Давлат тили мажбурий: Балки энди ўзбек тилида имтиҳон топширишга рухсат берилар?

Қирғизистонда энди абитуриентлар олий ўқув юртига кириш учун давлат тилидан имтиҳон топширадилар.

Янги тартиб Қирғизистон Маориф ва фан вазирлигининг буйруғи билан киритилди. Буйруқ 7 февралда имзоланган, бироқ бу ҳақда расмий хабар кеча, 12 февралда чиқди. Буйруққа биноан умумреспублика тести (УРТ) орқали олий ўқув юртларига (мулк шаклидан қатъи назар) кирмоқчи бўлган абитуриентлар энди давлат тилидан ҳам алоҳида имтиҳон топширадилар.

Вазирликнинг расмий сайтида иддао қилинишича, бу имтиҳон абитуриентнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлайди ва олий ўқув юртига киришдаги танлов натижаларига таъсир қилмайди. Битирувчининг мактабда қайси тилда ўқиганининг фарқи йўқ.

“Қонун доирасида асосий ва фан имтиҳонлари натижалари давлат тили бўйича имтиҳон (тест) натижалари билан бирга берилади. Агар абитуриент давлат тили бўйича тест топширмаган бўлса, унга асосий ва фан имтиҳонлари натижалари берилмайди”, дейилади вазирлик тарқатган маълумотда.

Дарҳақиқат, “Қирғиз Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 17-моддасининг 3-бандида “Умумий таълим ташкилотлари (мактаблар, лицейлар, гимназиялар) қирғиз тилидан мажбурий тарзда ёзма ва оғзаки кўчиш (синфдан синфга), битирув имтиҳонлари, бошланғич, ўрта ва олий касб таълими ташкилотларида эса – кириш ва битирув имтиҳонлари киритилади”, деб кўрсатилган.

Мана шу муносабат билан ўринли савол туғилади. Агар барча тилда ўқиган мактаб битирувчилари учун давлат тилидан имтиҳон топшириш мажбурий бўлса, унда ўрта мактабни ўз она тилида битирган абитуриентлар учун ана шу тилда умумреспублика тестини топширишга рухсат бериш, шунга имконият яратиб бериш вақти келгандир?

Гап шундаки, масалан, мактабни ўзбек тилида битирган ўқувчилар турли фанлардан ўз она тилида имтиҳон топширса, унга қулайроқ бўлади. Чунки бу ерда турли фанларда махсус, илмий иборалар мавжуд бўлиб, улар ўзбек, рус ва қирғиз тилларида турлича ёзилади. Уларни ўқувчи қисқа муддатда бошқа тилда ўзлаштириб олиши қийин. Қирғиз тилидан алоҳида имтиҳон топшириш эса, – албатта мактабда яхши ўқитилган бўлса, – унчалик муаммо туғдирмайди.

Қирғизистонда бугун камида 40 мактабда ўқиш тўла ўзбек тилида олиб борилади, яна ўнлаб мактабларда таълим аралаш: рус, қирғиз ва ўзбек тилларида олиб борилади. Ўн йил аввал ўзбек тилида умумреспублика тестини топшириш бекор қилингач, мактабни она тилида тамомлаган минглаб ўзбек ёшлари олий ўқув юртларига кириш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Бу масалада ўзбек жамоатчилиги фаоллари тинимсиз айтиб келишади, лекин масала ҳал бўлмай келяпти. Айнан шу нарса рўкач қилиниб, кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини рус ёки қирғиз тилида ўқитиладиган синфларга беришяпти. Натижада (албатта, бу ягона сабаб эмас) Қирғизистонда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони кескин қисқариб бормоқда.

Масалан, республика мустақилликка эришган йилларда фақат ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони 300 атрофида бўлган бўлса, ўзбек тилидаги умумреспублика тести бекор қилинган йили (2013) бундай мактаблар сони 91тага тушиб қолган. Шу билан бирга ўшанда 135 аралаш мактабда ўзбек тилида ўқитиладиган синфлар бўлган. Уларда 140 минг бола таълим олган. Бугун эса фақат ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони бўлгани 41та қолди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг