Бир йил ўтди. Азимжон Асқаровнинг ишини холис тергайдиган мард йўқ…
Қирғизистон расмийлари ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаровнинг ўлими бўйича ҳамон сукут сақламоқдалар
Бугун, 23 июль куни “Human Rights Watch” (Хьюман Райтс Вотч), Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, “Front Line Defenders” (Фронтлайн Дефендерс), “Бир Дуйно – Қирғизистон” ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилотлари биргаликда баёнот қабул қилиб, унда Азимжон Асқаровнинг ўлими сабаблари бўйича холис суриштирув ўтказилмагани яна бир бор қайд этилди.
Роппа-роса бир йил аввал, 25 июлда туҳмат ва уйдирмаларга асосланган айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров 69 ёшида қамоқхонада, ўпканинг икки томонлама яллиғланиши (пневмония) оқибатида вафот этди. Ўн йилдан ортиқ асоссиз қамоқда ўтирган фаолнинг озод қилинишини талаб қилиб, мана шу йиллар давомида ер юзида инсон ҳуқуқларига алоқадор қандайки ташкилот бўлса, ҳаммаси Қирғизистон ҳокимиятига мурожаат қилиб, бу ишда адолат тикланишини қайта-қайта талаб қилишди.
Азимжон Асқаровнинг кутилмаганда вафот этиши сайёрамиздаги бутун инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамжамиятини ларзага солди. Унинг ўлими сабабларини холис текшириб, айбдорларни жазолаш талаблари билан чиқишди. Лекин Қирғизистон расмийлари доимгидай сукутда.
Афсуски, текшириш ишлари бу ўлимда ҳеч кимнинг айби йўқ, деган хулоса билан 2021 йилнинг май ойида тўхтатилди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки тергов манфаатдор тараф, яъни Жазоларни ўташ давлат хизматининг терговчиси томонидан ўтказилди.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг вафотидан ўн кунча аввал унинг адвокати Валерьян Вахитов Асқаровнинг соғлиги ночорлашгани ҳақида бонг уриб, унга жиддий тиббий ёрдам кўрсатилиши зарурлигини айтган, бироқ бу мудхиш ўлимдан бир-икки кун аввал ҳам Жазоларни ўташ хизмати расман ваҳимага ўрин йўқлигини айтиб, ҳуқуқ ҳимоячиларини “ўз баҳоларини оширишга ҳаракат қилишда” айблаган эди. Шундан кейин ҳам бу маҳкаманинг адолатли тергов ўтказишига ишониб бўлармиди? Асқаровнинг оила аъзолари ва ҳамкасблари шу кунгача терговнинг холисона, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ўтказилишини талаб қилиб келмоқдалар.
Жасур ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистон жанубида қирғиз ва ўзбек миллати вакиллари ўртасида юз берган миллий тўқнашувлар чоғида қўлга олинган. Унга миллий низони ва оммавий тартибсизликларни уюштириш, милиция ходимини ўлдиришда иштирок этиш каби айбловлар қўйилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Тергов ва суд жараёнида ҳам унга ва бошқа айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланиб, судда ўзларини ҳимоя қилиши учун шароит тузиб берилмаган. Уларнинг ўзлари, гувоҳлари, ҳатто адвокатлари ҳам ур-тўқмоққа олинган.
Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Қубатбек Байболов Азимжон Асқаровга умрбод қамоқ жазоси берилишини ўша пайтда давлат раҳбари бўлиб турган Роза Отунбаева талаб қилганини айтган. Буни шу кунгача Отунбаева расман инкор қилгани йўқ.
Байболов шуни ҳам таъкидлаб айтган эдики, агар Асқаровга қўйилган айбловлар қонуний йўллар билан исботланган тақдирда ҳам унга умрбод эмас, кўпи билан 15 йил қамоқ жазосини беришлари керак эди.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус қўмитаси 2016 йилнинг мартида Азимжон Асқаровнинг 2010 йилнинг июнида ноқонуний равишда қўлга олингани, ғайриинсоний шароитларда ушлаб турилгани, қийноқларга олингани ва унга нисбатан бешафқат муносабатда бўлинганини қайд этган эди. Шунга кўра БМТ қўмитаси Қирғизистон расмийларидан Асқаровни тез орада озодликка чиқаришни, унга қарши чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, унга тегишли товон тўлаб беришни талаб қилган эди.
Шундан сўнг Асқаровнинг иши Чуй вилояти судида қайта қаралиб, жаҳон ҳамжамияти ва Асқаровнинг адвокатлари келтирган далиллар, гувоҳлар берган кўрсатма ва бошқа исботларга қарамай, умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирилди.
“Бир Дуйно – Қирғизистон” ташкилоти ва адвокат Айдар Сидиқов Азимжон Асқаровнинг ишида адолат тантана қилиши учун лозим бўлган ишлар тўхтатилмаслигини билдирдилар.
Энг олий даражадаги халқаро ҳамжамият вакиллари Азимжон Асқаров оқланиб, унинг оиласига товон тўлаб берилмас экан, бу иш юзасидан чиқарилган ҳукм, фаолнинг ўлими давлат юзига тортилган қора доғ сифатида қолаверишини таъкидлаб келадилар.
Қирғизистон расмийлари бир куни инсофга келиб, йўл қўйилган бу фожиали хатони тан олиб, Азимжон Асқаровнинг иши бўйича адолатли қарор қабул қилишларига умид билдириб қоламиз.
Оқбура, Бишкек