Сўз эркинлиги: Рад қилинган қонун, қамоқдаги журналистлар, ёпилаётган нашр

Қирғизистон расмийларининг сўз эркинлиги борасидаги ҳаракатлари жиддий ташвиш туғдирмоқда.

Мамлакатда тобора кучайиб бораётган босим муҳитида Қирғизистон парламентида умид туғдирувчи ҳодиса содир бўлди. Бугун, 13 февралда Жўғўрқу Кенешнинг Конституциявий қонунчилик, давлат тузилиши, суд-ҳуқуқ масалалари ва регламент бўйича қўмитаси Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонун лойиҳасини рад этдилар. Овозлар тенг бўлиб қолгач, лойиҳа қўллов топмади.

Шу пайт йиғилишда иштирок этмаган депутат Нурланбек Азиғалиев пайдо бўлиб, лойиҳани қайтадан овозга қўйишни сўради. Депутат давлат ишлари билан юргани сабаб йиғилишга келолмай қолганини рўкач қилиб, қайта овоз бериш ташаббуси билан чиқди. Бундан норози бўлган икки депутат – Гуля Қўжўғулова ва Жанар Ақаевлар зални ташлаб чиқиб кетишди.

Мажлис пайтида депутатлар лойиҳани қаттиқ танқид остига олдилар. Жумладан, Қўжўғулова қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган Маданият вазирлиги вакилларини қонунга киритилган ибораларни тушунмасликда айблади. Ақаев эса лойиҳадаги қатор қоидалар сўз эркинлиги борасидаги қатор конституциявий талабларга зид эканини айтди. Шунингдек лойиҳага қарши чиққан уч депутат ҳужжатнинг халқаро меъёрларга ҳам қарама-қарши келишини эътироф этишди.

Танаффусдан кейин кворум бўлмагани сабаб лойиҳа рад этилган ҳисоб бўлиб қолди. Мамлакатда журналистлар ва фаолларга босим кучайиб бораётган бир шароитда бу умидбахш ҳолат бўлди дейиш мумкин. Чунки:

  1. Бишкек туман суди 17 январ куни Temirov Live лойиҳасининг собиқ ва амалдаги ходимларини икки ой тергов изоляторида сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Булар: Махабат Тажибек қизи, Сапар Ақунбеков, Азамат Ишенбеков, Сайпидин Султаналиев, Ақтилек Қапаров, Тинистан Асипбеков, Мақсат Тажибек уулу, Жўўдар Бузумов, Жумабек Турдалиев, Айке Бейшекеева ва Ақил Ўрўзбековлардир.

Уларга Жиноят кодексида кўрсатилган “Ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақирувлар, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка ундаш” айблови билан жиноий иш қўзғатилган. Бу айбловлар исботланган тақдирда ҳибсдагилар 5 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин.

Турли халқаро ташкилотлар ва маҳаллий медиа ташкилотлари расмийлардан уларни озод қилишни талаб қилмоқдалар.

  1. Бишкекнинг Октябр туман суди 9 февраль куни “Клооп Медиа” жамоатчилик фондини тугатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда судга Бишкек шаҳар прокуратураси мурожаат қилган. Маълумки, бу фонд ёшлар орасида оммабоп бўлган “Клооп” интернет-нашрининг таъсисчисидир. Фонд ёпилган ҳолда нашр ҳам ўз фаолиятини тўхтатиши керак.

Нашр расмийларга қарши ортиқча танқидий материаллар беришда, мамлкатдаги вазият борасида фақат нохуш хабарларни бериб, одамларнинг руҳиятига салбий таъсир қилаётганликда айбланмоқда.

“Клооп” нашри раҳбарияти бу қарор юзасидан Бишкек шаҳар судига шикоят қилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Клооп” нашрининг Х ижтимоий тармоғидаги (собиқ Twitter) саҳифасида эълон қилинган.

Суд қарори чиқиши билан мамлакатдаги медиа ташкилотлар ва халқаро уюмлар уни қаттиқ танқид қилиб чиқдилар. Шунинг баробарида улар расмийлардан бу ҳукмни бекор қилиш ва нашрни сақлаб қолишни талаб қилдилар.

Жумладан, “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти ОАВ эркинлиги халқаро коалициясини Қирғизистонда “Клооп Медиа”нинг тугатилишига қарши чора кўришга чақирди.

Бу халқаро коалициясига элликдан ортиқ давлат ва 20 дан ортиқ нодавлат ташкилотлар, жумладан “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам аъзо. Улар ўз ҳудудида сўз эркинлигини сақлаш ва қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олишган. Коалиция дунёда сўз эркинлигини сақлаш чораларини кўради.

«Клооп» 2007 йилдан буён ишлаб келмоқда ва бир қатор шов-шувли суриштирувлари учун халқаро мукофотларга сазовор бўлган. “Клооп”нинг янгиликлари ҳар куни қирғиз ва рус тилларида чоп этилади. Баъзи материаллари инглиз ва ўзбек тилида ҳам нашр этилган.

“Транспаренси Интернейшнл” халқаро ташкилоти олиб борган рейтингнинг 2023 йилги ҳисоботида Қирғизистон 180 та давлат ичида Россия ва Гвинея билан биргаликда 141-ўринни эгаллаган. Ҳисобот муаллифлари Қирғизистоннинг сўнгги тўрт йил ичида фаол фуқаролик жамиятига эга бўлган “демократия оролчаси”дан авторитар давлатга айлангангани иддао қилишади.

Президент Садир Жапаров ўзининг сўнгги интервюларида Қирғизистонда сўз эркинлиги борлигини таъкидлаб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интерентдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг