриф буюриши барча ўшликларни хушнуд этди.

Қирғизистонлик шоир Абдураҳмон Арслонов бир шеърида ёзганидек, «Кумушгинам ифорин олиб, Марғилондан келдингми, баҳор?»

“Чиндан концерт юқори савияда ташкил этилган бўлиб, жонли ижрода мақомчиларнинг ижроларидан баҳор насими уфуриб турди», – деди Отахонова.

«Сўз ва соз, оҳанг сеҳри кўнгилларимизга баҳорий кайфият бағишлади. Зални тўлдирган юртдошларимиз концерт тугагандан кейин ҳам зални тарк этгилари келмади», – дейди яна бир томошабин Эътиборхон Ҳожи ая. – “Бобур қадами етган қутлуғ она шаҳримиз Ўшга хуш келибсизлар, дейман».

Дарҳақиқат, ўттиз нафардан зиёд малакали мутахассислардан иборат санъаткорлар, сўз усталари Аъзамжон Ҳакимжонов, Анваржон Мамадалиевларнинг аскиялари барчага яхши кайфият улашди.

Актёрлар Зуҳриддин Мирзаев, Жавлонбек Раҳмонов, Нодира Акромовалар яратган образлар томошабинларга жуда манзур бўлди.

Шунингдек, хонандалар Гулжаҳон Юсупова, Гавҳарой Аҳмедова, Шоҳидахон Жўраева, Гулшаной Ҳакимовалар, созандалар Улуғбек Ўринов, Дониёрбек Ҳалимов, Мухтор Йўлдошев, Абдуманноп Абдураҳимов, Абдураҳим Нурматов, Зиёҳиддин Одилов, Музаффар Қорабоев, Ҳамдамжон Умаровларнинг ҳар бир ижроси томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Икки қардош давлатдаги икки театр ўртасида алоқаларни ўрнатган театр маъмури Дилмурод Ишоновнинг айтишича, охирги уч ой ичида Андижон, Фарғона, Жиззах ва Марғилон театрлари Ўш шаҳрида меҳмон бўлдилар.

Дўстлигимиз бардавом бўлсин!

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг